• Бугунги сана: Chorshanba, Oktabr 18, 2017

Аляска қандай сотилганди?

Август ойининг қуёшли кунларидан бири. Машинамиз Денали миллий паркини иккига бўлган кенг йўлдан кетиб боради. “Парк” деяпман-у, аммо бу сўзни биз тушунадиган маънода тушуниш керак эмас. Денали чўққиси алоҳида кўрк бериб турган улкан тундрада инсон қўли билан маданийлаштирилган бирор-бир нарсани кўрмайсиз. Бу парк аслида қўриқхона бўлиб, Алясканинг қоқ ўртаси одам оёғи етмаган табиатни сақлаб қолиш учун ташкил қилинган.

Ҳаво иссиқ, борлиқ ҳам ором олаётгандек сукутга чўмган. Биз ҳеч қаёққа шошилмасдик. Аҳён-аҳёнда тўхтаб, кўриниб қолган айиқ, буғу, кийикларни суратга олардик. Бир жойда ўтлаб юрган тўртта йирик-йирик карибуни кўриб қолиб, машинани бир зумга тўхтатишни илтимос қилдим. Ўзим ҳам бамперга чиқиб, тундранинг бу гўзал жониворларини суратга ола бошладим.

Ёнгинамизга яна бир машина келиб тўхтади. Афтидан саёҳат қилиб юрган эр-хотин бўлса керак, фотоаппаратларини олиб, “чиқиллата” бошлашди. Ҳамроҳимга русча гапирганимни эшитиб қолишди, шекилли, қаерданлигим билан қизиқишди. Айтдим. Шунда кутилмаган воқеа рўй берди. Улар ерга сакраб тушиб, миннатдорчилик билан қўлимни силтай кетишди:

— Раҳмат, Аляскани бизга сотганингиз учун сизларга катта раҳмат!!! Сенк ю вери мач.

Бу чин дилдан билдирилаётган миннатдорчилик эди. Уларнинг чеҳраларидан жуда ҳаяжонланаётганликлари сезилиб турарди. Гўёки олди-берди кечагина бўлиб ўтган-у, унга менинг ҳам озми-кўпми хизматим сингган…

Кийиклар виқор билан тоғ томонга кета бошлади. Америкаликлар ҳам машинага ўтириб жўнаб кетишди. Ҳамроҳим билан мен эса офтоб нурларида кўзни қамаштираётган Денали чўққиси, яқинлашаётган куздан далолат бериб, сарғая бошлаган тундрага маҳлиё бўлиб, анча туриб қолдик. Ҳа… Қачонлардир бу ерларни Рус Америкаси деб аташарди.

Россияда ўша олди-сотдидан кейин Аляскани эсга олмасликка ҳаракат қилиб келишди. Қандай қилиб, нега сотишганини ҳалигача кўпчилик тушунмайди. Нима бу, ахмоқлик, узоқни кўра билмасликми ёки кимнингдир махфий ўйиними? Аксарият ҳатто савдо қачон бўлиб ўтганини ҳам билмайди.

Алясканинг сотилишини негадир Екатеринанинг иши деб ўйлашади. Ваҳоланки, бу Александр II даврида юз берган. У пайтлар Петербургдан Вашингтонга телеграмма узатиш мумкин бўлиб қолган эди. Айтгандай, Аляскани сотиш тўғрисидаги музокараларда телеграфдан ҳам фойдаланишган.

Тўғри, ўша пайт бу жуда қиммат турарди. Олди-бердининг айрим тафсилотларини хабар қилиш учун Америкадаги рус элчиси Эдуард Стёкль ўн минг доллар тўлаган.

Бизда шоҳларни фақат ёмонлаш, узоқни кўра билмайдиган саводсизга чиқариш одат бўлиб қолгани учунми Аляска сотилишига юз йил тўлиши муносабати билан (бу 1867 йил бўлган) матбуотда босилган мақолаларда мазкур савдо махфий равишда уюштирилган аллақандай фитначи гуруҳларнинг иши деб аталганки, гўё бунда ҳатто пора ҳам берилганмиш.

