• Бугунги сана: Seshanba, Oktabr 17, 2017

Чемпионлар лигаси тарихидаги 7 та ақл бовар қилмас «камбэк»

Европа чемпионлари лигасининг нимчорак финали доирасидаги биринчи ўйинда бир қатор жамоалар икки ва ундан кўп тўп фарқи билан ютқазишган. Хўш, улар турнирда юришини давом эттиришдан умидини узавериши керакми ёки ҳали ҳеч нарса йўқотилмаганми? Tafsilot.uz ана шу жамоаларнинг кейинги босқичга чиқа олиши нечоғли ҳақиқатга яқинлиги билан қизиқиб кўрди. Маълум бўлишича, худди шундай ҳолатда жуда кўплаб клублар воқеалар ривожини бутунлай бошқа томонга буриб юбора олган экан. Қуйида энг ҳайратланарли 7 та «камбэк» ҳақида батафсил маълумот берамиз.

  1. «Олимпиакос» – «Манчестер Юнайтед»

Биринчи ўйин: 2:0 (Пирей)

Жавоб учрашуви: 0:3 (Манчестер)

ЕЧЛ, 2013—2014-йилги мавсум, 1/8 финал

Биринчи ўйинда «МЮ»нинг ўйини умуман қовушмаган. Алехандро Домингес 38-дақиқада гол уриб, «Олимпиакос»ни олдинга олиб чиққан бўлса, Жоэл Кэмпбелл «қизил иблислар» дарвозасига яна бир тўп киритиб, жамоасининг устунлигини мустаҳкамлаган. Ўйиндан кейин деярли ҳамма юнонларнинг бу баҳсда ғалабага ҳақли экани, натижа мутлақо адолатли бўлганини таъкидлашган. Ҳатто «МЮ» устози Дэвид Мойес жамоасининг ўйини чиқмаганини, рақиб бунга имкон бермаганини тан олган, аммо «Олд Траффорд»да бир қанча мисли кўрилмаган ўйинларнинг гувоҳи бўлганини қистириб ўтганди. Буни қарангки, жавоб учрашувида ана шундай ақл бовар қилмас ўйинларнинг навбатдагиси рўй берди. Инглизлар 3:0 ҳисобида ғалаба қозониб, кейинги босқичга чиқишди, учала голни ҳам Робин ван Перси урди.

  1. «Челси» – «Барселона»

Биринчи ўйин: 3:1 (Лондон)

Жавоб учрашуви: 1:5 (Барселона)

ЕЧЛ, 1999—2000-йилги мавсум, 1/4 финал

Ҳали Абрамович «Челси»ни сотиб олмаган, Фигу эса Каталонияда тўп тепиб юрган кезлар эди. Лондондаги ўйинда майдон эгаларининг қўли баланд келади. «Арестократлар»нинг учта голига «кўк-анор ранглилар» биттагина тўп билан жавоб бера олишади. «Камп Ноу»да бўлиб ўтган жавоб учрашувида каталонияликлар худди шундай ҳисобда ғалаба қозонишади. Асосий вақтда ғолиб номи аниқланмагач, қўшимча таймлар белгиланади. Ривалдо ва Клюйвертлар экстра-таймларда биттадан гол уриб, жамоасининг кейинги босқичга чиқишини таъминлашади. «Биринчи ўйин биз учун катта зарба бўлган эди, аммо биз вазиятни ўзгартира олдик ва жуда ажойиб ўйинларимиздан бирини намойиш этдик», – деган эди Луиш Фигу учрашувдан кейин.

  1. «Наполи» – «Челси»

Биринчи ўйин: 3:1 (Неаполь)

Жавоб учрашуви: 1:4 (Лондон)

ЕЧЛ, 2011—2012-йилги мавсум, 1/8 финал

«Наполи» – «Челси» қарама-қаршилиги юқоридаги мисолга жуда ўхшайди. Фақат бу сафар «Челси» қурбон эмас, аксинча, овчи ролида. Биринчи ўйинда неаполликлар 3:1 ҳисобида ишончли ғалабага эришишади. Лондондаги жавоб учрашувида ҳам худди шундай ҳисоб қайд этилади. Бу сафар «аристократлар»нинг фойдасига. Қўшиб берилган таймларда «Челси» – «Барселона» ўйинидагидан фарқли ўлароқ дарвозага битта тўп киритилади. Бранислав Иванович томонидан «Наполи» дарвозасига урилган ушбу гол лондонликларни чорак финалга олиб чиқади. Ўша мавсумда «Челси» Роберто ди Маттео мураббийлигида ЕЧЛ бош совринини қўлга киритади.

