• Бугунги сана: Dushanba, Dekabr 11, 2017

Агар қилча низо бўлса…

Халқаро ҳаёт ҳам оддий ҳаётдагидай: баъзан мантиқсизлик ҳолатларидан ҳайратланасиз. Эгрилик тўғриликни инкор этиши, кучли кучсизнинг устидан ҳукмронлик қилиши, Алининг айбини Валига тўнкаш, ёвузликнинг эзгуликка нисбатан ғаразгўйлиги, мутлақ ҳакамлик даъвоси билан чиқиш ҳолатлари одат тусига кириб қолган. Оқибатда бир давлат бошқа бир давлатни босиб олиши, бир миллат бошқа бир миллатни қуллик исканжасига солиши, бир халқ бошқа бир халққа турли тамғаларни босиши, бир дин бошқа бир динни камситиши мумкин. Халқаро ҳаётда буни кўриб турибмиз. Баъзан ҳайратдан бошимиз қотади, ўй-фикрларимиз чувалашиб кетади. Бироқ мантиқсизлик давосиз дард эканлигидан аниқ бир хулосага келолмайсиз.

2015 йил март ойининг биринчи ярмида «Евроньюс» телеканали «Ислом давлати»да асирликда бўлиб қайтган бир француз журналистидан олинган интервьюни бир неча кун мобайнида берди. Мен бу интервьюни уч кунда ўн мартадан ортиқ кўрдим. Назаримда бироз бўлса-да ҳайратим сўниб, мантиқсизликка жавоб топгандай бўлдим.

– Ўзини давлат деб атовчи бу жангари гуруҳдагилар аслида кимлар? – сўради «Евроньюс» мухбири.

– Уларнинг асосий қисмини Европа давлатларидан борганлар ташкил этади. Уларнинг айримлари Европадаги исломофобия ҳаракатидан норози бўлиб, айримлари Осиё ва Африкадаги мусулмонларнинг аянчли аҳволларига жуда ачиниб, яқин Шарқда фаластинликларга кўрсатилаётган зулм-зўравонликка нисбатан норозилик сифатида исломни қабул қилиб, қўлларига қурол олишган. Улар ислом динининг асл моҳиятини, шариат қонуниятларини яхши билишмайди, бироқ бу урушда қатнашиш билан ўз юртларидаги мусулмонларнинг камситилишларига қарши норозиликларини намойиш этмоқчи бўладилар.

Судан Президенти ҳам шундан икки-уч кун олдин худди шундай фикрни «Евроньюс» телеканалига берган интервьюсида билдирган эди. Бу интервью ҳам бир неча кун мобайнида берилди.

Француз журналистига шундай савол берилди:

– Ироқ билан Суриядаги тинч аҳолига «Ислом давлати» жангарилари кўпроқ зарар етказяптими ёки мазкур давлатларнинг ҳукумат қўшинлари билан коалицион кучларми?..

У жавоб бериб деди:

– «Ислом давлати» томонидан шу пайтгача тахминан 10 мингдан зиёд аҳоли ўлдирилди, ҳукумат қўшинлари билан коалицион кучлар томонидан эса шу пайтгача Сурияда 200 минг, Ироқда 150 минг ортиқ одам ўлдирилди. Ана энди ўзингиз хулоса чиқаринг.

Савол бераётган мухбир ўйланиб қолди. Назаримда унинг хаёлидан қочоққа айланган 3-4 миллион аҳоли ўтди.

– Мен ҳамма ҳақиқатни қоғозга туширдим, агар китобимни ўқисангиз, ҳаммасини билиб оласиз, – деди француз журналисти.

– «Ислом давлати»дагилар билан мулоқот олиб борса бўладими? – сўради мухбир.

– Бўлади. Масалан, мени Франция ҳукумати бир доллар ҳам тўламасдан мулоқот йўли билан қутқариб олди. Кейин бир йил ярим йил жанг қилиб, сўнгра ўз Ватанларига қайтиб кетаётганлар жуда кўп.

– Ўша жангарилар орасида кимлар ўта шафқатсиз?

– Европаликлар. Телеэкранларда кўрдингиз, гаровга олинганларни бўғизлаганлар асосан европаликлар.

