• Бугунги сана: Payshanba, Dekabr 14, 2017

Алихонтўра Соғуний қай тарзда ўғирлаб кетилган эди?

Алихонтўра Соғуний (1885—1976-йиллар) ХХ аср Туркистон ва Шарқий Туркистон халқлари ҳаётида чуқур из қолдирган давлат арбоби, йирик аллома, адиб, шоир ва уламолардан биридир. У ўз ҳаётини бошдан-оёқ Туркистоннинг озодлиги ва мустақиллиги учун бағишлади. Унинг барча асарлари ҳам бевосита ёхуд билвосита тўла озодлик ишига хизмат қилади. Мустақилликни орзулаб ёзилган унинг мағиздор ва доно асарлари ниҳоят озодлик кунларига етиб рўёбга чиқаяпти. Ушбу мақола ўқувчиларимизга улкан аллома ҳақида бироз бўлса-да, тасаввур беради, деб умид қиламиз.

Ҳаётда шундай инсонлар бўлар эканки, улар тирикликларида ёқиб кетган маърифат машъаллари замонлар ўтиши билан тобора ёрқинроқ алангаланади. Дарҳақиқат, Муҳаммад алайҳиссалом сўзлари билан қайд этилгандек, “инсонларнинг яхшилари — фаришталардан ҳам аъло”. Баъзи буюк инсонлар халқ орасида ҳокисорлик билан камтарона яшаб ўтиб кетадилар. Аммо кейинчалик эса уларнинг нақадар азиз ва қайтарилмас эканликлари, ўз халқи ва ватани учун нечоғлиқ қайғургани, пок эътиқод ва миллат учун ҳатто ўлимга ҳам тик боқиб, ҳаётини неча юз бора хавф-хатарга солганликлари ҳис этила бошланади. Улар яратиб кетган маънавий бойлик ўз халқига то абад мерос бўлиб қолади, неча-неча авлод бундан баҳраманд бўлади.

Ана шундай буюк инсонлардан бири Алихонтўра Шокирхонтўра ўғли Соғунийдир.

Алихонтўра 1885 йили 21 мартда собиқ Туркистон ўлкасининг Тўқмоқ шаҳрида ўзбек оиласида дунёга келди. Адабий тахаллуси она шаҳрининг қадимий номи Боласоғун билан боғлиқ (ҳозир Қирғизистон жумҳурияти ҳудудида).

Бобом болаликлариданоқ зийраклиги, уқувчанлиги, ҳар нарсани ўз моҳияти билан тушуниб, фикрлай олиши ва айниқса, олий даражадаги қувваи ҳофизаси билан ўз ака-укаларидан ажралиб турган. Шу ўринда бир нарсани таъкидлашим жоиз. Камина ана шу буюк инсон тарбиясидан баҳраманд бўлган набиралардан эрурман. Бобом ҳақида ёзиш мен учун нафадар шарафли бўлиши билан бир қаторда, ўта масъулиятли ҳамдирки, сабаби, берадиган маълумотлари иложи борича холис бўлмоғи лозим.

Катта бобомиз Шокирхонтўра ўқимишли, оқил, маърифатпарвар киши бўлган экан, шу сабабдан иккинчи ўғлидаги қобилиятни сезгач, бобомни Арабистонга ўқишга юборган. Мадинада ўқиб қайтгач, ўша давр илм-фанига чанқоқ, ижтимоий воқеликни тушуниб етган фазл-карамли йигит қалбида она-Ватани мазлум Туркистонга, аросатда яшаб келаётган жафокаш халқига хизмат қилиш ҳисси туғён урган.

Шу вақтдан бошлаб Алихонтўра ҳоким маъмурият махфий полицияси таъқибида бўлади. Негаки, 1914 йили чор ҳукуматининг мардикорликка олиш сиёсатига оммавий қарши чиқишларда ҳамда қирғиз халқининг 1916 йилги қўзғолонида фаол иштирок этган.

Алихонтўранинг ёшликдан асл мақсади чинакам илм соҳиби бўлиш экан:

“Ал илму фис сиғари

кан нақши алал хажари”,

яъни “Ёшликда эгалланган билим — тошга ўйилган нақш” шиори бобомнинг жамики ёшларга қилган даъват-чақириғи эди. у киши ҳадис, тафсир, эътиқод, ихлос, тақво ва фиқҳ илмларининг алломаси бўлиш билан бир қаторда математика, астрономия, табиатшунослик, тиббиёт, доришунослик ва ҳарбий иш соҳаларини ҳам мукаммал ўрганди. Бобом мусиқа назарияси бўйича ҳам мутахассис эди. Ўрта асрнинг улуғ олими Дарвеш Али Чангийнинг “Мусиқа рисоласини” ўзбекчага форсийдан таржима қилган.