Хўш, бу ҳақда америкаликларнинг ўзлари қандай фикрдалар? Таржимон билан иккимиз кўпгина мақола-ю, китобларни кўриб чиқдик. Уларда шоҳ Александр ва ўша ишга алоқадор муҳим давлат хизматидаги шахслар телба деб кўрсатилмаган.

Очеркни хаёлан пишитиб, ёзишга ўтирмоқчи бўлиб юргандим, ўтган асрда Россия ва Америка ўртасидаги муносабатлар, Алясканинг сотилиши тўғрисида Николай Николаевич Болховитиновнинг китоби чиққанини эшитиб қолдим. Бир амаллаб топиб, ўқиб чиқдим. Юксак савияда ёзилган мазкур рисола тўғрисида тарихчиларимиз ўз фикрларини айтишар, мен сингари оддий ўқувчига эса унинг фойдали томони шунда бўлдики, ўзим қилган хулосалар асосан тўғри эканлигига шубҳа қолмади.

Хўш, шундай экан, Аляскани нега сотишди?

Яхшиси бунинг сабаблари кўрсатилган хатдан бир парча келтирай:

“Шимолий Америка Қўшма Штатлари хазинасида ҳозир пул кўплигидан фойдаланиб, уларга ўзимизнинг Шимолий Америкадаги мустамлакаларимизни сотиш мақсадга мувофиқ бўлмасмикан? Бундай савдо жуда ўз вақтида ўтказилган тадбир бўлур эди. Зеро, ўзимизни алдамасдан Қўшма Штатлар ўз ҳудудларини доимо кенгайтириб бориш, Шимолий Америкада яккаҳоким бўлиш истагида юқорида тилга олинган мустамлакаларни биздан олиб қўйишлари мумкинлиги ва биз бу билан ҳисоблашишга мажбур бўлишимизни олдиндан кўра билиш керак. Ҳолбуки, у мустамлакалардан бизга фойда кам ва уларни йўқотиш биз учун унчалик оғир ботмасди…”

“Константин” деб имзо чекилган бу хат Россия ташқи ишлар вазири А.Горчаков номига юборилган. Қуйида эса “1857 йилнинг март-апрель ойлари” деган ёзув турибди. Яъни хат Аляска сотилишидан ўн йил аввал ёзилган. Демак, бу иш шошма-шошарлик билан қилинган эмас.

“Константин” — шоҳ Александр II нинг укаси, Россия денгиз штабининг бошлиғи Константин Николаевич Романовдир. У Аляска ҳақида гапирган биринчи кишимас. Биринчи бор Аляскани Қрим урушида кучли флотга эга Англия тортиб олишидан чўчиб, Америкага номига сотмоқчи бўлишган. Бу иш амалга ошишига баъзи бир ҳуқуқий жиҳатлар халал берган.

Бироқ Аляскани номига эмас, балки ҳақиқатан ҳам сотиб олиш ғояси Вашингтондагиларни жуда қизиқтириб қўйган. “Россия Америкадаги ҳудудларини сотишга тайёр эмасми? Ахир мамлакатга маблағ керак-ку”. Вашингтондаги рус элчисидан шундай ёки тахминан шундай деб сўрашади. У бунинг иложи йўқ, деб жавоб беради-ю, аммо табиийки, суҳбатни унутиб юбормайди.

Петербургга келганда тегишли шахсларга айтиб беради ва ўз нуқтаи назарини билдиради. Петербургда суҳбатни эътибор учун қабул қилишади. Ҳа, Қўшма Штатлар хавфли рақиб эди.

