• Бугунги сана: Juma, Iyul 28, 2017

Анвар Намозов: “Сеҳрли қалпоқ”

Ҳар қандай эркак ўз ютуғи билан аёлининг олдида мақтангиси келади. “Кўриб қўй”, — дейди-да! Бу билан қадрини оширмоқчи, устунлигини намойиш этмоқчи ҳам бўлади. Ваҳоланки, хотин кишига ҳар қандай гапни айтишнинг оқибати яхши эмас.

Диёр буни тушунади, бироқ шунга қарамай, бугун лабораториядан олиб келган қалпоқчага тикилиб ўтириб-ўтириб, беихтиёр хотинини чақирди:

— Чаман, қара, нима олиб келдим.

Хотини қалпоққа қараб лабини бурди:

— Ҳм… Мен бирор егулик олиб келибсизми, дебман.

— Сен бунинг нималигини биласанми? Сеҳрли қалпоқ бу! “Сариқ дев”ни ўқиганмисан?

— Ўқиганман, аммо эсимда йўқ. Ҳалиги… Тўхтамурод Азизов ёзганмиди?

— Жиннимисан? Худойберди Тўхтабоев ёзган… Мен шу эртак-китобдаги сеҳрли қалпоқчани яратдим. Буни кийган одам ғойиб бўлади.

— Ғойиб бўлади? Қаёққа?

— Бошқаларнинг кўзига кўринмай қолади, йўқолади. Тушуняпсанми, бу кашфиётнинг қанчалик оламшумуллигини?!

— Бекорларни айтибсиз! Ҳеч замонда одам йўқолиб қоларканми? Милисага айтса, шартта топиб беради.

— Нега ишонмайсан? Ма, ўзинг кийиб кўр!

Чаман чўчиб кетди:

— Вой, нега киярканман? Мен сизга тажриба қуёнчаси бўлдимми, а? Бу қалпоқнинг бир балоси борки, менга кийдирмоқчисиз! Мендан қутулмоқчисиз! Сизга нима ёмонлик қилдим?

Диёр кулиб юборди:

— Эҳ, хотин, хотин!.. Оламшумул мўъжизага биринчи бўлиб гувоҳ бўлаётганингга жон демайсанми? Нимадан қўрқасан? Бошингга кийдингми, кўринмай қоласан. Мазза-ку! Сен ҳаммани кўрасан, сени ҳеч ким кўрмайди.

— Сиз ҳам кўрмайсизми?

— Мен ҳам.

— Қўшнилар ҳамми?

— Ҳамма деяпман-ку! Ма, кийиб кўр!

Чаман қалпоқни қўлига олди. Бошига киймоқчи бўлди, аммо аввал эрини огоҳлантирди:

— Билиб қўйинг, агар алдаётган бўлсангиз, иккала қўлим ёқангизда кетаман-а! Ўртада болаларимиз бор-а!

— Э, қизиқмисан? Сени балога гирифтор қилиб нима зарил менга? — Диёр шундай деб хотинини деворга илинган улкан кўзгу қаршисига олиб келди. — Кўринмай қолганингни билишинг учун ойнага қараб бошингга кийгин.

Чаманнинг барибир юраги чопмади. У гоҳ эрига, гоҳ қўлидаги қалпоққа, гоҳ кўзгуга қарар эди. Бир томондан антиқа кашфиётга қизиқса, иккинчи томондан уни ўзида синаб кўришдан чўчиётган эди. Учинчидан эса, худдики эри Чаманни масхара қилмоқчидек туюлиб ҳам кетди. Ҳозир қалпоқни кийса-ю, ғойиб бўлмаса, Диёр қорнини ушлаб, юмалаб-юмалаб кулади-да! Бошга қалпоқ кийиб кўринмай қолиш фақат эртак ёки кинода бўлади-да!

— Агар киймайдиган бўлсанг бер, — деди қўлини чўзиб эри. — Сен қачон яхши нарсанинг қадрига етгандинг ўзи? Хотиним деб кашфиётимни баҳам кўрмоқчи бўлсам-у…

Чаман қалпоқни бермади, аммо барибир киймай сўради:

— Нега ўзингиз киймаяпсиз?

— Мен минг марта кийиб кўрдим! Энди бошқаларда синаб кўрмоқчиман. Яхшиликни билмайсан… Бер менга!

— Тўхтанг, мана, кийяпман, — Чаман чуқур нафас олди ва кўзларини чирт юмиб, қалпоқни бошига кийди.

— О, зўр! — бақириб юборди эри. — Шов-шувли кашфиёт, хотин! Менга “Нобель” беришади, тушуняпсанми, “Нобель”!