Француз журналистининг интервьюси ҳам, Судан Президенти билан қилинган суҳбат ҳам бир ҳафтанинг ичида берилди. Бу «Евроньюс»нинг ҳақиқат ҳафтаси эди. Бу интервьюларда мантиқсизлик йўқ эди. Қанийди, ҳамиша шундай бўлса!.. Афтидан, сиёсатдаги мантиқсизлик Европадаги ҳамкасбларимнинг ҳам жонига теккан кўринади. Инсониятни чалғитиш билан тинчликка эришиб бўлмайди.

Тарих даврини бошлаб берган, Месопотамия номи билан машҳур бўлган, беш-олти минг йиллик тарихга эга бугунги Ироқ ва Сурия вайронага, култепага айланиб бораётганини бутун инсоният кўриб ва кузатиб турибди. Мантиқсизлик шундаки, илк цивилизация маркази ҳисобланган ҳудудни култепага айлантираётганлар ҳам, хотин-халаж ва ёш гўдакларни бомбалаб ўлдираётганлар ҳам, бегуноҳ одамларни бўғизлаётганлар ҳам, муқаддас динни ёмонотлиқ қилиш учун унинг номида сунъий давлат ташкил этганлар ҳам, ўзлари амалга ошираётган барча бузғунчилик, қотиллик, фитна-ю зўравонликларни ана шу давлатга тўнкаб, бутун инсониятни чал­ғитаётганлар ҳам бир. Улар турли ниқоблар остида ҳаракат қилаётган жодугарларга ўхшайди. Давлатлар ва халқлар андиша қилганлари сари уларнинг «сеҳр­лари» ошкора сурбетликка айланиб бормоқда.

Мантиқсизлик бошқа бир қадимги юрт – Афғонистонда ҳам ҳукмрон. Ўттиз етти йилдирки, бу юртнинг туб аҳолиси ўз номи билан аталмайди. 1979 йилда бу халқ­қа «душман» деган тамға босилди. Тўқсонинчи йилларда афғонларга «жангари» деган ном берилди. Иккимингинчи йилдан улар «террорист» деб атала бошланди. Айтинг-чи, ўз юртининг ва ўз халқининг озодлиги учун курашиб, Ватанни босқинчилардан ҳимоя қилган одамни қандай қилиб душман, жангари ёки террорист деб аташ мумкин?!

Айтайлик, толибон ҳам осмондан тушмаган ёки бу ерга бошқа юртдан келиб қолмаган. Яқинда Афғонис­тон Президенти толибон билан музокара олиб бориш ниятида эканини айтди. Бу яхши аломат. Ҳокимият талашиб, кимларнингдир сиёсий манфаатлари йўлида гуруҳбозлик қилиб, қандайдир ички низолар туфайли бўлиниб қолган бир давлат фуқаролари бир-бирларини «террорист» деб аташлари одат тусига кириб, оммавийлашиб бормоқда.

Масалан, ҳозир Ғарбий Украина билан Шарқий Украина аҳолиси бир-бирини «террорист» дейди. Бу мантиққа зид. Эртага бу халқлар ярашиб кетиши мумкин. Афғонистонда ҳам худди шундай. Вақти келиб, бир доно раҳбар мамлакатдаги вазиятни қўлга олиб, муроса ва мулоқот йўли билан бир коалицион ҳукумат туза олса, сиёсий бирлик ва миллий аҳиллик таъминланса, қарама-қарши томонлар бир-бирларини террорист деб аташларига ҳожат қолмайди. Бунинг учун бу мамлакат ташқи ғаразгўй кучлар таъсиридан халос бўлиши керак. Доно давлат раҳбари ташқи кучлар таъсирида ҳар мақомга йўрғалаш ўрнига ўз халқининг тақдирини ўйлаб, сиёсат юритсагина одамлар мантиқсизликдан азият чекмайди. Биз қўшни ва қардош афғон биродарларимизга шуни истаймиз.

