• Бугунги сана: Juma, Noyabr 24, 2017

Афғонистон: кеча, бугун, эртага

Вайроналар аро қурол кўтарган ўспириннинг мунгли қиёфаси...
Вайроналар аро қурол кўтарган ўспириннинг мунгли қиёфаси…

Бугун Афғонистон ҳақида гап борганда кўпчиликнинг кўз ўнгида мана шундай манзара гавдаланади. Нега? Нима учун бу жафокаш халқ уруш ичида яшашга маҳкум? Нима учун тамаддундан орқада қолган бу замин сўнгги икки аср ичида улкан сиёсий кураш майдонига айланиб қолди?

Ер юзининг шундай минтақалари, ҳудудлари борки, улар табиий ва турли-туман қазилма бойликлари билан эмас, айнан географик жойлашуви билан йирик империялар эътиборини ўзига жалб этади. Осиёнинг стратегик муҳим минтақасида жойлашган Афғонистоннинг сиёсий курашлар ва фитналар марказига айланиб қолаётганининг асосий сабаби ҳам шунда.

“Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидир”… Шундай иш кўрсак, Афғонистон ва унинг атрофида (бошқа оловли нуқталарда ҳам) кечаётган геосиёсий ўйинлар моҳиятини ўрганиш осонроқ кечади.

Афғонистоннинг узоқ ва яқин тарихи бевосита юртимиз тарихи билан боғлиқ кечганини яхши биламиз. Афғон давлатчилиги тарихи, умуман олганда, XVII асрга бориб тақалади. Бунга қадар бу ҳудуд Турон ва Эрон ҳукмдорлари ўртасида талаш бўлиб келгани, турли даврларда империялар, кучли қўшни давлатлар таркибида бўлгани тарихдан маълум. Хусусан, араб халифалигига қадар бу ҳудуд туркий ҳоқонлар, баъзида эса эроний шоҳлар тасарруфида бўлиб келган. Кейинроқ Маҳмуд Ғазнавий, Хоразмшоҳлар, Мўғуллар, Темурийлар салтанатининг таркибий қисми саналган.

Умуман, 1747 йилда Аҳмадшоҳ Дурроний томонидан мустақил афғон давлатига асос солингунга қадар, бу замин бевосита минтақа мамлакатлари билан бир тарихни бошдан кечирган. Мисол учун, Бухоро хонлигини юксалтирган барча ўзбеклар хони — Абдуллахон 1584 — 1588 йилларда Бадахшон ва Хуросонни ўз измига бўйсиндирган эди. Фақат Бобурийлар буюк империясининг энг юксалган вақтида шоҳ Аврангзебга ҳозирги Ҳиндистон, Бангладеш, Покистон, Афғонистон ва Эроннинг катта бир қисми қарам эди.

Эрон салтанатининг туркий ҳукмдорларидан бири Нодиршоҳ 1738 йилда Афғонистоннинг жанубидаги йирик шаҳар Қандаҳорни қўлга киритади. Қандаҳор ва унинг атрофлари асрлар давомида бобурийлар ва сафавийлар ўртасида талаш бўлиб келар, бу пайтда эса афғонлар қўлида эди. Нодиршоҳ Мовароуннаҳр, Афғонистон ва Ҳиндистонни ўз назоратига олгач, Афғонистон волийси этиб Қандаҳор амири Аҳмадшоҳ Дурронийни тайинлайди.

Сабаби, афғонларнинг абдали қабиласи жангчилари ва ёлланма ўзбек суворийларига қўмондонлик қилган ёш Аҳмадхон Бухоро юришида, Арманистонни забт этишда, Доғистондан русларни ҳайдаб чиқаришдаги жасорати билан Нодиршоҳ эътиборини қозонган эди.
1747 йилда, Эрон кучли салтанатга айланганидан кейин форсий аёнлар туркий Нодиршоҳни йўқотиш ҳаракатига тушишади ва ўша йили уни ўлдирадилар. Салтанатда парокандалик бошланган бир вазиятда афғон лашкарбошилари Аҳмадшоҳни мамлакат амири деб эълон қилишади. Аҳмадшоҳ афғонистон ҳудудидаги мустақил хонликларни тугатиб, ягона империяга айлантиради. “Дури даврон”, кейинроқ, “Дурроний” деб улуғланган Аҳмадшоҳ ҳукмронлиги даврида Покистон, Афғонистон ва Эроннинг шарқий ҳудудлари унинг назоратида бўлган. У асос солган салтанат Афғонистон эмас, Дурронийлар империяси номи билан тарихда қолди.