Америка Буюк князь айтганидек, ҳақиқатан ҳам ўз ҳудудларини тинимсиз кенгайтириб боради. Бир пайтлар Наполеон Овруподаги ҳарбий ишлар билан ўралашиб қолганда унга Луизианани сотишни таклиф қилишади. “Кичик генерал” вазиятни дарҳол англаб етади: “Сотмасанг, тортиб оламиз”. У рози бўлади ва улкан майдонни (ҳозирги ўн иккита штат) 15 миллион долларга сотади. Худди шу тарзда  Мексика ҳам Америкага 15 миллион долларга Калифорнияни сотишга мажбур бўлган. Чунки сал илгари Техас штати Мексикадан куч билан тортиб олинган эди.

“Ҳудудларни кенгайтириш” ҳозирги сиёсий тилга ўгирганда босқинчилик деганидир. Қизиғи шундаки, ўтган асрнинг ўрталарида Америка давлат арбоблари буни яшириб ҳам ўтиришмаган. Ўша вақтдаги мақолалар ва айрим сиёсатчилар ваъзларида қитъанинг Шимолий қисмига тўла эгалик қилишни Америкага тақдирнинг ўзи инъом этган, деган фикр тез-тез учрайди. Мана уларнинг бири. “Бу ерда (Миннесотада) туриб, Шимоли-ғарбга қарар экансан, узоқда — соҳилнинг нариги бетида гавань, турар-жой қураётган руслар кўзга ташланади. Мен уларга қарата: “Қуравер, менга деса бутун соҳил бўйлиб, Муз океанигача қур, барибир буларнинг ҳаммаси менинг юртим аванпостлари, Қўшма Штатларнинг Шимоли-ғарбдаги цивилизациясига айланади”, дегим келади. Бу гаплар Уильям Сьюардга тегишли. Бу номни эслаб қолинг. Зеро, Аляска савдосида мазкур шахс асосий роллардан бирини ўйнайди.

Стратегик фикр юритувчи Буюк князь Константин ҳудудларни кенгайтириш масаласи вақти билан рус мустамлакаларига келиб тақалишини ва Аляскани сотишмаса, барибир тортиб олишларини яхши тушунарди. Унинг консерватив акаси Александр ҳам буни, албатта, тушунарди, аммо иккиланарди. Ахир руслар томонидан очилган ва “Шоҳнинг ғурури”га айланган ерни бериш осон эмасди.

Шу ўринда савол туғилади — Россия ва Қўшма Штатлар орасидаги алоқалар ўшанда  қандай бўлган? Айтиш керакки, дўстона, баъзида ҳатто самимий бўлган. Буни Қўшма Штатлар Қрим уруши пайтида ҳам яширишмаган. Улар уришаётган армияга қурол-яроғ сотиб туришган, кўнгиллиларни урушга юборишга тайёр эканликларини билдиришган. Россия бу яхшиликни унутмади. Шимол ва Жануб ўртасидаги урушда — Штатларга бўлиниб кетиш хавф солиб турганда Россия мамлакатнинг бирлигини қўллаб-қувватлаган ягона йирик давлат бўлди.

Америкада қулликка қарши кураш икки мамлакат жамоатчилигини яқинлаштирди. Рус кемаларининг АҚШга ва Америка кемаларининг С.Петурбургга келиши байрамга айланиб кетарди. Четдан қарганда Аляскага ҳеч нарса хавф солмаётганди. Бироқ ички зиддият барибир мавжуд эди. Буни яхши тушунганларнинг фикри бир жойдан чиқади: “Сотиш керак”. Константиннинг нуқтаи назари устун келади: сотганда ҳам дўстона, савдолашиб ўтирмай сотиш керакки, аксинча, масала қурол кучи билан ҳал этилади. Албатта, бундай савдога ундаган бошқа омиллар ҳам мавжуд.

Биринчиси — мустамлаканинг аҳволи. Америка очилгандан кейин 127 йил мобайнида жуда катта ҳудуд ўзлаштирилмай ётганди. Факториялар, аҳоли яшайдиган пунктлар жуда оз бўлиб, улар ҳам фақат соҳил бўйлаб қурилганди. Ҳиндулар билан уруш чиқиши мумкинлиги учун континент ичига кириб бориш мустамлакачилар учун ман этилганди. Руслар бу ерларда 600-800 кишини ташкил этарди.