Мен сиёсий шарҳловчи сифатида айрим минтақалардаги эътиборли давлат раҳбарларининг сўзларини, хатти-ҳаракатларини, турли воқеа-ҳодисаларга муносабатларини кузатиб, қиёслаб бораман. Шундай раҳбарлар борки, эрта-ю кеч кимгадир ҳарбий ёрдам кўрсатиш, қаерларнидир бомбардимон қилиш, қандайдир қуролланган гуруҳларни йўқотиш, қайсидир давлатга ҳарбий қурол-аслаҳа етказиб бериш, кимнингдир армиясини қайта қуроллантириш ва ҳоказо шунга ўхшаган одамзодга қирон келтирадиган хатти-ҳаракатлар ҳақида бош қотиради. Афсуски, бундай раҳбарлар битта-яримта эмас.

Айниқса, кейинги пайтда уларнинг сони кўпайиб боряпти. Энг ажабланарлиси шундаки, йирик халқаро анжуманларда айнан шундай раҳбарлар демократия ва эркинлик, инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги, демократик қонуниятлар ва фикрни эркин ифодалаш ҳақида кўп сафсата сотишади. Ахир, бу мантиқсизлик-ку!.. Куч ва қурол ишлатилаётган жойда демократия ва эркинликка бало борми? Қурол кучга кирган жойда ҳар қандай эркинлик бўғилади. Агар ҳозир бировга Афғонистон, Ироқ, Сурия ва Ливияда демократия ва эркинлик ғалаба қилди, деб кўринг-чи, сизни ақлдан озган дейишади.

Биз, мусулмонларда урушган томонларни яраштириб қўйиш учун ҳатто ёлғон гапириш ҳам мумкин. Ҳозир дунёда бунинг тескариси бўляпти. Ёлғон гапириш билан ҳатто нафақат оддий одамларни, балки давлатлар-у халқ­ларни ҳам бир-бирлари билан уруштириб қўйишяпти. Бугунги кунда бундай ҳолат мантиққа зид сиёсатнинг қуролига айланиб қолди. Афсус-надомат билан айтиш мумкинки, кучга ва қуролга меҳр қўйганларнинг оғзидан ярашиш, муроса қилиш, мулоқот ўрнатиш деган сўзлар чиқмай қўйди. Ҳозир жаҳонда низоли масалалар кўпа­йиб кетди. Бироқ куч ва қуролга ишонганлар қарама-қарши томонларни турли дипломатик усуллар билан муросага келтириш, улар ўртасида мулоқотлар уюштириш ва оқибатда уларни яраштиришга эришиш ўрнига, аксинча, тарафкашлик қилиб, қалтис вазиятларни тобора чигаллаштириб юбормоқдалар. Оқибатда низоли вазиятлардан азият чекаётган давлатлар ва халқлар ҳакамлик мақомидаги давлатлар қўлида қўғирчоққа айланиб қолмоқда.

Қуйида бир фикрни айтсам, халқимиз тўғри тушунади, деб ўйлайман. Ўтган 24 йилдан кўпроқ вақтдан бери Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатда қўяётган қадамларини ҳам кузатиб келяпмиз. Ҳали бирон марта Президент Ислом Каримовнинг кимгадир ҳарбий ёрдам кўрсатиш ёки қурол етказиб бериш, қандайдир ҳарбий тизим ёки гуруҳ таркибида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш ҳақидаги гапларини эшитганимиз йўқ. Аксинча, Ислом Каримов Афғонистондаги вазият ёки Тожикистондаги фуқаролар уруши бўладими, Ўш ва Жалолобод воқеалари ёки баъзан чегараларда юзага келган вазият бўладими, минтақавий масалалар ёки давлатлараро муносабатлар бўладими, ҳамиша мулоқот йўлини танлаб, муросага эришиб, тинчлик ва хавфсизликни таъминлаб келяпти.

