• Бугунги сана: Dushanba, Noyabr 20, 2017

Амир Темур ва Озарбайжон

Озарбайжонлик таниқли тарихчи Сабуҳ Аҳмедовнинг қисқартирилган тарзда тақдим этилаётган «Амир Темурнинг Озарбайжон тарихи ва маданиятидаги ўрни» сарлавҳали мақоласида соҳибқирон бобомиз Амир Темурнинг Озарбайжон тарихида тутган ўрни, шунингдек, Озарбайжон маданиятида буюк Амир Темур образининг инъикоси хусусида сўз боради.

Шўролар даври озарбайжон тарихшунослигида Амир Темур шахсини Озарбайжонга юриш қилган, кўплаб моҳир усталарни ўзининг улкан салтанатидаги Самарқанд каби шаҳарларга асир сифатида олиб кетган золим босқинчи сифатида талқин қилиш анъанаси устуворлик қилган.
Фақат Озарбайжон мустақилликка эришган 1991 йилдан кейингина тарихий воқеликни ҳаққоний ёритиш имконияти пайдо бўлди.

XIV асрнинг иккинчи ярмида тарихий Озарбайжон ҳудуди жалоирийлар ҳукмронлигидаги мўғул давлати таркибида бўлган. Озарбайжоннинг шимоли-шарқий вилоятлари, хусусан Ширвон вилоятида ширвоншоҳлар давлати мавжуд бўлиб, жалоирийларга тобе эди.  Маҳаллий аҳолининг ўнлаб қўзғолонлари ваҳшийларча бостирилган, мустақилликка бўлган барча уринишларга мўғул қўшинлари томонидан барҳам берилган.

Амир Темурнинг 1385 – 1395-йиллардаги юришлари, жалоирийларга қарши олиб борган урушлари, албатта, озарбайжон шаҳарларининг иқтисодиётига улкан талофат етказди, аммо улар бундан кўпроқ нарсани олиб келди – жалоирийлар давлатига қақшатқич зарба берилди ва бу мустақил озарбайжон давлатининг ташкил топиш жараёнини тезлаштириб юборди. Шу тариқа Амир Темур Озарбайжон ҳудудининг мўғул давлатидан озод бўлишига улкан ҳисса қўшди.

Амир Темурнинг ширвоншоҳлар давлатига муносабати ҳам эътиборга молик. Пойтахти Шамаҳи шаҳри бўлган озарбайжонларнинг мазкур давлатига XIV аср охири – XV аср бошларида мураккаб шахс, Озарбайжон тарихида улкан рол ўйнаган Иброҳим I ҳукмдорлик қилган.

Узоқ йиллар мобайнида вайрон қилувчи ва босқинчи сифатида талқин қилинган Амир Темур ширвоншоҳлар давлатига барҳам бериши ва Ширвон шаҳрини юр юзидан сидириб ташлаши мумкин эди. Бироқ у Иброҳим Iнинг минтақа иқтисоди ва маданиятини тиклашга қаратилган тадбирларини қўллаб-қувватлади.  Иброҳим I Озарбайжон тарихидан одил ва оқил ҳукмдор сифатида ўрин олди. «Куч адолатда» шиорини маънавий-ахлоқий мезон санаган Амир Темур шу боис ҳам ширвоншоҳ Иброҳим I ва унинг бунёдкор сиёсатига ҳомийлик қилмадимикан?

Мўғуллар давридан фарқли равишда, Амир Темур юришлари Озарбайжон иқтисодий аҳволига ижобий таъсир кўрсатди. Ўша давр иқтисодий тараққиётини қуйидагилар билан изоҳлаш мумкин.

Биринчидан, «дунё савдо аҳли ила обод бўлажак» тамойилига таянган Амир Темурнинг ўз юришларидан кўзлаган мақсади ягона савдо-иқтисодий ҳудуд яратиш, савдо йўллари хавфсизлигини таъминлаш, ҳунармандчилик ва тижоратни ривожлантиришдан иборат бўлган.

Унинг Озарбайжонга қилган юришларида ХIII асрдаги мўғул босқинидаги каби  шафқатсизлик ва вайронкорлик  ҳолатлари кузатилмайди. Ўрта асрлардаги Озарбайжон шаҳарларида олиб борилган археологик тадқиқотларда ХIII аср бошларига тегишли қатламлар вайроналар, қурол-аслаҳа қолдиқлари, ёнғинлар асоратини кўрсатса, ХV аср бошларига тегишли қатламда катта миқдорда ҳунармандчиликка оид буюмлар, амалий-декоратив санъат намнулари, темурийлар давлатига оид тангалар топилгани ҳам шундан далолат беради.