Бир воқеа эсимда: ёшлигимизда кичик ўғиллари, амаким Қутлуғхон билан Ғарбнинг замонавий мусиқаларидан эшитиб, ҳордиқ чиқарар эдик. Бир пайт ҳовлидан бобомнинг товуши келди, қарасам, дераза тагида турибди. “Ҳозиргина тугаган куйни қайтадан қўй-чи” деди. Саксофон, флейта ва соло гитарада ижро ээтилган ажиб куй барчамизни сеҳрлаган эди. Кейинроқ билсам, мусиқа ноталарини жуда яхши тушунар экан. “Инсонлар ва ҳайвонларнинг товушини (фонетикасини) қоғозга тўғри тушира билиш, бу бир олам, катта бир илм ҳисобланади”, деганди у киши.

Tafsilot.uz маълумоти:

Алихонтўра Соғуний Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида, Мадинаи мунавварадаги дорулфунунлардан бирида таҳсил олган. У қироат, тафсир, ҳадис, фиқҳ, наҳв, балоғат, мантиқ, табобат, тарих, сийрат, жўғрофия, назму наср ва бошқа фанлар бўйича ҳам етук мутахассис бўлиб етишган.

Китоблари:
“Тарихи Муҳаммадий” (1959 йили ёзиб тугатилган);
“Туркистон қайғуси” (1966-1973 йиллар орасида Тошкентда ёзилган);
“Девони Соғуний” (шеърий тўплам);
“Шифо ул-илал” («Хасталиклар давоси») ва бошқалар.

Таржималари:
“Наводир ул-ва”;
“Мусиқа рисоласи” (Дарвеш Али Чангий);
“Бухоро ва Мовароуннаҳр тарихи” (Ҳерман Вамбери);
“Темур Тузуклари” (форсийдан таржма) ва бошқалар.

Ёппа қирғинбарот ва зўрлик авж олиб, большевик ҳукумати ҳур фикрли зиёли кишиларимизни ваҳшийларча қириб, қамай бошлаган кезда бобом оиласи билан Хитойга ўтиб кетган. Ваҳоланки, 1937 йилининг совуқ шамоли у ёқларга ҳам етиб борганди. Билимдонлиги, ҳалоллиги, жасурлиги ҳамда қудрати билан халқни ўз орқасидан эргаштира олганлиги Сталин таъсирида бўлган Шарқий Туркистондаги хитой маъмуриятини довдирати қўйган ва улар Алихонтўрани қамоққа олганлар. Тўрт йилдан кўпроқ қамоқдалик пайтидаёқ озодлик ҳаракати билан боғланиб турган. Ниҳоят, турмадан бўшатилгач, ўз мафкуравий йўлидан бирор қадам ҳам чекинмаган оташин фарзандини халқ чин қаҳрамон сифатида кутиб олади.

Бобом бошчилигида 1944 йил 7–10 ноябрда Ғулжа қуролли қўзғалони ғалаба қозонади. Ўзбекистонга нисбатан бир неча баробар катта келадиган ҳудудда уйғур, қозоқ, ўзбек, қирғиз, татар ва дўнган халқларини мустаҳкам ишонч ва диний биродарлик асосида бирлаштирган Шарқий Туркистон жумҳурияти барпо этилади. Чанкайши ва гоминданчиларнинг 100 минг кишилик армияси кетма-кет бўлган шиддатли жангларда тор-мор этилади.

Халқ ва армия олдидаги хизматлари учун Алихонтўра бобомга маршал унвони берилади.

Совет Иттифоқининг шундай биқинида вужудга келган, кўпгина мамлакатлар тан олиши муқаррар бўлиб қолган Шарқий Туркистон аталмиш мусулмон давлати қонхўр Сталинни даҳшатга солган эди. Шу сабабдан Сталиннинг фосиқларча тузган режаси ва большевистик руҳда амалга оширилган сиёсий найранг оқибатида Алихонтўра 1946 йил 28 июнда Ғулжа шаҳридан ўғринча Тошкентга келтирилади. Халқнинг: “Жумҳур раис қаерда?” деган саволларига совет элчихонаси ёлғон жавоблар беради.

