• Бугунги сана: Payshanba, Oktabr 19, 2017

Чет тилини тез ўрганишнинг бешта оддий усули

Чет тилини ўрганишда сабрсизлик қилмайдиган одам камдан кам топилади. Куф-суф десангу тилни ўрганиб қўя қолсанг. Лекин бу у қадар осон иш эмас, шу билан бирга, тасаввурдагидай қийин иш ҳам эмас.

Исталган хорижий тилни ўрганишда муваффақиятни таъминлайдиган энг муҳим жиҳат бу қобилият ва истакдир. Қобилият масаласида қўрқмасангиз бўлади, чунки у ҳар бир одамда бор. 2006 йили америкалик олим Ричард Спаркс ўз тадқиқотлари билан тил ўрганиш учун аллақандай оламшумул туғма истеъдодлар керак деган фикр асоссиз эканини исботлади. Энди истакка келсак. “Истак – бу минглаб имкониятдир, хоҳламаслик эса – минглаб баҳонадир” деган ҳикматли гап жуда топиб айтилган. Бир нарсани аниқлаб олинг: сиз тилни ўрганишни истайсизми ёки йўқ? Агар хоҳишингиз жиддий бўлса, қуйидаги маслаҳат-йўриқлар сизга албатта ёрдам беради.

Сўзлашгичлардан фойдаланинг

Жуда кўп тилчи олимлар фикрича, тилни сўзлашгичлар ёрдамида ўрганиш алоҳида сўз ва ибораларни, гап қурилишини ёдда сақлаб қолишга катта туртки беради. Тилни биринчи шахс тилидан айтиладиган тайёр жумлалар орқали ўрганаётган одам гапларни шунчаки такрорламайди, ўзини маълум ҳолат-вазиятларда ҳис этади. Масалан, дўконда савдо қилиш учун керак бўладиган гап-ибораларни ўрганиш асносида киши худди олди-сотди қилаётгандай сезади ўзини. Россияда инглиз тилини чуқурлаштириб ўргатишга ихтисослашган мактабда тадқиқот ўтказилди. Ўқувчилар матннинг биринчи шахс тилидан айтиладиган қисмини тўқсон саккиз фоизга эсда сақлаб қолди. Бу тилни сўзлашгичлар ёрдамида ўрганиш катта самара беришини кўрсатади.

Қоида бўйича ишланг

Мутахассислар янги сўзларни ўзлаштиришнинг жуда унумли усулини топди. Кунига 30 та сўз ёдлайсиз, уларнинг 5 таси феъл бўлиши керак. Ҳар куни луғатдаги сўзлардан алифбо бўйича саралаб оласиз. Масалан, бугун “А” ҳарфидаги дастлабки ўттизта сўз танланса, эртага “Б” ҳарфидаги ўттизта сўз танланади. Алифбо бўйича тўлиқ айланиб чиқилгач, яна “А” ҳарфининг кейинги ўттизта сўзи ёдланади. Бу одат аста-секин тизим бўлиб шаклланади ва ёдлашингиз борган сари осонлашади.

Ушбу усул фойда бериши учун ҳар куни сўз ёдланг, дам олиш куни умуман бўлмаслиги керак!

Шеър ва қўшиқларни ўрганинг

Энг ёқимли ва самарали усуллардан бири хорижий шеър, қўшиқларни уларнинг таржималари билан бирга ўрганишдир. Бу усулдан фойдаланиб инглиз тилини уч ой ичида ўрганиб олганлар жуда кўп топилади. Тилшунослар бу йўл шеър ва қўшиқларни ўрганувчининг ўзи ўгирганда айниқса унумли бўлишини айтади.

Мазмунни англанг

Хорижий тилларни ўзлаштириш бўйича тадқиқот олиб борувчи руҳшунослар жуда кўп одамлар йўл қўядиган битта хатога эътибор қаратди: ўрганувчилар кўпинча сухандоннинг гапи ёки диктофондаги суҳбатни тўлиқ тушуниб етиш пайида бўлади. Аслида ҳар бир товушни илғашга эмас, умумий мазмунни фаҳмлашга интилиш керак.

Тилнинг оҳангини, кўп қайтариладиган сўзлар ва гап қурилишини ўрганишга ҳаракат қилинг. Майда тафсилотларга эътибор қаратманг.

Вазиятни ҳис қилинг

Тилни ўрганишга киришган илк кунларингизданоқ атроф-теваракдаги нарсалар, ҳодисалар ва ҳолатларни ифода этишга интилинг. Масалан, ўқувчи ва ўқитувчи ошхонадаги суҳбатни “уюштириш”лари мумкин. Албатта, бунинг учун овқатланишга бориш шарт эмас. Синфхонанинг ўзида улар худди овқатланаётгандек муомала қилади. Суҳбат давомида ошхона анжомлари, озиқ-овқатлар ва масаллиқлар номи тилга олинади. Бир-бирларидан ниманидир узатиб юборишни сўрашлари мумкин.

Хорижий тилни ўзлаштиришнинг одатий йўсини шундай: олдин гап-сўзлар ва иборалар эсда сақлаб қолинади, ке­йин грамматика ўрганилади. Масалан, бошқа тилли тенгдошлари орасига тушиб қолган болалар чет тилини жуда осон ўрганади. Гапларини грамматик жиҳатдан ҳам тўғри тузади. Чунки улар тил ўрганиш жараёнида ҳамиша вазиятнинг ичида бўлади. Шу сабаб ҳам тилни ҳис қилишлари осон кечади.

Агар тил ўрганиш билан мустақил шуғулланаётган бўлсангиз, машғулотларга ҳар куни ярим соат вақт ажратинг. Сўз ва ибораларни мавзулар бўйича таснифлаб ўрганинг. Теваракда кўраётган нарсаларингизни ифодалашга ҳаракат қилинг. Ўзингиз билан гаплашишдан уялманг.

 Ориф Толиб тайёрлади


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook»«Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>