• Бугунги сана: Dushanba, Sentabr 25, 2017

Аллоҳ, Амриқонинг ақлини киритиб қўй!

Фаластиннинг ССЖИдаги элчихонаси пойтахт марказида, унча катта бўлмаган бинода жойлашган. Мен фавқулодда элчи Саид Абу Умар билан учрашиб, унга бир неча савол билан мурожаат қилдим.

— Ўртоқ Умар, чет эл матбуотида Фаластиндаги Абул Аббос ва Абу Нидол гуруҳлари АҚШ ва Буюк Британия ваколатхоналарига қарши террористик актлар сериясини бошлашгани тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлди. Сиз бундай баёнотни қандай шарҳлардингиз?

— Фаластиндаги Озодлик ташкилоти (ФОТ) ер шарининг ҳар қандай бурчагида, террористик акцияларнинг ҳар қандай кўринишига қарши чиқиб келган. Аммо ҳозир уруш кетаяпти, демакки, ҳамма нарсани кутиш мумкин. Ана шунинг учун ҳам биз, фаластинликлар Форс кўрфазидаги ҳарбий зиддият иложи борича тезроқ тугаши тарафдоримиз. Тинч яшашга ҳар бир халқнинг ҳаққи бор. Ваҳшийларча ташланаётган бомбалар остида қолган Ироқ ва Қувайтдаги тинч аҳолининг тақдири ҳаддан зиёд хавотирга солиб турибди.

Бизнинг нуқтаи назар қуйидагича. Зиддият энди бошланган чоғлардаёқ ФОТ тинчлик ташаббуси билан чиққан ва Ироқ билан Қувайт ўртасидаги қарама-қаршилик араб дунёси доирасида, чет давлатларнинг қўшилувисиз ҳал қилиниши лозим деб айтганди. Бундай ғарб ёрдами, айниқса, АҚШ “воситачилиги” қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ким-ким, биз фаластинликлар ўз тажрибамиздан жуда яхши биламиз. Аминманки, бу сафар ҳам урушга йўл қўймаслик учун барча воситалар ишга солинмади.

— Саддам Ҳусайн ўз баёнотларида бир неча марта араб, жумладан, Фаластин халқи манфаатлари учун курашаётганини айтди. Ироқ раҳбари Фаластиннинг қандай манфаатларини ҳимоя этаётир?

— 1900 йилнинг августидан бери ўтган ярим йил бўлаётган воқеалар юзасидан маълум фикрга келиш учун етарли муддат. Турган гапки, аксарият Яқин Шарқнинг барча муаммосини тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори. Шунингдек, кўриниб турибдики, АҚШ мақсади Қувайтни озод қилиш эмас, у музофотдаги нефть бойликларига якка ўзи эгалик қилиш учун урушаяпти. АҚШ ироқнинг иқтисодий ва ҳарбий кучига болта уриб, уни Яқин Шарқ халқлари тақдирини ҳал қилишда қатнашишдан маҳрум этмоқчи.

Ўнлаб йиллар давомида Амриқо Исроилга ҳарбий ва сиёсий ёрдам кўрсатиб келди. Бугун эса араблар ва фаластинликлар Ироқ тимсолида АҚШ ва Исроилга қарши тура олувчи кучли давлатни кўрмоқдалар. Ўйлайманки, Ироқ ва унинг араб дунёсидаги обрў-эътибори Яқин Шарқдаги барча муаммолар, жумладан, Фаластин масаласини адолат билан ҳал этиш учун кучлар мутаносиблигини таъминлайди.

Мана нима учун биз Ироқ томонига ўтдик ва уруш тезроқ тугашини истаймиз.

С.Иванов,

(“КП”нинг 1990 йил 25 январ сонидан)

_________________________________________

“Ё.л.” газетаси, 15 (13701)-сон,

1991 йил 26 январь

Tafsilot.uz изоҳи:

Бундан 26 йил муқаддам чоп этилган мақола бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Унда баён этилган фикрлар ҳали-ҳамон долзарб бўлиб, Яқин Шарқда шу кеча-кундузда содир бўлаётган воқеаларнинг туб моҳиятини, гегемон давлатларнинг бундан чорак аср аввалги мақсад-иддаолари ўзгармаганини, аксинча, кундан-кунга авж олиб бораётганини, Форс кўрфазида узоқ йиллардан буён ҳукм сураётган нотинчликдан кимлар манфаатдор эканини англашимизга қайсидир маънода ёрдам беради.


Сайтимизда чоп этилган бошқа инфографика ва мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>