Иккинчидан, Амир Темур томонидан Тўхтамишхон қўшинининг яксон қилиниши, шу аснода Олтин Ўрда шаҳарлари нуфузининг пасайиши савдо йўлларининг жанубга, яъни Озарбайжонга туташувига олиб келди. Хитойдан Самарқанд орқали Европага элтувчи Буюк ипак йўлининг жанубий йўналиши яна озарбайжон еридан, биринчи навбатда Табриздан ўтадиган бўлди.  Бу Табриз шаҳрининг қисқа муддатда гуркираб ривожланиши ва ХV асрдаги Шарқнинг энг йирик шаҳарларидан бирига айланишидаги асосий омил саналади.

Учинчидан, Амир Темур ўзаро урушларга барҳам бериш ва марказлашган давлат барпо этишга бел боғлаган маҳаллий ҳукмдорларни қўллаб-қувватлаган. Бунга юқорида айтиб ўтганимиз, ширвоншоҳ шайх Иброҳим I ни қўллаб-қувватлагани ҳам мисол бўла олади.

Тўртинчидан, Амир Темур Озарбайжонда ўзининг бунёдкорлик ишлари билан ҳам машҳур. Хусусан, Амир Темурга юришларида йўлдош бўлган таниқли ўрта аср тарихчиси Шарафиддин Яздийнинг «Зафарнома» асарида келтирилишича, соҳибқирон амри билан Байлақон шаҳри қайта тикланган. Озарбайжоннинг бу шаҳри ўз вақтида Субутой баҳодир ва Жебе нўён бошчилигидаги мўғул қўшинига шиддатли қаршилик кўрсатган ва шу сабабли буткул вайрон қилинган. Муаррихнинг қайд этишича, шаҳарни қайта тиклаш учун аввало унинг лойиҳаси ишлаб чиқилган, унда қурилажак 4 бозор, ҳаммом, карвонсарой, майдонлар, боғлар ва уй-жойлар белгилаб олинган. Ташқи девор узунлиги 2400 чўзим (чўзим – тахм. 0,5 метрга тенг қадимги ўлчов бирлиги), эни 11, баландлиги 15 чўзим бўлган. Девор бурчакларида қўрғонлар, ўртасида шинак ва мерлионлар, шунингдек, манжаниқ ўрнатиш учун жой ҳам бўлган. Шаҳар атрофи эни 30, чуқурлиги 20 чўзим бўлган ҳандақ билан ўралган.

Озарбайжон археологларининг Байлақон экспедицияси давомида Амир Темур буйруғи билан тикланган иншоотларни аниқлашга мушарраф бўлинган. Археологик адабиётларда бу иншоотлар Байлақон шаҳрининг «Темурга оид қисми» дея ном олган. Шундай қилиб, Амир Темур Озарбайжоннинг ХV асрдаги иқтисодий тараққиётида муҳим рол ўйнаган.

Соҳибқироннинг юришлари натижасида XII асрга қадар юксак даражада бўлган, аммо мўғил истилоси сабаб сусайиб кетган Озарбайжон ва Ўзбекистон шаҳарлари орасидаги маданий алоқалар қайта тикланди.
Бу айниқса бугунги кунимизга қадар сақланиб қолган меъморий обидаларда яққол намоён бўлади. Уларда меъморчилик санъатидаги ғоя ва йўналишларнинг ўзаро сингишиб, қўшилиб кетганига гувоҳ бўламиз. Тадқиқотчи С.Судаков Шаҳрисабздаги Оқсаройнинг ғарбий қисмидаги 2-аркининг катта гул устунидаги сирланган кошинкор қопламада «Муҳаммад Юсуф Табризий иши» деган ёзув икки жойда туширилганини аниқлаган. Муаррих Шарафиддин Яздий Бибихоним масжиди қурилишида  озарбайжонлик усталар ҳам ишлаганини кўрсатиб ўтган. Озарбайжондан Ўрта Осиёнинг жанубий-шарқига Мовароуннаҳр учун ноанъанавий бўлган конуссимон чодирлар кириб келганига Бухородаги Чашмаи Аюб, Ҳазрати Имом мақбаралари, Шаҳрисабздаги Дорус-саодат ёдгорликлари мисол бўлади. Ўз навбатида, меъморчиликдаги бино сиртига қат-қат бурмали (гофрировка) қилиб ишлов бериш Озарбайжонга Хоразм (шу ерда ихтиро қилинган) – Хуросон – Озарбайжон – Кичик Осиё йўналиши билан кириб борди.