Ўшанда ўн минглаб жонфидо ватанпарварлару неча миллион озод Шарқий Туркистон халқи мунғайиб қолаверган. Бобом оиласи билан дастлаб Марказқўм боғида яшаган. Маршалга кўз-қулоқ бўлиб туриш “халқлар отаси” томонидан шахсан Усмон Юсуповга топширилган экан.

Шундай қилиб, фаол сиёсатдан воз кечишга мажбур этилган, қалби қайғу-ҳасрату, дарду аламга тўлган, аммо ўз эътиқоди, ўз мафкурасидан заррача воз кечмаган жафокаш инсон илму фан тадқиқотларига шўнғиб кетади.

Аллоҳ таолодин берилган ақл-заковатини, ғайрат-шижоату иқтидорини бутунлай ижодга бахшида қилади.

Пировард-натижада авлодлар учун катта маънавий бойлик бўлиб қолган бебаҳо асарлар яратилади, форс ва араб тилларидаги бир қатор нодир асарлар ўзбек тилига таржима қилинади.

Бобомнинг сиёсий ва ижтимоий фаолиятлари ҳақида эндиликда матбуотда кенг ва атрофлича маълумотлар берилаётир. ШУ сабабли биз бу ўринда кўпроқ у кишининг ижодларига тўхталамиз.

Алихонтўра илмий-адабий фаолиятининг кўп йиллик машаққатли меҳнати маҳсули бўлмиш — “Тарихи Муҳаммадий” асари ҳисобланади. Мазкур асарнинг ёзилиши келажак авлод ички дунёси қашшоқланишининг олдини олиш, азалий қадриятлар қимматини пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам тарихлари билан таништириш орқали сақлаб қолиш йўлида қилинган буюк жиҳоддир.

“Тарихи Муҳаммадий”нинг биринчи ярмини, алҳамдулиллоҳ, китоб ҳолида босмадан чиқарганимизга талай вақт бўлиб қолди. Шу кунларда асарнинг иккинчи қисми ҳам босмахонада терилмоқда (мақола 1992 йил 22 январда чоп этилган — “Tafsilot.uz”).

Шу ўринда “Тарихи Муҳаммадий”нинг яна бир заҳматкаши ҳақида гапириб ўтмай илож йўқдир. Ёшлигиданоқ энг олий мақсади — отамизга хизмат қилиш бўлган падари бузрукворимиз Муҳаммадёрхон бобомнинг суюкли фарзанди эди. Ўзи шифокор эди-ю, аммо туну кун бобомнинг ёзувларини оққа кўчириш билан овора бўларди. Отамнинг 46 ёшида бевақт вафот этиши бобомнинг шамшоддек қоматини букиб қўйди.

Энг аввало, бобом туб маъноси билан айтганда, олим эди. Ҳозирги замон тушунчаси бўйича эса бирор модданинг хусусиятини ўрганган ёки бирор сўзнинг келиб чиқишини аниқлаган тор ихтисосдаги фан номзоди ҳам олим ҳисобланади.

Ҳолбуки, ҳақиқий олим деб деярли ҳар соҳадан хабардор, билимдон, кашфиётлар қилган, билган илмини ҳар қандай одамга тушунтира биладиган ва айниқса бошқаларни ҳақлигига ишонтира оладиганлар тушунилган.

Биз ўтиб кетганларни нечун ёдлаймиз, нечун ўтмишдошларимизнинг қилган ишларини “тафтиш” қиламиз ва умуман, тарих нима, у нима учун керак? Тарих ўтмишни ҳозир билан, замондошларимизни аждодлар билан қиёслаш учун керак.

Фонийда яшаб ўтганларни биз нима учун эслаймиз. Аксари ҳолларда халқ учун фақат эзгу ишлар қилганлар эсланади. Тўғри, геростратлар ҳам эсланади, аммо улар бармоқ билан санарли.

Алихонтўра ўзининг бутун сермазмун ҳаётини ана шу эзгу ишларга бахшида қилган илм эгаси эди.

Бобом фақатгина ажойиб шеъру достонлар ёзибгина қолмай, балки кўп миллионли Шарқий Туркистонни мазлумликдан озод қилиш ҳаракатига сардор ҳам эди. У ҳаракат ғалаба билан якунлангач, қонхўрлар исканжасига тушиб, Сталиннинг ўлимигача уй қамоғида (назарбанди) бўлди, лекин мафкураларига содиқ қолди. Марксизмни ўзига тумор қилиб олиб алданган кўплаб зиёлилар каби оғишмади.