Ҳудуддаги аҳвол унча яхши эмасди. Иқтисоднинг асосини ҳалиям мўйна ташкил қиларди. Рус Америкасининг иқтисодчиси, маъмуриятчиси ва қўриқчиси ролини ўйнаётган акционерлик компанияси мажбурликдан кўмир, балиқ ва ҳаттоки Аляска музини сотишга ўтиб олган эди. (Музни Сан-Франсиско сотиб оларди. У вақтлар ҳали совутгичлар йўқ эди.) Аммо компаниянинг ишлари барибир ўнгланмади. Кундан-кунга ёмонлашиб борди.

Ҳудуд учун давлат қарзлари зарур эди. Қрим урушининг оқибатлари Россияни ҳам маънавий, ҳам моддий жиҳатдан жуда ҳолдан тойдирганди. Шунинг учун шоҳ ташқи сиёсатдаги йўлини ўзгартиришга, яъни янги ҳудудларни ишғол этишга чек қўйиб, диққат-эътиборини мамлакат ичига қаратишга, Аляскадан воз кечишга мажбур бўлди. Бу йўл оз бўлса-да хазинага маблағ келтириши мумкин эди. Бироқ, Аляска сотилишининг ягона сабаби шундан иборат эмас.

Бўйин эгган алеутлар руслар билан ҳамкорликка рози бўлишган, уларнинг турмуш тарзини қабул қилишган эди. Аммо эрксевар ҳинду қабилалари ҳеч бўй эгмасди. Улар ўзгалар ҳукмронлигини тан олишмасди ва руслар билан ҳар дақиқа урушга тайёр бўлиб яшашарди.

Бундан фойдаланган инглиз ва америкалик савдогарлар ҳиндуларни қурол билан таъминлашар, русларга қарши қайрашардики, Алясканинг пойтахти бўлмиш Новоархангельск шаҳри ҳар дақиқа ўт ичида қолиб кетиши мумкин эди. Бунинг устига 1847 йил англияликлар Алясканинг соҳилидан йироқ жойларга — Юқори Юконга бостириб кириб, ўз факторияларини таъсис этишади. Руслар бунга жавобан ҳеч нарса деёлмайдилар.

Аляска соҳилларида турли мамлакат кемалари тўлиб ётарди. Мустамлака бу билан ҳам ҳисоблашишга мажбур эди. Кит овловчилар соҳилда очиқчасига қароқчилик қилиб, эскимосларни сўнгги бурда нондан маҳрум этишарди.

“Бу қароқчиларнинг танобини тортиб қўйинг”, деб Вашингтонга юборилган мурожаатлар ҳеч бир самара бермас, Америка: “Уларни ўзингиз бир амалланг”, деб ўзини четга оларди. Аляскадан олтин топилгани ҳам Россияда маълум эди. Бироқ руслар “олтин васвасаси” текканларни ҳеч нарса билан қайтариб бўлмаслигини тушуниб, лом-мим дейишмасди.

Ва ниҳоят, муаммодан хабардор кишилар олдида энг асосий савол кўндаланг бўлтб турарди: борди-ю, Америка уруш очса, Россия Аляскани сақлаб қола оладими? Жавоб эса битта эди — йўқ. Шунда шоҳ тортишувларга чек қўяди: “У ҳолда баҳс тамом. Сотамиз. Россия савдолашиб ўтирмайди. Америкаликлар ўзлари яхши баҳо белгилашсин”.

Шундай қилиб, масала ҳал бўлади. 1866 йилнинг 28 декабрида 5 киши иштирокидаги “алоҳида мажлисда” шоҳ Аляскани сотиш ҳақидаги ҳужжатга қўл қўяди. Табиийки, иш ёпиқ-яширин олиб борилади. Ахир Аляскани қўш қўллаб топшириш Россия учун шарафли ҳол эмасди.