Ўрта Осиё меъморчилиги ва санъати бўйича тадқиқот олиб борган Галина Пугаченкованинг фикрича, XIV асрнинг биринчи ярмида Озарбайжондаги иншоотлар декорацияси Хоразм ва Мовароуннаҳр иншоотларидан фарқ қилган. Аммо, XIV асрнинг иккинчи ярмига келиб Самарқанд ва Табриз кошоналари декорацияси услубларнинг уйғунлашиб кетгани боис уларни фарқлаш қийин бўлиб қолган.

Бунда шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, бу устувор қоидага айланган эталонларни такрорлашдангина иборат жараён эмас, балки янгиланган бадиий образлар негизида яралган ижод намуналаридир.
Амир Темурнинг фармони билан туркий оламнинг буюк мутасаввуф олими Аҳмад Яссавий мақбараси учун биринж(бронза)дан улкан дошқозон қуйилган.  Ушбу дошқозон ҳижрий 801 (мелодий 1399) йилда озарбайжонлик уста Абдулазиз ибн Шарафиддин Табризий ва унинг шогирдлари томонидан тайёрланган. Вазни 2000 кг, диаметри 2,45 метр бўлган ушбу қозон Эрмитажда сақланмоқда ва дунёдаги энг катта қозонлардан бири саналади.

(1935 йилда Совет Иттифоқида Эрон санъати кунлари ўтказилиши муносабати билан дошқозон Эрмитаж музейига олиб кетилади ва шу бўйи қайтарилмайди. Туркистонликларнинг қайта-қайта мурожаатлари, фидокорона саъй-ҳаракатлари натижасида 1989 йил 4 июлда СССР маданият ишлари министрининг дошқозонни Туркистонга қайтариш ҳақидаги 283-буйруғи эълон қилинади. 54 йил деганда қозон жойига қайтарилди – таржимон).

Ҳазрат Аҳмад Яссавийнинг мақбарасидаги қабр тоши ҳам табризлик усталар томонидан, тўқ-яшил табриз мармаридан тайёрланган.

Шу ўринда ўзбек илоҳиётчиси ва шоири Аҳмад Яссавий (1105–1166) ижоди Озарбайжон фалсафий тафаккури ривожига ҳам жуда катта таъсир кўрсатгани, яссавия тариқатининг нуфузи нафақат ўша даврда, ундан кейинги даврларда ҳам улкан аҳамият касб этганини айтиб ўтиш жоиз.

Озарбайжон ва ўзбек халқининг маданий алоқалари Амир Темур ва унинг авлодлари замонасида ҳам давом этгани адабиёт ва мусиқа соҳасида ҳам ўзини намоён этади. Бунга жуда кўп мисоллар келтириш мумкин. Жумладан, XII аср озарбайжон адабиётининг йирик вакили, туркий адабиётнинг улуғ шоири Низомий Ганжавийнинг «Хусрав ва Ширин» достонини ўзбек туркчасига ўгирган ўзбек шоири Қутб (Хоразм фарзанди) «Низомий болидан ҳолво пиширдим» деган бўлса, яна бир ўзбек шоири Ҳайдар Хоразмий Низомийнинг «Сирлар хазинаси» («Махзан ул-асрор»)ни таржима қилган.

(Ҳайдар Хоразмий Низомий Ганжавийнинг «Маҳзан ул-асрор» асарига «Гулшан ул-асрор» номи билан туркий тилда жавоб ёзиб (1409–1414), темурий Султон Искандарга бағишлаган. Шеърият мулкининг султони бўлган Алишер Навоий Низомийнинг «Хамса»си – «Панж ганж»дан илҳомланиб ўзининг беш буюк достонини яратган. Огаҳий XIX асрда «Ҳафт пайкар»ни таржима қилган.

Алишер Навоий асарлари ўзи ҳаёт вақтидаёқ Озарбайжон шоирлари ўртасида машҳур бўлган. Айниқса, Кишварий ва Фузулий Алишер Навоийни ўзларининг буюк устозлари деб билганлар. Алишер Навоий «Мажолис ун-нафоис», «Муҳокамат ул-луғатайн» асарларида Низомий, Хоқоний билан бирга Шайх Ширвоний, Абу Аббос Сухравардий, Абу Абдуллоҳ Хоқоний Сўфий, Шайх Табризий, Қосим Анварий сингари озарбайжон шоир ва олимларининг номларини ҳам ҳурмат билан тилга олади.

