• Бугунги сана: Payshanba, Dekabr 14, 2017

586/26

Бир миллат бор эди: қадим ва шонли. Бир ЭР ЎҒЛИ бор эди. Кўзларидан олов порлар эди. Шундай ЭР ЎҒЛОН эдики, қадамидан ўт чақнар эди. Дунёга Сўз айтар эди ҳайиқмай. Дунё уни тингларди.

Унинг улуғлигидан Онаси дунёга алла айтар эди.

Унинг алласидан дунё тебранар эди. Тоғлар тўлғонар эди.

У миллатнинг тимсоли адолат эди. Дини адолат эди. Виждони адолат эди. Унинг нафаси адолат эди. Унинг юзи марҳамат эди. Сийрати марҳамат эди.

Унинг КЎКдан тушган байроғи бор эдики, дунёнинг ярмини ўраган эди. Номардлар, каззоблар, ўғрисию тўғриси, дўстию душмани уни кўрса қадамини тек тутар, минг ўйлаб бир сўзлар эди.

У миллатнинг қалб меҳробида турарди у БАЙРОҚ. У Байроқ ҳилпираган юрт борки обод бўларди. Шу Байроқ соясида ЭР ЎҒИЛЛИ миллат ДУНЁга СЎЗ айтар эди.

Чархи Фалак…

Бевафо Фалак…

Гардиши Худодан ўзгага номаълум Фалак…

1405 йил. Миллат ЭР ЎҒЛИНИ, ЭЛ БОШИНИ заминга берган йил.

1405 йил. ДУНЁга сўз айтган Миллатнинг овози бўғилди. Овози синди. Байроқни бўлдилар.

Аввал иккига.

Кейин тўртга…

Кейин юзга…

Миллатга эга кўпайди.

Биров у деди, биров бу деди. Ҳар ким ўзича деди. Натижа Байроқни парчалашди. Азиз қиламиз деб хор қилишди. Узоқни ўйлашмади, узоқни кўра олишмади.

Миллат дардга чалинди. Миллат бўлинди.

Кейинги Эл бошилар изтиробга малҳамни ҳарамдан излашди.Таскинни ҳарамдан излашди.

Ҳарамнинг ичига эр бошилар кириб кетди.

Ташқарида миллат етим қолди. Миллат хор қолди. Ким нима деса қулоқ тутадиган бўлди.

Дунёга Сўз айтган миллат индамай сўз тинглашга ўрганди.

Айтганни қилишга ўрганди.

Она миллат сарсон бўлди.

Болалари майда бўлди.

Болаларнинг дардлариям майда бўлди.

Бу ҳасратлар узоқ бўлди…

Бу тузоқлар узоқ турди…

Бунгача Она миллат оҳи кўкка етди. Ер остида авлиёлар имдод деди… Худойим бу элатга бир ЭР бош бермади. Элатга Эр бош бўлмади. Она миллат Худога дард айтди. Ҳасрат айтди.Йиғлаб айтди. Ҳўнграб айтди. “Ноасл асл бўлмайди, асл ноасл бўлмайди. Аслимга қайтар эй бор Худоё!” деб айтди.

584 йил айтди.

1989 йил.

Миллатга Ўктам ЭР Бош бўлди. Айтдики: “Eтар она йиғлама, додинг Худога етди. Тур ўзингни ўнглаб ол Онам. Сени узоқларга олиб борурман. Дардларингга дармон бўлурман!”. То она бу ЭЛга бошни таниб олгунга қадар, унга ишонгунга қадар яна икки йил ўтди.

1991 йил. Кўзларидан ўт чақнаб келди. Қадамидан ўт чақнаб келди. Дунёга Сўз айтаман деди ҳайиқмай. Она миллатига бир туҳфа берди Худонинг изни билан. Онажон миллатига Эркини қайтариб берди. Дедики: “Онажон бу Худодан туҳфа”. Онаси деди: “Минг раҳмат болам, лек бир туморим бор эди азал, ҳар балою ҳар қазодан қўрирди руҳим… 586 йил аввал парчалаб ташланган эди. У менинг меҳробим ҳам, кафаним эди…”.

Дунёга СЎЗ айттирган муқаддас БАЙРОҚ… ОНА миллат қайтиб олди Тангри неъматин. ЭЛга Бош бўлган ЭР ўғил, Ўктам ўғил миллатга 586 йил ўтиб Байроғини қайтарди.

Шонли байроғини.

Кўҳна дунёда Янги СЎЗ айтишга имкон берган, руҳи Қадим, жисми янги БАЙРОҚ келди.

Соясида адолат кафиллик топгувчи, тинчлик ва барака қўним топгувчи, Бу миллатни Қаддини кўтарувчи, Дунёга СЎЗ айттиргувчи.Мана шу 586 йиллик танаффусдан сўнг БАЙРОҚ миллатга қайтганига ҳам бугун 26 йил бўлибди. Шу сабаб бугунги куннинг қадрини тушунган, ҳис қилган, англаганларга ана  шу БАЙРАМ, МИЛЛАТНИНГ буюк байрами МУБОРАК БЎЛСИН!!!

586/26 ҲАММАГА МУБОРАК!!!

Самимият билан

Саид-Абдулазиз Юсупов

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>