• Бугунги сана: Dushanba, Sentabr 25, 2017

2018—2021-йилларда 258 та Ёшлар уйи қурилади, навбатда турганларнинг барчаси уйли бўлади

2014 йил Ўзбекистон ёшлари ҳаётида ўчмас из қолдирган, Ўзбекистон Президентининг «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида 2014 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастурида республикамизнинг барча туман (шаҳар)ларида иккитадан тўрт қаватли, 48 тадан 64 тагача хонадонни ўз ичига олган «Камолот» уйларини қуриш, уларни фаол ёш оилаларга имтиёзли кредит асосида бериш, мазкур турар-жойлар негизида келгусида «Камолот» шаҳарчалари барпо этиш кўзда тутилган эди. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида 2014 йил 8 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг «Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, «Камолот»нинг кўп квартирали уйларидан ёш оилаларга квартиралар бериш масалаларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланган эди.

Ўтган вақт давомида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида бир қанча «Камолот» уйларини қурилиб, Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасига тенг бўлган фоизли ставка (айни пайтда 10 фоиз)да ипотека кредити асосида фойдаланишга топширилди. Кредит муддати 20 йил бўлиб, шундан дастлабки 5 йили имтиёзли давр ҳисобланар, энг муҳими, ҳеч қандай бошланғич бадал талаб қилинмасди. Бу эсаёш оилалар учун чинакаммоддий-маънавий кўмак бўлаётган эди.

Вазирлар Маҳкамасининг «Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида барча туман (шаҳар)ларда иккитадан «Камолот» уйлари қурилиши белгиланган бўлса-да, шу пайтгача бу вазифа бажарилмаган, шу боис ҳужжатлари комиссия томонидан кўриб чиқилиб, тураржойга муҳтож деб топилган юзлаб ёш оилалар қачондир ўзлари яшаётган туман(шаҳар)да ҳам шундай уйлар қурилишини кутишаётган эди. «Камолот» ЁИҲ фаолияти тугатилиб, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилгач, бу борадаги ишлар давом эттирилиши кўпчиликни қизиқтириб келаётган, аммо бу ҳақда ҳеч бир расмий маълумот берилмаётганди. Фақатгина ҳуқуқшунос, блогер Хушнудбек Худойбердиев шу йилнинг 24 август куни фейсбудаги саҳифасида бу борада қуйидагиларни маълум қилган эди:

«Ёшлар уйи» (аввалги «Камолот уйи») олишни режа қилганлар учун ажойиб янгилик:
• «Ёшлар уйи» қурилишда ҳамда аввалги баённомалар орқали берилиши мўлжалланган номзодларга навбат бўйича уйлар берилишда давом этади;
• Аввал «Камолот уйлари» учун қайта молиялаш ставкаси бўйича йиллик 9 фоизлик кредит бериларди. Хабарингиз бор, ҳозир қайта молиялаш ставкаси 14 фоизга кўтарилди. Шу сабабли Ёшлар иттифоқининг таклифи билан «Ёшлар уйи» учун кредит қайта молиялаш ставкасининг ярмига тенг миқдорда (ҳозирда 7%) белгиланди. Бу аввалгидан ҳам камроқ дегани;
• «Ёшлар уйи»нинг келгуси лойиҳаларида уйларнинг майдони ҳозиргига қараганда кенгайтириладиган бўлди;
• Навбатсиз уй олиш имтиёзига эга номзодлар рўйхати кенгайтирилмоқда ҳамда Ёшлар иттифоқида 3 йилдан кўп муддат давомида фаолият юритган ходимлар ҳам «Ёшлар уйи»ни навбатсиз олиш имтиёзига эга бўлмоқда.

Жорий йилнинг 14 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги «Ёшлар ижод саройи»да бўлиб ўтган очиқ мулоқотда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев ушбу масалага ойдинлик киритиб ўтди. Унинг айтишича, «ҳозирда «Камолот» уйларига 2500 мингдан ортиқ инсон навбатда турибди. Албатта, уйларни ажратиш лойиҳаси якунига етказилади ва ким низомга мувофиқ тавсиянома олган ҳамда рўйхатга киритилган бўлса, турар-жойга эга бўлади.

«Ёшлар уйлари эса аввалгидек фақатгина қайсидир ютуғи ва муваффақияти учун эмас, балки чиндан ҳам ЁИ фаолиятида фаол иштирок этаётган аъзоларга ажратилади. Тўғрисини айтишимиз керак, шундай одамлар борки, «Камолот» уйини олган, бироқ «Камолот» ўзи нималигини билмайди. Мутлақо бу ташкилотнинг фаолиятига бефарқ. Нима учун уларга ЁИ уй бериши керак?! Шу сабабли ҳам ёшларга уй беришнинг тартиб-қоидалари, низомини қайтадан кўриб чиқамиз»

Қаҳрамон Қуронбоев

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раисининг маълум қилишича, 2018—2021-йилларда 258 та Ёшлар уйи қурилиши режалаштирилган. Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида етти қаватли турар-жой иншоотлари барпо этилади.

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>