Алихонтўра Соғунийнинг шеърларидан намуналар:

sog'uniy-she'rlar

Алихонтўра жасоратли фикр эгаси — биринчи бўлиб Амир Темур ҳақидаги ҳақиқатни қўрқмай очиқ айтган. Унинг қонхўр эмас, инсонпарвар, одил бўлганини ва жоҳил эмас, аксинча, оқил ва фозил жаҳонгир бўлганини далиллар билан исботлади.

“Расти-рости” деган экан Амир Темур. 1967 йили бобомнинг форсийдан қилган таржималарида “Гулистон” журналида чиқа бошлаган “Темур тузуклари”нинг куч-қудрати шунчалик бўлган эдики, адолатдан қўрққан ўша даврнинг баъзи “жуда катта” раҳбарлари асарни охиригача бостирмай тўхтатиб қўйишган эдилар.

“Ҳар бир давлат раҳбари, подшоси агар “Темур тузуклари”дан мукаммал хабардор бўлса ва унга амал қилса, у энг одил, энг қудратли ва енгилмас давлат подшоси бўлиши муқаррар”, деганди бобом.

Дарҳақиқат, Амир Темур 40 йилдан кўпроқ вақт беқиёс катта салтанат ҳукмдори бўлган ва бирор маротаба ҳам жангларда мағлубиятга учрамаган.

Бобом таржима қилган яна бир асар Аҳмад Донишнинг “Наводир ул-вақое”си бўлиб, ҳозир тўла қайта нашрга тайёрланмоқда (мақола 1992 йил 22 январда чоп этилган — “Tafsilot.uz”).

Можор шарқшуноси Ҳерман Юлиус Вамберининг қимматли асари бўлмиш “Мовароуннаҳр ёки Бухоро тарихи” асарини эса усмонли турк тилидан ўзбекчалаштирган.

Алихонтўра кучли табиб ҳам эдиким, шарқ табобатини асраб қолиш йўлида қилган хайрли ишлари, саъй-ҳаракатлари сермаҳсулдир. Бу борада қатор медицина профессорларига ҳам устозлик қилган ҳакимнинг нуқтаи назари — “Касал битта, давоси юзта” ва “Бутун тоғу тош, еру кўк — дорихона (аптека)” қабилида эди.

Тартиботи таом, парҳез, таом ейиш меъёри ва мечкайликнинг зарари ҳақида кўп сўзларди. “Шифо ул-илал”, яъни “Касалликлар давоси” деб аталган нодир тиббий асарини ҳам ватандошларга етказиш ниятимиз бор. Унда 200 га яқин касалликларни муолажа қилишнинг тажрибадан ўтган усуллари тушунарли тилда муфассал ёритилган. Сариқ касалининг йигирма уч тури мавжуд бўлиб, шундан 22 тасига шифо бор, кўп ҳолларда эса қолган биттасига ҳам шифо бор экан.

Узоқ вақт совет медицинасида сексопатология фани тан олинмаган. Ожизлигини бўйнига олиб, дарду алами ичида бўлганларнинг жуда кўпчилигига ҳаётий қувонч берганди ўшанда. 10-15 йиллаб фарзанд кўрмаган бир қанча эркагу аёллар Аллоҳнинг мадади билан оталик ва оналик бахтига эришишга сабаб бўлганликларининг гувоҳимиз.

Яна бир воқеа хотирамда яхши муҳрланиб қолган. Бобомнинг олдига 13-14 ёшлардаги бир қизни олиб келишди. У бечора қизнинг бўйнида ўзининг калласидек катта шиш бор эди. Отаси колхоз раиси экан, Иттифоқ бўйича бормаган ери, кўрсатмаган мутахассис қолмабди. Қизининг касали — томоқ раки, у тузалмайди дейишибди. Бобом у қизни 15 кунда тузатган, бўйнида шишдан асар ҳам қолмаганди.Ўшанда беморнинг отаси қувончдан ҳўнграб йиғлаганди.

Бошқа мисол: менинг дзюдо бўйича иттифоқ чемпиони бир дўстим бўларди. 25 ёшида юраги санчиб ўйнаб, ўз-ўзидан сўла бошлади. Икки ҳафтада озиб, чўп бўлиб қолди. Бобом уни ҳам  ўн кун ичида яна қайтадан полвон қилиб қўйди.

