• Бугунги сана: Payshanba, Dekabr 14, 2017

Иккинчи жаҳон уруши ҳақида айрим фактлар

1) 1939 йил 1 сентябрдан 1945 йил 2 сентябргача сайёрамизнинг турли ҳудудларида бўлиб ўтган жангу жадаллар Иккинчи жаҳон уруши деб аталади. Мазкур уруш 1939 йили Германия Полшага ҳужум қилиши билан бошланиб, 1945 йил 2 сентябр куни Американинг «Миссури» линкори бортида Япониянинг сўзсиз таслим бўлгани ҳақидаги акт имзоланиши билан тугаган.

2) Олти йилу бир кун давом этган Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг улкан ва қонли уруш бўлган. Унда ўша пайтда сайёрамизда мавжуд бўлган 73 та давлатдан 61 таси иштирок этган. Урушга ер аҳолисининг 80 фоизи жалб қилинган, жанговар ҳаракатлар Европа, Осиё, Африка қитъалари ва тўртта океанда олиб борилган.

3) Иккинчи жаҳон урушида Италия, Руминия, Болгария, Финландия ва Ироқ ҳам нацистлар блоки, ҳам Гитлерга қарши коалиция тарафида туриб қатнашган. Масалан, Финландия 1941 йил 26 июнда Германия тарафида туриб урушга кирган бўлса, 1944 йил 19 сентябрда Германияга қарши урушга кирган.

4) Совет иттифоқининг Иккинчи жаҳон урушидаги иштироки икки даврга бўлинади: Улуғ ватан уруши (1941 йил 22 июн — 1945 йил 9 май) ва совет-япон уруши (1945 йил 9 август — 1945 йил 2 сентябр). Совет тарихчилигида Ишчи-деҳқон қизил армиясининг 1939 йили Полшага қилган юриши, 1939 — 1940-йилларда бўлиб ўтган совет-финн уруши, 1939 йилги Халхин-Гол можаросининг Иккинчи жаҳон урушига дахли йўқ деб ҳисобланган.

5) Антигитлер коалициясидаги «катта учлик»дан энг охири АҚШ Иккинчи жаҳон урушига қўшилган. 1941 йил 7 декабрда Япония Американинг Пёрл-Харбор ҳарбий-денгиз базасига ҳужум қилгандан сўнг 8 декабрда АҚШ Японияга қарши урушга кирган. 1941 йил 11 декабрда Германия ва Италия АҚШга уруш эълон қилган.

6) Иккинчи жаҳон уруши атом бомбаси қўлланган ягона қуролли тўқнашувдир. Америка авиацияси 1945 йил 6 августда Япониянинг Хиросима шаҳрига «Кичкинтой» номли, 9 августда эса Нагасаки шаҳрига «Бақалоқ» номли атом бомбаларини ташлаган. Кули кўкка совурилган Хиросимада 90 мингдан 166 минггача, Нагасакида 60 мингдан 80 минггача киши ҳалок бўлган.

7) Иккинчи жаҳон уруши тугаганига 70 йилдан зиёд вақт ўтган бўлса-да, ҳануз Россия (СССРнинг ҳуқуқий вориси) ва Япония ўртасида тинчлик битими тузилгани йўқ. Чунки уруш якунига кўра Жанубий Курил тизмасининг Россия таркибига қўшиб олинган Кунашир, Итуруп, Хибомаи ва Шикотан оролларини Япония ҳамон ўзиники деб ҳисоблайди. Шундай қилиб бу икки давлат бугунги кунгача расман уруш ҳолатидадир.

8) Иккинчи жаҳон уруши давомида урушаётган давлатлар жами 110 млн.дан зиёд кишини армияга жалб қилган, уларнинг 25 млн.га яқини ҳалок бўлган. Ҳарбий бўлмаганларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда уруш қурбонлари сони 65 млн.дан ошади. Ҳалок бўлганларнинг аниқ сони ҳалигача маълум эмас. Биргина Совет иттифоқининг ўзида 1710 та шаҳар, 70 мингдан ортиқ қишлоқ, 32 мингта завод ва фабрика вайрон қилинган.

9) Иккинчи жаҳон урушида юзага келган антигитлер коалицияси базасида асосий вазифаси бундан кейинги жаҳон урушларининг олдини олиш бўлган Бирлашган миллатлар ташкилоти тузилган. «Бирлашган миллатлар» атамаси 1942 йил 1 январ куни имзоланган Бирлашган миллатлар декларациясида биринчи марта ишлатилган. БМТ устави Сан-Франциско конференциясида 50 давлат вакиллари томонидан 1945 йил 26 июнда тасдиқланган.

Ҳасан Карвонли тайёрлади

Манба: «Аргументы и факты» газетаси


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter», «Instagram», «Odnoklassniki»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>