• Бугунги сана: Dushanba, Dekabr 11, 2017

Америка иқтисодиёти ҳақиқатан кучлими?

Ҳақиқатан ҳам Америка иқтисодиёти биз ўйлаганчалик кучлими? Эҳтимол. Мамлакатдаги бандликнинг ўсиши (кутилмаганда динамик тус олди) ва маҳсулот ишлаб чиқариш (кутилмаганда суст бўлиб чиқди) ўртасидаги кучли фарқланиш ечими йўқ жумбоқ бўлиб қолмоқда. Қийинчиликни бошидан кечираётган иқтисодиёт шунча иш ўрнини қандай яратиши мумкин? Аммо иқтисодиётда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг ҳажми ҳар доим етарлича баҳоланмаслиги англаб етилса, жумбоқ ўз-ўзидан ечим топади.

Танқидчилар вазиятни айнан шундай талқин қилишмоқда. Давлат статистикасида интернетдан келаётган даромад қайд қилинмайди, дея иддао қилишади улар. Гап шундаки, Facebook, Google ва Twitter каби “бепул” сервислар иқтисодий ишлаб чиқариш ва ялпи ички маҳсулот ҳажмига киритилмайди. Аммо мазкур сервислар қай даражада кенгайиб кетганини инобатга оладиган бўлсак, буни тўғри деб бўлмайди. (Сўнгги ҳисоб-китобларга қараганда, дунё бўйича Facebookдан 1,6 миллиард, Twitterдан эса 320 миллион киши фойдаланади.) Бир тоифа иқтисодчилар етарли баҳо бермаслик ҳолатини инкор этишади.

Бу жиддий мунозара. Бандликнинг жадал ўсиши ва иқтисоднинг секин ўсиши меҳнат маҳсулдорлиги пастлигини юзага келтиради. (Маҳсулдорлик – урфга кирган бу сўз иқтисодий самарадорликни англатади.) Дарҳақиқат, бизнесда маҳсулдорлик пасайиб кетди. 1995 йилдан 2004 йилгача у йиллик ўртача 3,25 фоизни ташкил қилган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 1,5 ни ташкил этади. Айни пайтдаги тадқиқотлар шуни кўрсатмоқда. Агар 1995 – 2004 йиллардаги ўсиш суръати сақланиб турганда, 2015 йилда ЯИМ уч триллион долларга ошган бўлиши керак эди. Бу бугунги ЯИМнинг олтидан бирини ташкил этади (18 миллион доллар).

Хуллас, иқтисодчилар бу борада жиддий баҳс-мунозарага киришган. Уч миллион доллар қаёққа кетди? Балки бору, иқтисодий статистика реал ҳаётдан ортда қолгани сабаб уни сезишмагандир? Ёки иқтисодий яшовчанлик инқирозга юз тутдими? Унда бу уч миллион буткул ғойиб бўлган, жиддий ўсишдан эса бошқа умид қилмаса ҳам бўлади.

Янги тадқиқотлар муаллифлари баҳо бермаслик ҳолати ҳақидаги далилларни инкор этишмоқда. “Биз ўлчовларда хатога йўл қўйилганига исбот тополмаймиз”, – деб ёзади Федерал заҳира тизими иқтисодчиси Дэвид Бирн (David Byrne) ва Халқаро валюта фонди иқтисодчиси Маршалл Рейнсдорф (Marshall Reinsdorf) Брукингс институти учун тайёрланган ҳисоботларида. Умум эътирофига кўра, бу мунозаралар техник характерга эга. Бироқ масала ниҳоятда муҳимлиги боис, уларни ўрганиш зарур.

ЯИМ учун истеъмолчилар ва компаниялар сотиб оладиган якуний маҳсулот зарур. Масалан, автомашина ишлаб чиқариш учун зарур бўладиган пўлатни олайлик. У бевосита ЯИМ саналмайди, чунки якуний маҳсулот – автомобил. Агар “оралиқ маҳсулот” санаганимиз пўлат ҳам ҳисобга олинса, ҳисоб икки баравар бўлади.

Аммо буларнинг интернетга нима дахли бор?

Бир қанча Интернет сервислари (масалан, ойлик тўлов эвазига мусиқа юклаб олиш) анъанавий истеъмол товарлари сирасига киради. Ўз навбатида, яна шундай интернет-хизматлар борки, улар бошқа бизнес соҳалари учун оралиқ маҳсулот саналади. Агар Google автомобил ишлаб чиқарувчилар учун самарали ишлаш имконини берса, бу автомобилсозликка ижобий таъсир кўрсатади.