Бобом дуо сеҳри — қудрати билан ҳам инсон руҳиятини мўътадиллаштириб қўярди. “Илму ҳунар ўрганинглар, замонавий фанлардан хабардор бўлинглар”, дерди у киши.

“Нима учун кейинги асрларда Туркистон халқи бундай жоҳилият ботқоғига ботди? Бунинг бош сабаби динни асоси билан тушунмаган илм-маданият душманлари ҳокимият тепасида бўлдилар. Ўзларини дин ҳомийлари деб эълон қилиб, халқни маърифат нуридан маҳрум, замонавий илм-фандан бутунлай йироқ тутдилар. Чет давлатлар билан алоқа боғламадилар, ўқиш-ўқитиш ишларига ҳеч қандай аҳамият бермадилар. Шунинг учун Туркистон халқининг ичида уйғониш, фикр очилиш ва бор шароитдан фойдаланиш имкониятлари бўлмади. Давлатнинг инқирози, миллатимизнинг онгсизлигига шу жоҳиллар сабабчидур.

Бу балодан қутулишнинг бирдан-бир чораси эса Туркистон фарзандлари замонавий илм-фан билан тўлиқ қуролланиб, бунинг устига миллий ҳислардан ажрамай ўз она тилларини жон ўрнида асрашлари лозимдир. Бу ўринда “миллий ҳис” дедик, “диний ҳис” демадик? Бунинг сабаби эса даҳрийлар ҳукумати қурилганидан бошлаб бутун диний мактаб ва мадрасалар йўқотилиб, кейинги таълим-тарбия ишлари динсизлик асосига қаралмиш эди. Шундан буёнги мактаб болалариимиз диний тарбия кўрмаганликларидан мусулмончилик йўлларини яхши таниёлмай қолдилар. Шунга кўра Ватан болаларига диний тарбият тўсилган бўлса ҳам энди ўз миллиятларини сақлаш тил тарбияларидан сира ажрамасликлари керакдир. Чунки ҳар қандай миллат ўз динидан ажрагани устига ўз тилидан ҳам қуруқ қолар экан, унинг миллияти ютилиб, ҳаёти мунариз (инқирозли) бўлди демакдир. Миллий ҳисини йўқотиб, ўз миллатидан ажраш Қуръон ҳукми бўйича ҳаромдир. Қуръоннинг “Қул ҳавл яставаллазийна яълуму валлазина ло яъламум”, яъни “Билганлар билан билмаганлар ҳар тўғрида тенг кела олмайдилар”, — деган ҳикматли сўзини албатта амалга ошириш керак эди”.

Насл-насабсизлар ва устоз кўрмаганлар тўлақонли инсон бўлолмайдилар, деган одми фалсафа бор.

Бобом том маъноси билан жуда кўп ажойиб одамларга устоз эди.

Масалан, қозоқ академиги Оқжон Машавов “файласуфи туркий” ҳисобланган Абу Наср Форобий шахси ва ижодий фаолиятини кенг ўрганган олим ҳисобланади. Юбилейи муносабати билан у киши Форобийнинг асарларини рус ва қозоқ тилларига таржима қилишда кўп маълумотларни ва энг аввало оқ фотиҳани бобомдан олган эди.

Машҳур геолог — академик олимимиз марҳум Ҳабиб Абдуллаев бобом билан ҳар сафарги суҳбатдан катта илҳом олар эканлар.

Яна бир йирик геолог олим, марҳум академик Ғани Мавлонов ҳадеганда бобомнинг олдиларига келардилар. Ғани ака алпқомат киши эди. Остонада энг катта оёқ кийим ечилган бўлса, демак, ичкарида ўзларига хос вазминлик ва камсуқумлик билан Ғани Мавлонов ўтирган бўларди. Бобом биз фарзандлар учун айни вақтда устоз ҳам эди. У кишини гўдаклигимдан “Олтин бобо” дердим. Шундан бери жамики невара-чевара-эваралари ҳозир ҳам “Бизлар Олтин бобо авлодимиз”, дейишади. Тилим чиқар-чиқмас “Алҳамду”ни менга Олтин бобом ўргатган.