Озарбайжон шоири Муҳаммад Фузулий ўзбек халқининг энг севимли шоирлардан бири саналади. Фузулийнинг асарлари, айниқса, унинг «Лайли ва Мажнун» достони XVII асрдан бошлаб Туркистон мадрасаларида қўлланма вазифасини ўтаган. Фузулийнинг асарлари Ўзбекистонда бир неча марта босилиб чиққан. Низомийнинг «Гулдаста», Фузулийнинг икки жилдли танланган асарлари ва бошқа кўплаб дурдона асарлари ўзбек тилида нашр этилган – таржимон).

Озарбайжоннинг Мароғ шаҳридан бўлган мусиқашунос Абдулқодир Мароғий (1353-1435) мақом йўналишида бир қатор рисолалар ёзган. У Амир Темур таклифи билан Самарқандга келган ва соҳибқирон саройида ижод қилган.

Ўзбек халқи узоқ йиллар ўзининг буюк аждодлари билан фахрланишдан маҳрум қилинган эди. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, вазият тубдан ўзгарди: соҳибқирон Амир Темур ҳар бир ўзбек учун ватан ва миллат тимсолига айланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек, «Амир Темур шахсини идрок этиш – тарихни идрок этиш демакдир. Амир Темурни англаш – ўзлигимизни англаш демакдир. Амир Темурни улуғлаш – тарих қаърига чуқур илдиз отган томирларимизга, маданиятимизга, қудратимизга асосланиб, буюк келажагимизни, ишончимизни мустаҳкамлаш демакдир». Ушбу ҳаққоний сўзлар нафақат Ўзбекистонга, балки Озарбайжонга ҳам дахлдордир. Ўзликни англаш, ўзининг илдизларини англаш туркийлар тарихидаги буюк шахсларни англаш орқали юз берди.

 ХХ аср бошларида Озарбайжон миллий озодлик ҳаракати намояндалари Мамед Эмин Расулзода (1884-1955), Алибек Ҳусайнзода (1864-1940), Аҳмедбек Агаев (1869-1939)ларнинг ижодида Амир Темур сиймоси туркий олам буюклиги рамзи сифатида янгича қиёфа касб этди. Мустақил Озарбайжон Республикаси мавжуд бўлган (1918 – 1920-йиллар) даврда Амир Темур образига алоҳида эътибор қаратилди.

Шуни ҳам айтиш керакки, ўзбек халқининг буюк фарзанди нафақат олимлар, тарихчи ва шарқшунослар, шу билан бирга маданият намояндалари – мусаввирлар, ёзувчилар, шоирлар, драматург ва режиссёрлар эътиборини тортган ва ҳамон тортмоқда.

Россия империяси даврида Амир Темур шахсини бешафқат истилочи сифатида талқин қилиш анъанаси устувор эди. Айнан ўша йилларда олимлар жаҳоннинг энг буюк саркардаларидан бирини «Темурланг», «Оқсоқ Темур», «Темир оқсоқ» каби камситувчи номлар билан атай бошлагани бежиз эмас.

1916 йилда озарбайжон шоири, ёзувчи, драматург, публицист ва жамоат арбоби Мамед Саид Ордубадий (1872-1950) «Темур ва Йилдирим Боязид» асарини ёзди. Шубҳасиз, бу сценарий учун тайёргарлик иши эди. Асарда Амир Темур туркий оламни бирлаштиришга ҳаракат қилган  нуфузли шахс, ижобий образ сифатида талқин қилинган. Бироқ, мавжуд сиёсий воқелик Ордубадийга драма устида ишлашга имкон бермаган.

Амур Темур шахсига қора чапланган шўро ҳукмронлиги йилларида драмани саҳналаштиришга, ҳатто чоп этишга рухсат берилмайди.   Шунга қарамай, унинг қўлёзмаси сақланиб қолган ва ҳозир Фузулий номидаги Озарбайжон Фанлар академияси қўлёзмалар институтида сақланмоқда.

Мустақил Озарбайжон Республикаси мавжуд бўлган (1918 – 1920-йиллар) даврда Амир Темур образи туркий олам буюклиги рамзи сифатида тарғиб қилинган ва ҳатто бу республиканинг миллий рамзларида ҳам ўз ифодасини топган. Мисол учун, 1919 йилда ҳарбий вазир Самадбек Меҳмандаровнинг Озарбайжон армияси ҳарбий қисмларининг жанговор байроғи ҳақидаги буйруғи чиқарилган. Унда байроқнинг юқори уч қисми туркий оламнинг машҳур саркардаси Амир Темур шарафига унинг найзаси шаклида бўлиши, шунингдек, байроқ матосидаги нақшлардан бири Амир Темур мақбараси нақшлари кўринишида бўлиши кераклиги алоҳида белгиланган. Афсуски, 1920 йилда шўро Россияси томонидан Озарбайжонни оккупация қилиши билан мазкур рамзларга ҳам барҳам берилган.

