• Бугунги сана: Shanba, Iyun 24, 2017

Алло, эшитаман…

Алло, эшитаман… И-е, и-е, ассалому алайкум, э, сизмисиз, Хайрулла Ҳакимович! Бормисиз?! Омонмисиз?! Бола-чақалар, кеннойимююю Ҳа, энди юрибмиз тупроқдан ташқари деганларидек. Йўғ-э, йўғ-э, сенлайвер дейсизми? Қандай бўларкан, жуда ноқулай-ку, Хайрулла Ҳакимович. Синфдошмиз…

Энди гапнинг очиғи, Хайрулла Ҳакимович, сиз синфдошлар ичида бошқачароқ эдингиз-да. Дадангизга ўхшаб юриш-туришларингиз ўзингизга бирам ярашардики! Мана, от ўрнини той босар деганларидек, у кишининг ўрнини эгалладингиз. Бобой ҳозир пенсия гаштини суриб юргандирлар?!

Э, аттанг, водариғ. Бехабар қолибмиз-ку, қирқлари ҳам ўтди денг?! Узр, энди кеч бўлса ҳам таъзиямизни қабул қиласиз-да. Ҳа, ҳа, қандай одам эдилар-а, э, бу дунёнинг ишларига ҳайрон қоласиз-да…

Ҳа, ҳа, тўғри айтасиз, ҳа, ҳа… Синфдошларники? Э, бўлмасам-чи, кўриб тураман. Ҳаммаси соғ-саломат, чойхонада учрашиб турамиз. Болалар сизни эслаб туришади, ҳа, бўлмасам-чи, Хайрулла Ҳакимович. Э, койиманг, тил қурғур айланмаяпти-да сенлашга… Ҳоҳ, ҳоҳ, ҳоҳ, ҳа, ҳа! Ҳазилкашлигингиз қолмабди-я. Тўғри, тўғри, лақабим ўзгаргани йўқ. Э, яшанг-э! Асадми? Асадниям ишлари “беш”. Чойхонага “Газ-24”да келиб-кетади. Жа, улфатижон йигит-да. Зокирни айтмайсизми, қайсидир бошқармага директор бўлибди. Омад келаман деса, ҳеч гап эмас экан-да. Студентларни икки ойга практикага олиб кетувдим, келгунимча шунча ўзгариш-а. Судралиб юрганлардан мен қолдим, холос, Хайрулла Ҳак… А! Нима? Сенлайвер дейсизми? Оббо, сизей. Энди ўрганмаганмиз-да. Хўп, хўп, ҳаракат қиламан. Ўжарсан дейсизми, тўғри, тўғри. Нима десангиз ҳақсиз.

Улфатимизга қўшилмоқчимисиз? Э, ростданми, қанийди… Болалардан бир суюнчи олардим-а. Ҳа, ҳа, нега қабул қилишмас экан. Бўпти, бўпти, келаси пайшанбада ош бор. Ўзим қўнғироқ қиларман, телефонларини айтиб юборсалар… Мен ҳозир, ҳозир, ҳа, мана топдим. Қоғоз топдим деяпман, қани, айтиб юборинг-чи. Хизмат жойингизга қиламан-да. Соат нечада учрашишимизни, ўша куни қўнғироқ қилиб қўярдим.

Бе-е-е!… Ёпирай, қўйинг-э, ҳазиллашаяпсизми? Қач… қачон? Ҳа, ҳа, газетаними, оз-моз ўқиб тураман. Газетада босишдими? Да, шунақами? Да, да… Тоза пўстагингизни қоқишгандир? Тавба, ҳа, ҳозир замон ўзгариб кетди дўстим…

Нима? Эшитмаяпман, қаттиқроқ гапирсанг-чи! Домда ўтиравериб сиқилиб кетдим? Участка-чи? Н-у… ишонгим келмаяпти. Да… Яхши иш бўлмапти. Менга қара, ҳозир сенга Ваҳобларнинг телефонини бераман — жўрабошимиз ўша, ҳар ҳолда олдидан ўтсанг яхши бўларди…

Хўп, дўстим, хайр энди, менинг озроқ ёзадиган ишим бор эди, лекцияга тайёрланишим керак деяпман! Кенжатойингми? Ҳа, энди кўрамиз, ўйлаб кўрамиз, мактабини битириб олсин-чи… Алло! Алло! Пуф-пуф, эшитмаяпман! Э, дап бўл-э, шунча вақтимни олдинг…

Соҳиба Абдуллаева

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>