Бобом олийҳимматлик ва олижаноблик тимсоли ҳам эди. бунга беҳисоб мисоллар келтиришим мумкин. Ҳукумат боғида бир неча йил яшаганларидан сўнг бобомга Себзор даҳасидан ҳашаматли қурилган катта бир ҳовлини беришган. Шунда у катта ҳовлининг кичик бир қисмини олиб қолиб, қолганини болалар боғчасига бўшатиб берган.

Алихонтўрани ўғирлаб келиб, тантана қилган “саховатпеша” совет давлати унга умрлари охиригача 50 сўм пенсия тайин қилганда, бобом ундан ҳам бетоб мусулмон болалари фойдасига воз кечиб, бирор тийинини ҳам олмаган.

“Болалагимдан бир одатим бор, агарда иккита чопоним бўлса, унинг янгисини бировга бергим келаверади”, — дерди бобом.

Кўпчилик у кишининг валий даражасига етишганининг гувоҳи бўлишган.

Хотирамда бир воқеа яхши ўрнашиб қолган. Ғариброқ бир киши тўй қилмоқчи эдим, деб икки минг сўм пул сўраб келди. Мен ўшанда у кишининг ёнида қайсидир бир дорини тайёрлашда ёрдамлашар эдим. “Маъқул, — деди бобом, — бироз шошманг, манови дори тайёр бўлсин, болаларингиз билан ичиб юрасиз, юрак ва ошқозонга қувват бўлади”. Шу пайтда тужжор ихлосманд шогирдларидан бири бобом зиёратларига келди. Узоқ сафарда бўлгани ва ишлари ривожда эканини билдириб, ҳол-аҳвол сўрашиб, бир пиёла чой ичиб бўлгач, шу насибани сизга атагандим, тақсир, деб қоғозга ўралган пул берди ва хайрлашиб ортига қайтди. У кетгач, бобом менга шу пулни санатдилар. Пул роппа-роса 2000 сўм экан. “Мана пулингиз, худо сизнинг насибангизни ҳам етказди, бу пул қарз эмас, сизга ҳадя”, — деди.

Ўтирганлар ҳангу-манг бўлиб қолишди. Бояги одам эса йиғлай-йиғлай, дуо қила-қила хайрлашди.

Яна бир хотира. Водий сафарларидан бирида эшонзода тўйида бўлдим. Мен одатим бўйича қариялар даврасига кирдим. У ерда ўтирганлардан бири, мени танибми-танимайми, бобом тўғрисида бир ҳикоя қилиб берди.

60-йилларнинг охирларида бобом Марғилонга келмиш экан. У кишини уйига меҳмонга чақира олган киши ўзини бахтиёр ҳисобларкан, 5-6 киши бўлишиб, навбатдаги мўминнинг уйига кетишаётганда Алихонтўра ўтиб кетаётган экан, деб қайси бир хонадон вакиллари йўл кесиб чиқишибди. “Бизникига бир нафас бўлса ҳам кириб кетинг, пойқадамингиз билан хонадонимизни хушнуд этинг”, деб қўйишмабди. Бобом рози бўлиб кирибди. У ерда ҳам олим, уламолар ўтиришган экан. Тўрда эса ўша вақтдаги мусулмонлар муфтиси Зиёвиддин қори ҳазрат ўтирган экан. Уйга киргач, тўрга чиқаришибди. Бобом қандай даврада бўлмасин, албатта, илму маърифатдан, эътиқод ақидаларидан сўзларди. Бекорчи, олди-қочди суҳбатларни, ортиқча аскияни хуш кўрмасди. “Маъқул, беш-ўн дақиқа бўлса ҳам мен Қуръондан сўзлайман, — дебди муфти ҳазратга. Кейин қори Қуръонни очиб, бирор оятни ўқинг-чи!”, — дебди. Қори ака Қуръонни очиб, чиққан оятни ёддан ўқибди. Бобом бироз сукутга кетгач, оҳиста сўз бошлабди, 5-10 дақиқагина сўзлайман деган одам Қуръони Каримнинг сеҳр-қудрати билан бир оятни бир ярим соатча тафсир қилибди.

Даврадаги Абдулборий ҳожи, Абдураҳмон ҳожи, Салоҳиддин қори ва бошқалар билан шундан кейин қучоқлашиб, бошқатдан кўришдик.

Яна бир воқеани эсламай илож йўқ.

Эртаю кеч ҳузурларида зиёратга келувчилар кўп бўларди. Камдан-кам ҳолларда ҳеч ким бўлмасди. Бутун ислом бунёсидан келишарди.