Чаман секин кўзларини очиб, эрига қаради. Диёр шундоққина ёнида турар, қувонганидан ирғишлашга ҳам тайёр эди у.

— Ҳеч нарса ўзгармади-ку! — ҳайрон бўлди Чаман.

— Сен ойнага қара, Чаман!

Чаман кўзгуга боқиб, уй анжомлари ва эрининг аксини кўрди, холос. Ростдан ҳам Чаманнинг ўзи кўринмайди, мутлақо кўринмайди. Аввалига қўрқиб кетди. Бироз эсанкиради. Кейин ҳаяжонини босиб олди.

— Вой, кўринмаяпман, — кулиб юборди у. — Алдамабсиз, дадаси. Вой, бунча зўр!

— Жойингдан жилма, — деди Диёр. — Узоққа кетиб қолма. Ойнага яқинлашиб “ҳуҳ” десанг, парланади. Янаям ишонч ҳосил қиласан.

Чаман худди шундай қилган эди, кўзгу хиралашиб, бироздан сўнг тиниқлашди.

— Вой, дадаси, буни қандай яратдингиз? — завқланиб кетди Чаман. — Мўъжизанинг ўзгинаси-ку! Қизиқ-а, ҳеч ким кўрмаса?

— Эҳ, хотин, саккиз йиллик меҳнатим бу! Биров ғоямни ўғирламасин деб ҳеч кимга билдирмадим, ҳатто шогирдларга айтганим йўқ. Ультрабинафша нурларни биласан-а, қалпоқни кийганда шу нурнинг тўлиқ аксланиши рўй беради. Яъни, қалпоқ гамма нурлари билан тўйиниб…

— Энди қандай пайдо бўламан? — сўради Чаман.

Диёр кулди:

— Каллангни ишлат-чи!

— Билмайман. Айтинг.

— Қўйсанг-чи! “Сариқ дев”ни ўқиганман дединг, эслаб кўр.

Чаман йиғламсираб бошлади:

— Эсимда йўқ, дедим-ку! Айтинг. Нега индамайсиз? Мени кўринадиган қилиб беринг. Икки қўлим ёқангизда кетади, дедим-а! Мени топиб беринг.

— Э, анқов, — ўшқирди Диёр. — Қалпоқни ечсанг кўринасан-да! Шу оддий амалгаям ақлинг етмайдими?

Чаман қалпоқни ечган эди, ойнада ўзининг аксини кўрди.

— Хайрият-ей! — деди хотиржам бўлиб. — Қайтиб келмайманми деб қўрқувдим.

Чаман бир неча марта сеҳрли қалпоқни бошига кийиб-ечиб кўрди. Шунга сари кашфиёт тобора ёқаверди. Эрининг энтикиб гапираётгани қулоғига кирмас, бош кийимнинг мўъжазлиги ақлини шошириб қўйган эди унинг.

— Дадаси, агар кўчага кийиб чиқсам ҳам мени ҳеч ким кўрмайдими?

— Ҳеч ким.

— Гавҳар овсинимнинг уйига борсам ҳам кўришмайдими?

— Телескопи бўлсаям кўрмайди.

— Менга ўн дақиқага бериб туринг. Қўшнининг уйига ўтиб келай.

— Гапни кўпайтирма. Қўшниникида пишириб қўйгани йўқ.

— Илтимос. Нимани гаплашишаётган экан, деб қизиқяпман-да! Бера қолинг.

— Бировларнинг гапини яширинча эшитиш одобдан эмас!

— Бермайсизми? Агар кўнмасангиз, шундоқ бошимга кияман-у кўринмайгина чиқиб кетаман. Кейин топиб бўпсиз!

Диёр қўлини чўзди:

— Ҳазиллашма, хотин! Бу ўйинчоқ эмас. Бер, бе…

Чаман қалпоқни бошига кийиб, ғойиб бўлиб улгурган эди. Бунинг устига у пишиқлик қилиб овозини ҳам чиқармади.

Диёр чиқиш эшиги олдида туриб олди:

— Хотин, ҳазиллашма, дедим. Таъзирингни бераман лекин. Қаердасан, ҳой? Чаман!

— Бу ердаман, — хотини унинг ёнидан товуш чиқарди.

Диёр қўлларини чўзиб, Чаманни топа олмади. Хотини лип этиб бошқа томонга ўтган эди. Диёрнинг жаҳли чиқди, аммо сездирмади, тиржайган кўйи хотинини излаган бўлди. Акс ҳолда Чамандан ҳар балони кутиш мумкин-да!

Чаман ичкари хонага кирди-да, ўша жойдан эрига овоз берди. Диёр ҳавони пайпаслаб кирганида лип этиб даҳлизга чиқди. Катта эшикни очиб, деди:

— Мен ҳозир келаман, дадаси.