1772 йилда Аҳмадшоҳ вафотидан сўнг шаҳзодалар ўртасидаги тахт учун кечган курашлар натижасида империя парчаланиб кетади. (Таниш ҳолат, шундай эмасми?) Бу сулоланинг охирги вакили Айюбшоҳ Дурронийни 1823 йилда Баракзай сулоласидан бўлган амирлар тахтдан йиқитишади. Империя Кобул, Ҳирот, Қандаҳор ва Пешавор хонликларига бўлиниб кетади. Мамлакатни қайта бирлаштириш йўлидаги барча уринишлар зое кетади.

1836 йилда ўзини Афғонистон амири дея эълон қилган Баракзай сулоласидан бўлган Кобул хони Дўст Муҳаммад мамлакатни бирлаштиришга жиддий киришади. Аммо бу пайтга келиб йирик империялар томонидан «Катта ўйин”, яъни минтақани бўлиб олиш сиёсати бошлаб юборилган эди. Афғонистонга шимолдан — Туркистонни мустамлакага айлантиришга киришган Россия, жанубдан — Ҳиндистондан туриб Англия кўз тикаётган эди. Нодиршоҳдан сўнг қайтиб куч йиғолмаган Эрон эса ўз-ўзидан бу “ўйинда ”“аутсайдерга” айланиб қолади.

29

Шу ўринда минтақа тарихи ҳақида гап борганда кўп бор такрорланувчи “Катта ўйин” сиёсати ҳақида ҳам қисқача тўхталиб ўтиш талаб этилади.

Маълумки, “Катта ўйин” атамаси (инглизча Great (Grand) Game) Британия, Россия ва Хитой империяларининг Жанубий ва Марказий Осиё устидан геосиёсий ҳукмронлик учун олиб борган ўзаро курашиини англатади. Бу кураш ошкора эмас, томонлар очиқчаси тўқнашмайдилар. Фақат “шарпалар” уруш олиб боради, уларнинг манфаати учун бошқалар қон тўкишади. Шунинг учун ҳам “Катта ўйин”нинг русча талқини “соялар рақси” бўлса керак. Таассуфки, 19 асрда бошланган бу “Катта ўйин” турли кўринишларда ҳамон давом этмоқда.

Бу атама биринчи марта 1840 йилда Ост-Инд компаниясига хизмат қилган инглиз зобити Артур Конноли (1842 йилда Бухоро амири Насруллохон қатл эттирган) томонидан қўлланилган, машҳур инглиз адиби Редьярд Киплинг романи орқали кенг муомалага кириб келган.

Россия империяси жанубга қилаётган мустамлакачилик юришларини Туркистоннинг беҳисоб табиий ва қазилма бойликларини ўзлаштириш, биринчи галда пахтага бўлган эҳтиёжини қондириш билан изоҳлаган бўлса, инглизларни кўпроқ Британия мулкига айланган Ҳиндистонни Марказий Осиё томондан содир этилиши мумкин бўлган хуружлар безовта қилаётган эди. Россия учун Ҳиндистонга йўл фақат афғон тупроғи орқали экани икки томон учун ҳам кунджай равшан эди. “Катта ўйин”нинг бошида руслар жанубда Туркистон ерлари билан кифояланадиган, инглизлар эса Афғонистонга даъвогарлик қиладиган бўлди. Бироқ, кўп ўтмай ҳаммаси чалкашиб кетди…

“Мени дўстларимдан қутқаринг”. Карикатура.

Афғон амири Шералихон айиқ (Россия) ва шер (Англия) ўртасида

Бу йил Афғонистондан инглиз қўшинлари олиб чиқиб кетилганига 94 йил тўлди

Афғон менталитетидаги устувор жиҳат, шубҳасиз, эрк ва ҳурриятга бўлган муҳаббатдир. Буни 19 аср ва 20 аср бошларида афғон халқининг инглиз мустамлакачиларига қарши олиб борган миллий озодлик кураши мисолида ҳам кўриш мумкин.

Ўн тўққизинчи асрнинг бошида инглиз қўшинлари Деҳлини эгалладилар. Ҳиндистоннинг катта қисми Буюк Британия мустамлакасига айланди. Буюк Бобурийлар империясининг ерлари анча камайди. Сулоланинг ҳукмронлиги 1857 йили Баҳодиршоҳ II нинг ҳалокати билан тугайди. Шу йили инглизлар хизматидаги ҳинд сипоҳийлари Баҳодиршоҳ II бошчилигида мустамлакачиларни ҳайдаб чиқаришга уриниб, қўзғолон кўтардилар. Аммо “сипоҳийлар қўзғолони” дея ном олган бу қўзғолон аёвсиз бостирилади. Инглизлар исёнчилар, жумладан Баҳодиршоҳ IIни ҳам замбаракнинг оғзига боғлаб отиб, тилка-пора қилишади. Ҳиндистонни тўлиқ мустамлакага айлантирган Британия тез орада Афғонистон ерларига юришни бошлайди.