Бир куни Кобул ва Теҳрон университетининг профессори бўлмиш (афсус, исми ёдимда қолмабди) бир зиёли, ўрта ёш одам келди, бошида эрони дўпписи, ёнида 2-3 та ҳамроҳи ҳам бор эди. Бобомдан рухсат сўрадим: “Бошлаб киринг”, деди. Меҳмонларни ичкарига бошлаб киргач, орадан 5-10 дақиқа ўтгач, одат бўйича патнусда ҳўл мева, ширинликлар, нончой олиб кирсам, бояги профессор иккала қўли билан дастрўмолини тутганича ҳўнг-ҳўнг йиғлаб ўлтирибди.

Мен ажабланган бўлса-да, бобомдаг хотиржам бўл деган белгини олиб, патнусни дастурхон устига қўйдиму аста чиқиб кетдим.

Меҳмонлар кетишгач, албатта, қизиқиб сўрадим. Бобом гўёки ҳеч нарса билмагандай ҳар қандай кишини сеҳрлаб ром этувчи нуроний табассуми билан бошларини хиёл кўтарди ва мен воқеадан хабардор бўлдим.

Профессор ичкарига киргач, салом-аликдан сўнг: “Тақсир, мен арабчани ҳам яхши биламан, хоҳласангиз, шу тилда сўзлашайлик, деб араб тилида мурожаат қилибди. Бобом ҳам аввал араб тилида: “Сен қайси юртдансан?” — дебди. “Кандаҳорданман”, — жавоб қилибди у. Бобом пушту қилида: “Кандаҳорнинг фалон-фалон қабилалари бор, сен қайси биридансан?” дебди. “Фалончи қабиладанман”, — деган жавоб бўлибди. Бобом ўша қабиланинг лаҳжасида сўрабди: “Сенинг қабилангнинг бешта фалон-фалон деган уруғлари бор, сен қайси бирининг ўғлонисан?” Лол қолиб кўзлари косасидан чиқаёзган профессор: “Мен фалончи уруғданман”, деб жавоб қилибди. Бобом ўша жуда кам сонли уруғининг талаффузи ўта мураккаб шевасида: “Хуш келибсан, азиз меҳмон, саломат келдингми, уруғинг омонми, авлод-наслларинг омонми, сенинг уруғингдан фалончи деган олим чиқмиш эди, унинг ҳоли қалай, қаерда яшаяпти?” — деганида меҳмон ҳаяжондан ўзини тута олмай йиғлаб юборган экан.

Йиғи аралаш: “Менинг ўз она тилимни ўзга юртда мендан яхши биладиган инсон бор экан, мен унинг олдида бош эгиб тиз чўкаман”, дебди.

Бобомнинг яхши ният билан айтган гаплари кўп. Шулар орасида яна биттасини эслаб ўтишни лозим топдим. У киши каромат билан бундай деганлар: “Бу Ўзбекистон эли, айниқса, Тошкент аҳли қут-баракотнинг киндигида яшайди. Бу ерга азиз-авлиёларнинг дуоси кетган, бунда ҳеч қачон очарчилик, қаҳатчилик бўлган эмас, ҳеч қачон бўлмайди ҳам, иншооллоҳ. Мана, Тошкент бозорларини кўринг — мисли очил дастурхон, кечда бозор расталари бўшаб, дастурхон ёпилади, тонг отиши билан расталар яна лиммо-лим, ноз-неъмат дастурхони яна очилади”.

Озод, ҳур замонгарга етказган Аллоҳга ҳамду санолар айтиш баробарида яна шуни таъкидламоқчиманки, Алихонтўра Соғуний каби зотлар ўзлари учун эмас, халқи ва эътиқоди учун яшаганлар, улар дунёдан ўтганларидан сўнг ҳам миллатимиз, динимий ва эътиқодимизга ўз даҳоси билан хизмат қиладилар.

Бобомнинг юқоридаги каромат сўзлари сизу биз мусулмонларни ҳам қилган дуолари эмасми? Бунинг шукронасини яратган Аллоҳга қилайлик. Алҳамдулиллоҳ.

Баҳманёр Шокиров

“Tafsilot.uz” маълумоти:

Мазкур мақола 1992 йилнинг 24 январида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” (“ЎзАС”) газ 4 (3160)-сонида “Туркистон фахри” номли сарлавҳа билан чоп этилган.

sog'uniy-turkiston-faxri

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>