Қолаверса, яна бошқа нозик томони ҳам шунда эдики, фуқаролар урушидан ҳали ўзига келиб улгурмаган Қўшма Штатлар бундай савдо ҳақида ўйлаб ҳам кўришмаганди. Шунинг учун Вашингтонга юборилган элчи Эдуард Стёкль Аляскага шаъма қилиб, ишни шундай буриб юбориши керак эдики, гўё бу ғоя Американинг ўзидан чиққан бўлсин.

Шу ўринда элчининг хизматини енгиллаштирадиган бир омилни ҳам эсга олиш жоиз. Гап шундаки, ўша вақтлар АҚШ давлат котиби лавозимида ишлаётган Уильям Сьюард Американи янги мустамлакалар эвазига кенгайтиришнинг қизғин тарафдори эди. Стёкльнинг таклифи унинг учун кутилмаган хабар бўлади. Иш қайнаб кетади.

Президент, бу ишга алоқадор барчанинг фикри сўралади, нарх белгиланади. Шунда Стёкль 10 минг доллар тўлаб, ҳали эслатиб ўтилган телеграммани юборади. Унинг маъноси “Америка Россиядан Аляскани фалон баҳода сотишни сўрайди”, деган гапдан иборат эди. Петербугдан ғоят қисқа жавоб келади: розимиз.

Стёкльнинг эслашича, у чўнтагида телеграмма билан давлат котибининг уйига келади. Янгиликни маълум қилиб, эртага шартномага имзо чекиш мумкин бўлурди, деб айтади. Шунда Сьюард ҳаяжондан сакраб туриб кетади: “Мистер Стёкль, эртани кутиб ўтирамизми, бугун имзолай қолайлик!”

Кеч тушган бўлишига қармай, Сьюард давлат департаменти ходимларини чақириб келиш учун чопарларини юборади. Туни билан ишлашади. Ниҳоят 1867 йилнинг 10 мартида тонг соат тўртда шартнома тайёр бўлади, ҳуснихат билан кўчирилиб, муҳр босилади. Америка қонунларига кўра, уни энди Сенат ва конгресс тасдиқлаши лозим эди.

Ниҳоят нарх ҳам эълон қилинади — 7 миллион 200 минг доллар. Бу Петербург кутганидан ортиқ эди: “Беш миллион, камига рози эмасмиз”. Аммо Аляскадай катта ер учун бу барибир сариқ чақадек гап эди. Ахир фақат олтиннинг ўзидан келган пул бу баҳодан икки ярим минг марта кўп.

Аляска рўзномаларида ўқиб қолдим: ҳозир бир соатнинг ўзида Аляска соҳилларидан тутилаётган балиқ 7 миллион доллардан кўпроқ пул келтираркан. Албатта ҳозирги давр ўлчамларидан қаралса, бу савдо ҳеч ақлга сиғмайди. Аммо биз ўтмишни ўша даврдан келиб чиқиб ўрганишимиз зарур ва Аляска савдосини аҳмоқлик, узоқни кўра билмаслик деб аташ нотўғри бўлурди.

Стёкль ва Сьюард савдони расмийлаштиришда анча тўсиқларга дуч келадилар. Сабаби — сенатдаги айрим сиёсатчиларга ғоя маъқул тушмаганди: “Бир қути муз учун пул тўлаймизми?” Иш шунга етиб бордики, ҳужжат конгрессда, тортмаларда қолиб кетди.

Шундан сўнг Стёкль савдо барбод бўлишидан қўрқиб, рўзномаларда қўллаб-қувватлаш учун муҳаррирларга, конгрессда ваъз қилишлари учун сиёсатчиларга пора беришга мажбур бўлди. Хуллас, императорга маълум ишлар учун ҳаммаси бўлиб юз минг доллар сарфланди. Ундан 25 минги хизматлари учун элчига берилди. Стёкль шоҳга раҳмат айтди-ю, аммо дўстига арз қилди: оз.