Асосий баҳслар бир қарашда фойдаланувчилар учун бепул хизматлар (мисол учун, электрон почта, Facebook каби) ҳақида бормоқда. Танқидий ёндашаётганлар ушбу бепул сервислар ЯИМ кўрсаткичларида етарли баҳоланмаган деган фикрда. Сўнгги тадқиқотларда бу борада уч асосий далил келтирилади.

Биринчидан, одатда интернетдаги фаолиятни хусусий “хонаки” ишлаб чиқариш, яъни овқат пишириш ва бола парвариши каби уй хўжалигини юритишга таққосласа бўлади. Бу керакли ва ҳатто ёқимли фаолият бўлиши мумкин. Бироқ у бозор муносабатларининг таркибий қисми бўлиб, унда товар ва хизматлар пулга сотилади ва сотиб олинади. Айнан мана шу ЯИМ миқдорини йўналтиради. Шундай қилиб, интернет берадиган ушбу устунлик ва фойда, у қанчалик муҳим бўлмасин, доимий равишда ЯИМдан чиқариб ташланади.

Иккинчидан, мазкур интернет-сервислар ЯИМга тўғридан-тўғри қўшилмаса-да, бевосита ҳисобга олинади. Кўпинча интернет пулли реклама ҳисобига яшайди, ўз навбатида интернет-сервислар ана шундай рекламаларнинг нархига қараб баҳоланади. Бу янгилик эмас. Бундай усул бепул телевидение деб номланувчи эфирга узатишда ҳам фойдаланилган ва фойдаланилмоқда. Барча реклама эълонларининг нархи якуний маҳсулот нархини ўз ичига олади.

Учинчидан, тадқиқот муаллифлари рақамли иқтисодиёт ҳисобот ва ўлчовларга унчалик бўйсинмаслигини тан олишади. Бироқ улар мазкур хатолар вақти келиб жудаям ортиб кетади деб ҳисоблашмайди. Маҳсулдорлик пасайиб кетиши сабаби бошқа нарсада бўлиши керак.

Эҳтимол, интернетдан кундалик фойдаланишни акс эттириши учун ЯИМни аниқлашнинг ва унинг таркибий қисмларини қайта кўриб чиқиш керакдир? Тўғри, бу мураккаб техник муаммоларни келтириб чиқаради. Масалан, реклама бўйича бўлмаса, “бепул” сервислар таннархи қандай баҳоланади? Аммо иқтисодчилар ўз тадқиқотларида бошқа саволга жавоб беришган. Расмий маълумотларда камдан-кам ҳоллардагина акс этувчи интернет яширин иқтисодиётни пайдо қилдими? Улар бу борада ягона хулосага келишди: бундай эмас.

Маҳсулдорлик пасайиб кетгани ҳақида бизга нималардир маълум. У буюк рецессиягача бошланган эди; у жуда кўп мамлакатлар ва соҳаларда ўзини намоён қилди; маҳсулдорликнинг бугунги суръати 1970 ва 1980 йиллардаги жараённи эслатади. Бу хулосалар интернетни оқлайди ва жавобгарликдан соқит қилади. Аммо пасайишнинг сабаби нимада деган саволга ҳаққоний жавоб бериш керак: биз эса билмаймиз.

Роберт Сэмюэлсон,

The Washington Post”, АҚШ

Tafsilot.uz маълумоти:

Роберт Ж. Самуэльсон – “The Washington Post” газетасининг кундалик шарҳловчиси. Сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни ёритиб боради.

Самуэльсон журналистика соҳасида кўплаб мукофотларни қўлга киритган. 1995, 1993, 1992 ва 1987 йиллардаги Хедлайнер миллий мукофоти, 1993 йилдаги Жон Хенкок мукофоти, 1993, 1986 ва 1983 йиллардаги Gerald Loeb мукофоти, 1981 йилдаги ушбу журнал таъсис этган миллий мукофот шулар жумласидан. 1997 йилда у Gerald Loeb ишбилармонлик ва молиявий мавзуларни ёритувчи журналистлар танловида ғолиб бўлиб, пойтахт Вашингтоннинг энг яхши 50 журналисти қаторида этироф этилган.

Нью-Йоркда туғилган, Гарвард университети битирувчиси. Рафиқаси, уч нафар фарзанди билан Мэриленд штатида яшайди.

Фейсбукда ўзининг шахсий саҳифасига эга. Муаллифнинг бошқа мақолаларини “The Washington Post” газетасининг сайтида ўқишингиз мумкин.

Абу Заҳро таржимаси


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>