Терроризмнинг оти ўчсин, бундай ҳаракатни ҳаммамиз қоралаймиз. Бироқ бу борадаги мантиқсизлик шундайки, жаҳон оммавий ахборот воситалари фақат якка-ёлғиз ҳолда амалга оширган террористик ҳаракатлар атрофида шов-шув кўтариб, кейинги пайтда авж олиб бораётган давлат терроризмига ва катта кучга эга бўлган ҳарбий-сиёсий гуруҳлар томонидан турли ниқоблар остида амалга оширилаётган террористик хуружларга кўпам аҳамият бермаяпти. Хўш, нега?! Айтайлик, икки ёки учта одам ўлган террористик ҳаракат ойлар, йиллар давомида қайта-қайта тилга олиниб, оҳ-воҳ қилинади, аммо бир пайтнинг ўзида юзлаб, минглаб одамларнинг, асосан ёш болалар, аёллар ва қарияларнинг ўлимига сабаб бўлган террористик хуружлар деярли эсланмайди ёки айбдорлар изланмайди ҳам, айтилмайди ҳам. Бунга сабаб шуки, кейинги террористик хуружлар ортида катта ҳарбий-сиёсий кучлар турибди. Йўлдан адашиб, бировнинг иғвосига учиб ёки кимларнингдир зўравонлигига қарши норозилик сифатида ўзини портлатган террорист­га эса ҳар қанча тамға босса бўлаверади. Оммавий ахборот воситаларида терроризмни лаънатлаш бир томонлама бўлгани учун одамларга ёппасига қирон келтираётган террористик хуружлар тобора кучайиб боряпти.

Бугунги кунда инсоннинг шафқатсизлиги йиртқич ҳайвоннинг ваҳшийлигидан ҳам ўтиб кетди. Баъзиларимиз телеэкранда ҳатто сиртлоннинг бошқа ҳайвонга нисбатан йиртқичлигини кўришга ботина олмаймиз. Биргина ўтган йилнинг ўзида Сурияда минглаб болалар заҳарлаб ўлдирилди. Уларнинг қийналиб жон таслим қилаётганини кўрганимизда, инсондан ваҳшийроқ жонзот йўқ экан, деган фикрга бордик. Урушаётган томонлар – битта миллат ва битта дин вакиллари айбни бир-бирларига тўнкаш учун атайлаб шу ваҳшийликни амалга оширдилар. Не ажабки, терроризмни дунёга жар солиб тергов қилаётганлар мансаб учун ваҳшийлик вабосига йўлиққанлар билан ҳатто қизиқиб ҳам қўймадилар. Бирон давлатда, аниқроғи, Ғарб дунёсида биров қоқилиб кетса, унинг қоқилишига сабаб бўлган «тўнкани» дарҳол тергов қиладиганлар бўғилаётган гўдакларнинг ўлимини қандай қилиб томоша қилдилар экан, деган фикр менга ҳалигача тинчлик бермайди.

Бундан уч минг йил олдин Қуддус шаҳри Фаластин давлатининг пойтахти эди. Бу Ҳазрати Довуд пайғамбарлик қилган даврга тўғри келади. Ҳозир Фаластин қамал ҳолатида. Халқи эса ўз ерида террорист номини олган. Йигитлари тош отишдан, аёллари йиғлашдан, қариялари дуо қилишдан бошқа нарсага қодир эмас. Кейинги йилларда БМТ, Европа Иттифоқи, Араб давлатлари лигаси ва бошқа халқаро ташкилотлар мустақил Фаластин давлатини ташкил этиш учун астойдил иш олиб бордилар. Ўтган йили БМТ Бош Ассамблеясида тахминий овоз бериш бўлди. Жаҳонда икки юздан ортиқ давлат бўлса, шунинг атиги ўн биттасигина қарши овоз берди. Фаластинликлар бундай ишончдан руҳланиб кетишди. Нафақат Осиё, Африка ва Жанубий Америкадаги, балки Европадаги етакчи давлатларнинг парламентлари ҳам мустақил Фаластин давлати учун овоз беришди. Ҳукуматлар ҳам бунга тайёр бўлиб туришибди. Бироқ қандайдир шайтоний сеҳр бунга тўсиқ бўлиб турибди. Яна мантиқсизлик ҳукмрон.