Тарихнинг совғасига келсак, ишлар қуйидагича. Сьюард номи билан ҳозир Аляскада ярим орол ва шаҳар номланган. Стёкльнинг номи бенишон кетди. Мана шунақа…

Аляскани сотмаслик мумкин эмасди. Рус пойтахтларида жамоатчилик ўзини тинчлантирарди — “Ҳар ҳолда унча яхши ер эмасди-ку”. Иш тафсилотлари ошкор этилмаганича қолди. Аляска абадий эмас, 99 йилга сотилган, деган афсона ҳам ўшанда пайдо бўлган бўлса, ажабмас. Ҳукумат ўзи учун фойдали бу миш-мишни инкор этмади…

Алясканинг ўзига бу гап 1867 йилнинг майида етиб боради. Руслар учун бу хабар кутилмаган ва нохуш эди. Мустамлака янги соҳибларига расмий равишда 1867 йилнинг 18 октябрида топширилди. Маросим қизғин ваъзлар, тўп садолари остида ўтди. Баланд мачтадан Россия байроғи туширилиб, ўрнига Америка байроғи кўтарилди. Мустамлака губернатори Дмитрий Петрович Максутов оломон ичида телбаларча бефарқ турар, унинг хотини малика Мария Максутова кўз ёшларини яширолмасди.

“Хоҳловчилар қолсин. Хоҳламаганлар  Россияга кетишлари мумкин.” Мустамлакада ҳаммаси бўлиб 823 нафар рус бор эди. Уларнинг 90 нафари қолиш истагини билдирди. Бироқ америкалик солдатлар туну-кун ўзлари хон, кўланкалари майдон бўлиб, бор нарсани ер билан битта қилиб ташлайвергач, қолмоқчи бўлганлар ҳам ниятларидан қайтиб, сўнгги кема билан жўнаб кетишди.

Тез орада “қуйи” штатлар Аляскани эсларидан чиқариб ҳам юборишди. Кейинчалик у ерларда олтин топилиб, шов-шув кўтарилиб кетди. Секин-аста Аляска ўз хазиналарини оча бошлади.

Ҳар йили 18 октябрь куни бу ерда Аляска куни нишонланади. Кишилар ўша давр руҳини яратиш учун маросимга махсус кийимларда келишади. Улар орасида “рус губернатори ва маликани” ҳам учратиш мумкин. Тўпларнинг гумбурлаши остида Россия байроғи туширилиб, Американики юқорига кўтарилади.

Шундай маросимларнинг бирида қатнашган бир танишим унга ҳам америкаликлар роса миннатдорчилик билдиришганини айтиб қолди: “Аляска учун сенк ю вери мач!”

— Сен-чи, сен нима деб жавоб қилдинг?

— Нима ҳам дердим, “Аляска яхши одамлар қўлига тушганидан ғоят хурсандман”, дедим, холос.

В.Песков,

(Фурқат Неъматнинг қисқартирилган эркин таржимаси)

____________________________________

“Ё.л”, 5(13691)-сон,

1991 йил 9 январь

Tafsilot.uz маълумоти

— Аляска АҚШ мулкига айланганидан сўнг 30 йил ўтиб бу ҳудуддаги Клондайк деган жойда олтин конлари топилади ва “Олтин иситмаси” бутун дунёдаги олтинтопарларни Аляскага чорлайди.

— XX асрда очилган нефть ва газ конларининг ўзидан 200 миллиард долларга яқин даромад олинади.

— 1988 йилги маълумотларга кўра Аляскада 1 кунда балиқчиликнинг ўзидан ушбу ҳудудга тўланганидан кўра кўпроқ даромад олинаркан.

— Аляскани сотиб олиш орқали АҚШ тарихдаги энг фойдали битимни амалга оширган. Бу ўлкадан топилган пуллардан ташқари Аляска АҚШнинг мазкур сарҳадлардаги ҳарбий салоҳиятини ҳам ошириб юборганди.

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>