— Ҳой, тўхта, Чаман, Чаманжон! Онангни… ҳурмат қилай… Тўхта!..

Кўчага чиққан Чаман ён-верига қаради-да, пистафуруш Салима холанинг олдига йўл олди. Бу аёлнинг ёнида доимо бошқа хотинлар ўтирган бўлади. Бориб гапларига қулоқ солиб турди. Ҳаял ўтмай “Чаман, ҳазиллашма, қаердасан?” деб юрган Диёрга кўзи тушди. Бечора эри ҳаллослаганча ўтиб кетди.

— Шу олимлар сал анақароқ бўлишади-я? — деб кулди Салима хола. — Қаранг, хотинини кўчадан излаб юрибди. Уйингдан изла, барака топкур!

Эрининг ортидан эргашган Чаман тўхтаб уларга ўгирилди.

Замира опа эснаб деди:

— Ҳа, энди хотини питбилдиқ бўлгандан кейин излаб юради-да, ўргилай!

— Ким питбилдиқ? — деди Чаман ўзининг кўринмаётгани эсидан чиқиб.

Салима хола чўчиб тушди:

— Вой, Чаман гапирдими?

Замира опа ён-атрофга аланглади:

— Товуши чиққандай бўлди. Ё қулоғимизга эшитилдими?

Чаман яқинлашиб, уларнинг тепасида қаққайиб турди.

— Баъзан шундай бўлади, — деди Роҳатой. — Реинкарнация дейилади. Биров гапиргандек, бақрайиб тургандек бўлади. Эътибор қилманглар.

— Кеча эшитдиларингми? — гап бошлади Замира опа. — Марғубаникида бўлди жанжал, бўлди жанжал! Кўрасизлар, бугун кўчага чиқмайди. Эри кўзини кўкартириб урди-ёв ўзиям.

— Баттар бўлсин, — деди Роҳатой. — Икки кун олдин дазмол сўраганимда бермаганди. Мана, эридан қайтибди. Одам деган хасис бўлмайди. Кейин Чамандан олдим. Уям қовоқ-тумшуқ қилиб берди.

“Вой, ёлғончи, — деди ичида Чаман. — Сенга яхшилик ҳайф экан ўзи!”

— Ўзингизнинг дазмолингиз-чи, ўргилай? — сўради Замира опа.

— Меникини… мана шу Чаман куйдириб қўйган-да! Лекин тан олмайди.

Чаманнинг тепа сочи тикка бўлди: “Вой, муттаҳам, аблаҳ! Шунчалик ҳам ёлғон гапирасанми?”

— Ассалому алайкум, Марғубахон, — қўлини кўксига қўйди Роҳатой. — Яхшимисиз, қўшнижон?

Чаман ортига ўгирилиб, Марғубага кўзи тушди.

— Кеча уйингизда тўполон бўлди, шекилли?

— Қанақа тўполон? Эрим телевизорни бақиртириб қўяди, шуни эшитгандирсиз, қўшни!.. Чаманни ҳеч ким кўрмадими, эри излаб юрибди?

Замира хола, Салима опа ва Роҳатой бир-бирларига қараб олишди.

— Наҳотки бошқа эр топиб, қочиб кетган бўлса? — деб юборди Салима опа.

— Кейинги вақтларда қадам қўйиши бежо бўлиб қолувди, — тахминни бойитди Роҳатой.

Чаманнинг шунақанги жаҳли чиқдики, Роҳатойни итариб юборганини ўзи ҳам билмай қолди. Томоша бўлди ўзиям. Роҳатой иккала аёлга урилиб, ўмбалоқ ошиб тушишди.

Бу ёқда эса Диёр янада жиғибийрон бўлган эди. Хотинини қидирмаган жойи қолмади. Дуч келган одамдан ҳам сўради, дуч келмагандан ҳам. Аслида қидирганининг ўзи ғалати: кўринмай қолган хотинни топиб бўларканми?

Уйга ҳориб-чарчаб қайтди. Қизи Чарос дугонасиникидан келган экан. Отасини бу алфозда кўриб ҳайрон бўлди:

— Ҳа, нима гап? Нега рангингиз ўчган, дада? Ойим қани?

— Келмадими? — Диёр шундай деб хоналарни бирма-бир айланиб чиқди: — Чаман, тўғрисини айт, уйдамисан? Агар алдаётган бўлсанг, кейин кўзингга кўрсатаман, билиб қўй.

Отасининг ён-атрофига аланг-жаланг қараётганини кўрган Чарос йиғлаб юборди:

— Дада-а-а-а, қўрқитма-а-а-н-г.