  1. «Милан» – «Барселона»

Биринчи ўйин: 2:0 (Милан)

Жавоб учрашуви: 0:4 (Барселона)

ЕЧЛ, 2012—2013-йилги мавсум, 1/8 финал

«Барселона» Миланга фақат ва фақат ҳужум қилиш учун келган, буни англаган мезбонлар ҳам каталонияликларга ажойиб совға ҳозирлаб қўйишган эди. «Милан» шунақанги ҳимоя қўрғонини ташкил этишдики, «кўк-анор ранглилар» ҳарчанд уринишмасин буни бузишолмади. Ўйиннинг боришидан ўшанда кўпчилик Аллегри жамоаси тўп назоратини тўлалигича рақибга бериб қўйиб, 0:0 ҳисобини сақлаб қолиш учун ўйнаяпти деган хаёлга ҳам борганди. Италияликларнинг «Барселона»дек жамоа билан тенгма-тенг ҳужумкор ўйин намойиш этолмасликларини тушунган ҳолда ушбу йўин танлаган тактикаси якунда ўзини оқлади: дурангни сақлаб қолиши ҳам гумондек кўринаётган клуб 2-таймда 2 та гол уриб, «Камп Ноу»га фаворит сифатида ташриф буюрди. Бироқ улар Каталонияда ўз майдонларида намойиш этган ўйинни кўрсатиша олмади. «Барселона» жавобсиз тўртта гол уриб, чорак финалда ўйнаш ҳуқуқига эга бўлди.

  1. «Порту» – «Бавария»

Биринчи ўйин: 3:1 (Порту)

Жавоб учрашуви: 1:6 (Мюнхен)

ЕЧЛ, 2014—2015-йилги мавсум, 1/4 финал

Сўнгги йилларда «Бавария» кучли ва барқарор ўйнамоқда. Шунга қарамай, жамоанинг икки йил олдин Португалиядаги ўйини кўпчиликни ҳайрон қолдирган эди.  Ўша ўйинда «Порту» ҳеч бир муболағасиз мюнхенликларни парча-парча қилиб ташлаган эди. Учрашувдан кейин «Бавария» бош мураббийи Хосеп Гвардиола рақиб ўйиннинг 10-дақиқасидаёқ 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олгани, шогирдлари эса бундай ҳолатга кўникишмагани учун вазиятни ўнглай олишмаганини тан олган эди. Жавоб учрашувида «Бавария» шунчаки ғалаба қозонмади, аксинча, рақибни тамоман тор-мор келтирди. Мюнхенликлар ушбу жуфтликдан ким навбатдаги босқичга чиқиши ҳақидаги саволларга ўрин қолдирмаган ҳолда ўйиннинг 40-дақиқасидаёқ 5:0 ҳисобида ғалаба қозонишаётган эди.

  1. «Реал» – «Монако»

Биринчи ўйин: 4:2 (Мадрид)

Жавоб учрашуви: 1:3 (Монако)

ЕЧЛ, 2003—2004-йилги мавсум, 1/4 финал

«Монако» Москванинг «Локомотив»и тўсиғидан қийинчилик билан ўтгач, Мадриднинг «Реал»и билан рўбарў бўлди. Испаниядаги ўйин 4:2 ҳисобида якунланди, француз жамоасининг кейинги босқичга чиқиши эртакдек туюлаётган эди. Бундан ташқари, жавоб учрашувида «Қироллик клуби» афсонаси Раул ҳисобни очади. Бироқ мазкур баҳсда Раулнинг эмас, балки Испания терма жамоасининг бошқа бир ҳужумчисининг пешонасига ўйин қаҳрамони бўлиш ёзилган экан. «Реал»нинг «Монако»га ижарага берилган ўйинчиси Фернандо Морьентес биринчи ўйинда ҳам муносиб тўп тепган, натижада француз клуби назарий жиҳатдан бўлса-да, кейинги босқичга чиқиш имкониятини сақлаб қолган эди. Жавоб ўйинида Морьентес Раулнинг голига жавобан мадридликлар дарвозасига кетма-кет иккита тўп киритиб, «Реал» футболчиларини асабийлашишга мажбур қилади. Людовик Жюли «Монако»нинг учинчи голига муаллифлик қилади. Айнан унинг голи «Қироллик клуби»ни Чемпионлар лигасидан чиқариб юборди. Мана шунинг учун ҳам трансфер ойнаси очилган заҳоти «Барселона» уни таркибига қўшиб олганди.

  1. «Милан» – «Депортиво»

Биринчи ўйин: 4:1 (Милан)

Жавоб учрашуви: 0:4 (Ла-Корунья)

ЕЧЛ, 2003—2004-йилги мавсум, 1/4 финал

Мана, Европа чемпионлари лигаси тарихидаги афсонавий «камбэк»ка ҳам етиб келдик. Биринчи ўйинда таркибида Шевченко, Кака ва Пирлодек футбол афсунгарлари жамланган «Милан» рақиб дарвозасига 4 та гол уришнинг уддасидан чиқади. «Депортиво» бунга бор-йўғи битта тўп билан жавоб беради холос. Ўша пайтда ақлдан озганларгина ЕЧЛнинг амалдаги ғолиби эмас, балки испан жамоасининг кейинги босқичга чиқишини тахмин қилган бўлса ажаб эмас. Бироқ «Депортиво» имконсиз ишни рўёбга айлантиради. Ўз майдонидаги жавоб учрашувида 4:0 ҳисобида ғалаба қозониб, турнир рекордини ўрнатади. ЕЧЛ тарихида биринчи марта дастлабки ўйинда 3 та тўп фарқи билан ютқазган жамоа кейинги босқичга чиқади.

Адҳам Ўрол ўғли тайёрлади


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Azamystic Жавоб бериш
    2 yil олдин

    1999-2000 мавсумдаги финални хам кушса буларди

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>