Таниқли озарбайжон шоири, драматург ва жамоат арбоби Ҳусайн Жовид (1882-1941) ҳам Амир Темур образига мурожаат қилган. У 1920-йиллардаёқ Ўзбекистонда танилиб улгурган. 1920 йилда Тошкентда Ҳусайн Жовиднинг «Иблис» драмаси премьераси Ўзбек давлат труппаси томонидан озарбайжон тилида  саҳналаштирилди. Кейинроқ, 1923 йилда драма ўзбек тилига таржима қилинди.

Ҳусайн Жовид Амир Темур образини ёритишда жуда катта қийинчиликларга дуч келади. Юқорида таъкидлаганимиздек, Совет иттифоқида Амир Темур зулмкор босқинчи сифатида талқин этилган. Мана шундай бир шароитда соҳибқирон образини ҳаққоний ёритиш қийин эди, шу боис Ҳусайн Жовид бошиданоқ ҳукуматнинг тазйиқига учраган. Тарихий драма 1925 йилда якунланади, унинг Озарбайжон маданий муҳитидаги обрўси ниҳоятда баландлиги боисидан драмани саҳналаштиришга рухсат берилади. Фақат бир шарт билан: асар «Оқсоқ Темур» номи билан  саҳналаштирилиши керак эди.

Барча тазйиқларга қарамай, муаллиф драмага ўзгартиш киритишдан бош тортади ва Амир Темур қиёфасига салбий тус берилишига рози бўлмайди. «1925 йилнинг 15 ноябрида Бокунинг «Коммунист» газетаси Д.Буниятзода номидаги драма театрида «Оқсоқ Темур» спектакли намойиши бошлангани ҳақида хабар тарқатади (бош режиссёр – А.Туганов, режиссёр – А.Шарифзода).  Бироқ ҳукумат норозилигининг чеки йўқ эди: драмадаги Амир Темур образи шўро мафкураси қолипларига сиғмас эди. Муаллиф уни золим, ёвуз оқсоқ эмас, туркий дунёни бирлаштирган буюк саркарда, илму фан, санъат, ҳунармандчилик ва тижорат ҳомийси сифатида кўрсатади. Шунингдек, драмадаги яна бир персонаж – Шайх Бухорийнинг донишманд, юксак билим соҳиби сифатида тасвирлангани ҳам шўро мафкурачиларига ёқмайди. Спектакл намойишидан бир ҳафта ўтмай туриб «Коммунист» газетасида «Танқидчи» тахаллуси билан мазкур асар коммунистик нуқтаи назарга зидлиги, уни таъқиқлаш кераклиги ҳақида мақола чоп этилади. Бироқ, юқорида айтганимдек, Ҳусайн Жовиднинг обрўси жуда баланд эди ва спектакл ўша мавсум охиригача қўйилди.

1926 йилда мазкур асар Бокуда Озарбайжон академик театри томонидан қўйилади.  Аммо бу сафар Ҳусайн Жовид ва театр раҳбарияти қатъий огоҳлантирилади. 1937 йилда Ҳусайн Жовид ҳибсга олинганида унга қўйилган кўплаб айбловлар қаторида Амир Темур шахсини тарғиб қилганлик айби ҳам бор эди. Драматург 8 йилга озодликдан маҳрум этилади ва Магадандаги лагерга жўнатилади. Драматург ўша ерда вафот этади.

1973 йилда «Озарбайжонфильм» киностудияси буюк озарбайжон шоири Имомиддин Насимийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги «Насимий» фильмини суратга олади. Фильмни суратга олиш ишлари Озарбайжондан ташқари Самарқанд, Бухоро ва Хивада ҳам ўтказилган. Кинокартинада Амир Темур нафақат буюк саркарда, балки бирлик ва тараққиётга интилган ҳукмдор сифатида ҳам талқин қилинади.

Фильм 1974 йилда Бокуда ўтказилган VII бутуниттифоқ кинофестивалида энг яхши тарихий фильм йўналишида махсус мукофотга сазовор бўлган.

1983 йилда эса Ҳусайн Жовиднинг «Амир Темур» драмаси экранлаштирилади. Амир Темур образини яратган иқтидорли озарбайжон актёри Гамлет Хонизода туркий дунёнинг энг йирик ҳукмдорининг улуғвор ва донишманд қиёфасини кўрсата олди.

2014 йилда Озарбайжон миллий академик театрида Ҳусайн Жовиднинг тарихий драмаси асосида «Əmir Teymur» («Амир Темур») спектакли премьераси бўлиб ўтди.

Шавкат Ёдгоров таржимаси


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>