Диёр ўтириб мулоҳазага берилди: Чаман қаёққа кетган бўлиши мумкин? Наҳотки Диёрдан безиб қолган бўлса? Ҳа, шундай бўлган. Диёр билиб-билмай зулм ўтказган эканки, сеҳрли қалпоқни кийиб жуфтакни ростлади. Қаёқдан ҳам шу қалпоқни олиб келди-я?.. Энди нима бўлади? Хотинсиз қандай яшайди?

Дастлаб Диёр “хотиним қалпоқни олиб кетди”, деб ўтирган эди, энди эса Чаманни нечукдир соғиниб, “қалпоқ хотинимни олиб кетди”, дея сиқилди.

“Қаёққа кетган бўлиши мумкин? — деди ўзига-ўзи Диёр. — Онасининг уйигамикан? Шошма, аёллар зарга ўч бўлади, бирорта тилла магазинни ўмариб ётган бўлса-я?”

— Нега гапирма йсиз? — инжиқсиради Чарос. — Ойим қаерда?

— А? Ҳа… Сен бувингга телефон қил-чи, балки ўша ёққа кетгандир?

Диёр кўчага чиқиб, яна хотинини чақириб кўрди. Кўнгли баттар хуфтон бўлиб уйга қайтди. Аттанг, шу қалпоққа битта датчик қўймаган экан-да! Қаерда бўлса, сигнал бериб турарди. Умуман айтганда, гап қалпоқда эмас, унинг остидаги одамда! Мана қоронғи тушсаям Чамандан хабар йўқ…

Қайнона ваҳима билан кириб келди. “Сиз бир бало дегансизки, қизим уйдан чиқиб кетган”, — деб Диёрни қистовга олди. Қандай жавоб бериш мумкин? “Сеҳрли қалпоқ олиб келгандим, шуни кийиб қочди”, — деса ишонармиди кампир? Ишонгани билан “Нега қизимга ҳар балони кийдирасиз?” — деб еб қўяди.

— Мен ҳеч нима деганим йўқ, ўзидан-ўзи чиқиб кетди, — тушунтирди Диёр.

— Бу нима деганингиз? — қўлини белига тиради қайнона. — Қизингиз жинни, ўзидан-ўзи чиқиб кетаверади, демоқчимисиз? Топиб беринг қизимни! Топинг, нега анқайиб ўтирибсиз?

Қайнона ваҳимани заррача камайтирмай, уйдагиларига қўнғироқ қилди, йиғлади, зорланди.

Бироздан сўнг қайнота ва қайноғалар ҳам кириб келишди. Диёр билан “аттестация” бўлди. Кейин эса “Қидирилмоқда!” деган сарлавҳа остида Чаманнинг бўй-басти, кўринишини ёзиб чиқишди.

Милицияга чиқиб кетишмоқчи эди, эшик қўнғироғи жиринглади. Диёр сакраб бориб эшикни очди. Ташқарида ҳеч ким йўқ эди! Аммо Диёр эшикни ёпишидан олдин хотинининг нафасини сезди.

— Келдингми, Чаман? — деди шивирлаб. — Қаерларда юрибсан?

— Келдим, — овози чиқди Чаманнинг. — Анови ғийбатчиларнинг таъзирини бердим, дадаси! Эртага кўрасиз, ҳаммасининг лабига учуқ босиб, кўзлари олайиб қолган бўлади. Яхши-да, иккинчи ғийбат қилмайдиган бўлишди.

— Қалпоқни еч, — деди Диёр. — Мен сенга учуқни кўрсатиб қўяман. Шунақанги таъзирингни берайки…

Чаманнинг овози нарироқдан келди — у орқага тисарилган эди:

— Шунақами? Унда ечиб бўпман! Мен ҳам бир таъзирингизни берай.

— Бўлди, хотин, ҳаддингдан ошма. Ўзи таъзиримни еб ўтирибман. Онанг, отанг, акаларинг келишган. Сени исковуч ит билан қидиришмоқчи.

— Вой, нега? — қалпоқни ечган Чаман ниҳоят кўринди. — Ярим соатга чиқдим-ку!

Диёр чиройли оҳангда унга мурожаат қилди:

— Хотинжон, қалпоқни бера қол, бергин.

— Вой, мана-ку қизингиз, отаси, — деди ичкаридан чиққан қайнона. — Қаерларда юрибсан?

Қайнота, қайноғалар отилиб чиқишди…

Орадан икки кун ўтгач, Диёр сеҳрли қалпоққа датчик ўрнатиш устидаги ишларни бошлаб юборди.

Анвар Намозов

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>