• Бугунги сана: Seshanba, Oktabr 17, 2017

2016 йилда бизни нималар кутаяпти? «Bloomberg» прогнозлари

Декабр — сарҳисоб ва янги йил қандай келиши тахмин қилинадиган пайт. Яқинда «Bloomberg» агентлиги одатдагидай ўзининг пессимистик прогнозларини ўқувчилар эътиборига ҳавола қилди. Бу тахминларнинг рўёбга чиқиш эҳтимоли жуда кам, аммо вазият тўғри келиб қолиб рўёбга чиқадиган бўлса, уларнинг исталган бири дунё иқтисодиётини остин-устун қилиб юбориши мумкин. Мазкур прогнозларга ўнлаб собиқ ва ҳозир ишлаб турган иқтисодчилар, сиёсатчилар, дипломатларнинг фикр-мулоҳазалари асос қилиб олинган.

Нефт нархи террорчиларнинг «шарофати» билан ошиши мумкин

Нефтнинг бир баррели ҳозир 30-40 атрофида баҳоланаётган бўлса, 2016 йилда унинг нархи «Ислом давлати»нинг «шарофати» билан экспортчилар учун жуда фойдали бўлган 100 долларгача кўтарилиши мумкин. Бунинг учун жангарилар яқин Шарқдаги йирик нефт объектларига ҳужум қилишлари керак. Уларнинг инфратузилмаси вайрон бўлса, қазиб олинадиган «қора олтин» ҳажми камаяди, бозорда таклиф камайгач, тақчиллик юзага келади.

Углеводород бозорини жонлантирадиган бошқа омиллар қаторига агентлик ОПЕК аъзоси бўлган Венесуэла ва Жазоирда сиёсий тўнтаришлар юз бериши эҳтимолини киритадилар.

Сиздан угина, биздан бугина

Россиянинг «Ислом давлати»га қарши олиб бораётган кураши 2016 йили ўз мевасини беради. «Bloomberg»нинг тахминича, Россия президенти Владимир Путиннинг Суриядаги вазиятни тартибга солишга оид режаси Россия учун қулай тарзда амалга ошади, натижада Европа иттифоқига йўналган қочоқлар оқими тўхтайди. Бу Москва ҳамда Брюссел позицияларини яқинлаштиради ва Германия канцлери Ангела Меркел Россияга нисбатан жорий этилган санкцияларни юмшатишга рози бўлиши мумкин. Бунга жавобан Россия Европа мамлакатларига нисбатан жорий этган озиқ-овқат эмбаргосини бекор қилади.

Икки тарафнинг ҳам эмбаргони бекор қилиши Россия ва Европа иттифоқидаги иқтисодий вазиятга ижобий таъсир қилади. Бундан ташқари, Россия Яқин Шарққа ўз таъсири кучайтиришга муваффақ бўлади.

Грециясиз еврозона, Меркелсиз Германия

Россиянинг Суриядаги хатти-ҳаракатлари билан Европага йўналган қочоқлар оқимини тўхтатишнинг имкони бўлмаса, Европа иттифоқи кучли муҳожирлар инқирозига дуч келади, мабодо Париждаги каби террорчилик хуружлари такрорланадиган бўлса можаро сиёсий инқирозга айланиб кетиши мумкин. Унда Ангела Меркелнинг муддатидан аввал истеъфога чиқишига тўғри келади. Қитъада миллатчилик кайфияти кучайиб, «ўнглар», шу жумладан Франциядаги «Миллий фронт» етакчиси Марин Ле Пен каби сиёсатчиларнинг таъсири ортади.

Муҳожирлар Европанинг ягона бошоғриғи эмас. Бўғзигача қарзга ботган Греция уларни тўлашда қийинчиликларга дуч келиб, еврозонадан чиқишга мажбур бўлади. Бу валюта иттифоқининг тарқалиб кетишига олиб келиши мумкин.

Россия ва Эрон АҚШга қарши

Москва Теҳрон билан фақат яқин сиёсий ва иқтисодий соҳадагина ҳамкор эмас, «Bloomberg» АҚШнинг санкцияларига жавобан рус ва форс хакерлари бирлашиб, Америка молия секторига ҳужум уюштириши мумкин деган тахминни илгари сурмоқда. Бу эса кенг кўламли тартибсизликларни келтириб чиқариши мумкин. Натижада Америка иқтисодиёти ва молия тизимига ишонч камаяди, доллар синади, Федерал захира тизими узоқ вақт фоиз ставкасини ошириш ниятидан воз кечишига тўғри келади.

Қурғоқчилик ва қимматчилик

Атмосферага чиқарилаётган зарарли газлар миқдори ошиб, жаҳон миқёсида ноқулай экологик вазият юзага келади. Йиллик ўртача ҳароратнинг ошиши кенг кўламли қурғоқчиликларга олиб келади. Бундан шундоқ ҳам чучук сув танқис бўлган Африканинг аксарият мамлакатлари кўпроқ зарар кўради. Масалан, жазирама ва қурғоқчилик туфайли Замбия ва Зимбабведаги гидроэлектростанциялар тўхтаб қолиши мумкин.

Иқлим ўзгаришининг салбий оқибатидан Европа иттифоқи ва Америка ҳам жабр кўради. АҚШда қиш ниҳоятда қаттиқ келиб, ҳукумат фавқулодда ҳолат эълон қилишига тўғри келади. Европада эса узум ҳосили барбод бўлиши туфайли вино ишлаб чиқарувчилар касод бўлишади.

Умуман, қурғоқчилик боис озиқ-овқат нархи ошиб, ривожланаётган мамлакатларда инқирозлар кучаяди.

Ҳасан Карвонли тайёрлади

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>