2014 йили бу халқ жуда оғир синовдан ўтди. Ғазо секторидаги уруш пайтида атиги бир неча кун ичида 500 дан ортиқ гўдак ўз оналари қўлида жон берди. Мен «Евроньюс»ни ва Россия телеканалларини мунтазам кузатиб бордим. БМТга қарашли мактаблар-у боғчалар ҳам вайрон қилинди. «Гўдак болалар қурбон бўляпти-ку», деган саволга зўравон томон вакиллари: «Ҳечқиси йўқ, террористлар кўп туғяпти, ҳар бир туғилган бола бизга хавф туғдиради», деб жавоб беришди. Бу ўша 1967 йилдан бери БМТ Хавфсизлик Кенгашининг яқин Шарқ бў­йича қабул қилган кўплаб қарорларини бажармай келаётган арбобларнинг сўзлари. Аслида бугунги дунёнинг мантиқсизлиги шундаки, ана шундай инсонларга ҳеч бир қонун-қоидаларда ёзилмаган эрк бериб қўйилган. Улар бундан жаҳолатпарастлик йўлида фойдаланмоқдалар. Оқибатда низо мантиқсизлик устунига айланиб бормоқда. Абдулқодир Бедил айтганидек:

Агар қилча низо бўлса одамда,

Йўқотур осойиш, тартиб оламда.

Юз хумда тиниқ сут бўлса, барини –

Ачитар ним томчи сирка бир дамда.

Фақат яқин Шарқда эмас, балки бошқа миллатларда юз бераётган низоларда ҳам ана шу ним томчи сирка жаҳонда оромнинг йўқолишига сабаб бўлмоқда. Жамики мантиқсизликларни енгиб ўтилган тақдирдагина инсоният ҳаёти сутдай тиниқ бўлади.

Иброҳим Норматов,

сиёсий шарҳловчи

Tafsilot.uz маълумоти:

Иброҳим Норматов — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

1943 йили Асака шаҳрида туғилган.

1959—64-йилларда Янгийўл медицина билим юртида таҳсил олган.

1964—1967-йилларда ҳарбий хизматда бўлган;

1967—1988-йилларда “Сирдарё ҳақиқати” газетасида турли лавозимларда фаолият юритган;

1967—1973-йилларда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультети (сиртқи бўлим)да таҳсил олган;

1988—1995-йилларда “Ўзбекистон” радиосида бош директор ўринбосари;

1995—1997-йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Девони етакчи консультанти;

1997—2001-йилларда “Ўзбекистон телерадиокомпанияси” раисининг ўринбосари;

2001—2009-йилларда “Туркистон-пресс” ахборот агентлиги бош директори ўринбосари вазифаларида фаолият юритган.

1997 йили “Ўзбекистон Республикасида  хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони билан тақдирланган.

2002 йили “Йилнинг энг фаол журналисти”, 2004 йили “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловлариида ғолиб бўлган; 2006 йили “Олтин қалам” I миллий мукофоти учун ўтказилган халқаро танловда матбуот йўналиши бўйича ғолибликни қўлга киритган.


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Санжар Жавоб бериш
    2 yil олдин

    Жудаям тўғри сиёсий шарҳ бўлибди. Жафокаш Сурия халқига аввало ўз ҳукумати ёрдам бермагач бошқа четдан келган «ҳашарчи»лардан нимани кутса бўларди. Уларнинг мақсади чўнтакни қаппайтириш, қурол яроғини сотиш. Бунинг учун эса тинчлик эмас уруш керак уларга.

  • ULUG'BEK Жавоб бериш
    2 yil олдин

    Dolzarb mavzu. Fuqarolik urushlarini keltirib chiqarayotgan kuchlar va ularning manfaatlari yo’lida qurbon bo’layotgan xalqlarning azob-uqubatlari haqqoniy tahlil etilgan. Bir narsaga ishonchim komil, bu dunyoda vaqt o’tib yaxshilik ham, yomonlik ham turli qiyofa-yu ko’rinishlarda qaytadi. Bunga tarix guvoh.
    Maqola juda yoqdi. Muallifga minnatdorlik bildiraman. Bu mulohazalar yurtdoshlarimiz uchun dunyo sahnasidagi ko’ngilsizliklar, urush-janjallarni to’g’ri tahlil qilishi uchun zarur. Ilohim, Vatanimiz doim tinch va farovon bo’lsin. Umuman, mintaqamiz, dunyoimiz tinch-osoyishta bo’lishini tilaymiz.
    Ozodlik, taraqqiyot, tinch-totuv hayot – xalqimizning asriy orzusi ekanligi va biz buni asrab-avaylashimiz lozimligi shunchaki balandparvoz gaplar emas! Buning zamirida qanchalar orzu, umid, ishonch bor. O’zbekistonimizga ko’z tegmasin!

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>