Афғон менталитетидаги устувор жиҳат, шубҳасиз, эрк ва ҳурриятга бўлган муҳаббатдир. Буни 19 аср ва 20 аср бошларида афғон халқининг инглиз мустамлакачиларига қарши олиб борган миллий озодлик кураши мисолида ҳам кўриш мумкин. Биринчи афғон-инглиз урушида (1838 — 1842 й.) инглизларнинг 16 минглик қўшини батамом қириб ташланган. Шунингдек, 1880 йилда Мейванд деган жойда бўлиб ўтган маҳорабада инглизлар иккинчи марта яксон қилинган. Инглизлар бундай шармандали мағлубиятларни, табиийки унутишмади. 1919 йилда Англия учинчи марта Афғонистонга юриш уюштирди. Қабилалар ва миллатлараро зиддиятларга қарамай, Афғонистон халқи ажнабий босқинчиларга қарши ягона байроқ остида бирлашди. 340 минглик инглиз-ҳинд қўшинларига қарши 60 минглик афғон армияси муносиб қаршилик кўрсата олди. Натижада 1919 йилнинг 8 августида Англия Афғонистон суверенитетини тан олишга мажбур бўлди. Ўша йили афғон амири Омонуллахон Афғонистоннинг тўлиқ мустақиллигини эълон қилди.

1880 йил. Мейванд жанги

Шу санадан бошлаб 1973 йилгача, яъни ҳокимиятга Муҳаммад Довуд ҳукумати келган вақтга қадар мамлакатда нисбатан барқарорлик ҳукм сурди.

1919 йилнинг 27 мартида совет ҳокимияти афғонистон суверенитетини тан олди. Шу тариқа Британия бу заминдаги ваколатларини бой берди.

Шу ўринда Афғонистон ҳақида айрим маълумотларни келтириб ўтамиз.

Бугун Афғонистон Ислом Республикаси сўнгги ўттиз йил ичидаги муттасил урушлар сабаб иқтисодиёти издан чиққан кўп миллатли мамлакатдир. Аҳолиси 28,4 млн. Мамлакатда беш: эроний, туркий, арабий, шимолий ҳинд, дравид этник гуруҳларига мансуб 20 дан ортиқ миллат вакиллари истиқомат қилади. Шундан 39 % пуштунлар (8,2 млн.), 34 % тожиклар (3,3 млн.), 9 % ўзбеклар (2 млн.) ва хазоралар (1,5 млн.), чороймоқлар (1 млн.), туркманлар (500 минг) ташкил этади. Шунингдек, кам сонли қирғиз, нуристонийлар, яҳудийлар, араблар, қорақалпоқлар, курд ва келиб чиқиши ҳинд бўлган турли қабилалар ҳам истиқомат қилади. Афғонистон жамиятида миллатчиликнинг таъсири жуда кучли.Ўлкада уруғ-қабилачилик муносабатлари яққол сақланиб қолган.

Аҳолининг 88 % сунний мусулмонлар ташкил этади. Шиалар 18 %, қолган 2 %ни турли бошқа динларга эътиқод қилувчилар ташкил этади. Суннийлар — пуштунларнинг катта қисми, тожиклар, ўзбеклар, туркманлар, белужийлар, чораймоқлар, араблар ва бошқа миллатлар, шиалар — форслар (асосан Ҳирот ва Фараҳда), тоғлик тожиклар, ҳазоралар, шунингдек Афғонистон шарқида яшовчи тожик ва пуштунлар.

Шуни ҳам айтиб ўтиш ўринлики, Афғонистон ҳудудида жойлашган бир неча минг йиллик тарихий аҳамиятга эга меъморий ёдгорликларнинг ҳақиқий ворислари афғонистонлик ҳозирги ўзбеклардир. Мутахассислар Афғонистондаги ўзбеклар нуфуси камайтирилиб кўрсатилишини, аслида ўзбеклар етти-саккиз миллиондан ошиб кетганлигини айтишади. Сон жиҳатидан Ўзбекистон ташқарисида яшайдиган ўзбеклар ичида Афғонистон ўзбеклари биринчи ўринда туради. Дунё бўйича Ўзбекистондан ташқарида фақат Афғонистонда ўзбек тили Конституцияга кўра расмий давлат тили деб тан олинган.

(Давоми бор)

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Шавкат Жавоб бериш
    2 yil олдин

    Аввло тадқиқодчига ўз миннатдорчилигимни билдираман ва давомини кутиб қоламиз.
    Сиздан илтимос имкон қадар Афғонистон ва Туркистон (ТАССР) ёки ТМ муносабатлари ҳақида маълумот ёки бирор бир маълумот олиш мумкин бўлган манбалар ҳақида маълумот берсангиз.

  • Мардон Жавоб бериш
    6 oy олдин

    Davomini topmadim. Qo’shni Afg’on o’zbeklari haqida ko’proq bilmoqchiman.

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>