• Бугунги сана: Seshanba, Dekabr 12, 2017

Ўн иккинчи маҳбус

* Улар бир қиз ва ўн бир йигитдан иборат қуролланган гуруҳ эдилар * Милиция негадир жиноятчиларни қўлга олишга шошилмади * Суд етти ой давом этди * Муродилла Тожиев оқланди. У фарзандини жуда-жуда соғинган…

“Шоир бўламан, деб Тошкентга келгандим. Қаёқдан ҳам адабиётга қизиқдим ўзи. Тинчгина районда юраверсам бўлмасмиди? Шунча савдолар бор экан бошимда”.

Муродилла Тожиев чуқур хўрсиниш билан шундай дегандан сўнг орага сукунат чўкди, бир қанча вақт ҳеч ким гапиришга ботинолмади. У билан бефарқ суҳбатлашишнинг иложи йўқ. Биз М.Тожиев билан бир-икки кун эмас, роса уч ҳафта гаплашдик. Барибир ниманидир у айтолмади, ниманидир биз сўролмадик… Инсон бошидан кечирган даҳшатли кунларни яна қайтадан ёдга олиши нақадар оғир бўлгани учун биз ҳам унга ортиқча саволлар бермадик. Мақолада ҳам иложи борича ўз оғзидан чиққан гапларни таҳрирсиз беришга ҳаракат қилдик.

“Асли Қашқадарёданман. Болалар уйида катта бўлдим. Мени ўз фарзандидек тарбиялаган “она”, “яхшилик”, “ҳақиқат” каби табаррук сўзларни ўргатган, меҳрибон Қизларгул холанинг айтган гаплари ҳали-ҳали қулоқларим остида жаранглайди: “Бу дунёда мунофиқ одамлар жуда кўп. Улар сени не-не кўйларга солишлари мумкин. Аммо сен ҳақиқат борлигига, ёмон одамлардан кўра, қаердадир яхши инсонлар яшашига ишон”.

Ўшанда мен бир кун келиб Қизларгул холанинг бу сўзлари умидбахш чашма мисол хаёлимда қайта жонланади деб ҳеч ўйлаб ҳам кўрмагандим.

Шеър, ҳикоя ва мақолаларим туман рўзномасида тез-тез босилиб турарди. Тошкентда адабий муҳит бор, ўқишга кирарман, деб шаҳарга келдим. Тўқимачилик комбинатида ишлаб, ётоқдан жой олдиму, ғалванинг нақ ўрасига тушдим.

1988 йилнинг сентябрь ойлари эид. Ҳамхонам Тоҳир Жуманов бир куни шаҳар айлангани таклиф қилиб қолди. Рози бўдим. Кинотеатрга бориб кино кўрдик. Энди ётоққа қайтмоқчи бўлиб тургандик, ҳамхонамнинг бир таниши учраб қолди. Улар бироз гаплашиб турдилар-да бир жойга борадиган бўлишди. Кейин мени ҳам таклиф қилишди. Шаҳарни ҳали яхши билмасдим. Айланиб келарман деб рози бўлдим. Учаламиз таксига ўтириб Эски шаҳар томонга жўнадик. Такси “Чорсу” меҳмонхонасининг олдига келганда, ҳамхонам шофёрдан машинани тўхтатишни илтимос қилди. Шофёр тормозни босиши билан шеикларим таксининг икки эшигини очишди-ю тушиб қочиб кетишди. Мен уларнинг “Қочдик, Мурод” деган овозларини эшитдим холос. Аввалига ҳеч нарса тушунмадим. Сўнгра ҳайдовчидан нима бўлганини, менинг шерикларим нега бундай қилишганини сўраганимда, улар пул тўламаслик учун шундай қилишганини, бунақалар шаҳарда “сон мингта”лигини тушунтирди. Йўл ҳақини тўлаб машинадан тушдим.

Такси кетгач улар ёнимга келишди. Қочмаганим учун бироз койишди. Шунда илк бор ҳамхонамдан шубҳаландим. Улар мени бир жойга олиб боришди. Бу ер кўпроқ талабалар турадиган эгасиз хонадонни эслатарди. Ичкарида беш-олтита йигит бор экан, суҳбатлашиб ўтирдик. Шерикларим мени “ўзимизники” деб таништирди. Бир пайт улар ўзлари амалга оширган “операция” ҳақида гапира бошлашди. Уларнинг гапини тинглаяпману, оёқларим қалтирай бошлади. Эшитган гапларимга ишонгим келмасди. Наҳотки, шу йигитлар жиноят қилган, одам ўлдирган бўлса?

Афсуски, шундай экан. Бундан икки кун бурун Фрунзе райони, Абдулла Авлоний кўчасидаги хонадонларнинг бирига ўғирликка  киришган, хонадон соҳибларидан бирини ваҳшиёна ўлдириб катта миқдорда пул ўғирлашган экан.

Шу учрашув, шу суҳбат, кейинчалик ҳаётимдаги барча бахтсизликларга сабаб бўлди. Чунки бу жиноий гуруҳнинг кирдикорларидан воқиф бўлганимдан сўнг, улар мендан хавфсираб қолишди. Шунинг учун қандай бўлмасин мени ҳам ўзларининг сафига қўшиб олишга ҳаракат қилдилар.

Энди ўйлаб кўрсам улар анчагина уюшган жиноий гуруҳ экан. Бу гуруҳга Тўлқин Авлаёров ва Муқаддас Азизова бошчилик қилишарди. Лекин уларни ҳам қораламайман. Ҳаётдаги ноҳақликлар, шафқатсизликлар, камситишлар туфайли улар шу йўлга киришган. Айтаверсам бунинг тарихи узоқ…

12-mahbus_maqolaБир куни Т.Авлаёров шериклари билан хонамга кириб келди. Зўрлаб ўзлари яшаб турган уйга олиб кетишди.

— Мендан нима истайсизлар? — дедим уларга.

— Сен биз билан жиноят қилишинг керак, — деди Тўлқин Авлаёров. — Йўқса отиб ташлайман. — У шундай дея қирқма милтиқни менга ўқталди.

Ноилож рози бўлдим. Эртасига соат тўққизлардан ўтганда тўдадагилардан бири — Шуҳрат Яҳёев билан “келишилган” жойга йўл олдик.

Биз жиноят қилгани кетаяпмиз. Одам ўлдиргани, ўғирлик қилгани. Билмадим, яна нималар бизни кутаётганди ўшанда.

Бирдан миямга ярқ этган фикр келди. Шеригимни алдаб, редакцияга кирдим. Бир таниш журналистга воқеани айтиб бердим. У дарҳол Фрунзе район ички ишлар бўлимига сим қоқиб:

— Бир йигит жиноят қилишдан бош тортиб, ёрдам сўраб келибди. Жиноятчиларни ушлашларингда у ёрдам беради, — деди. У ёқдан қандай жавоб бўлгани менга номаълум. Аммо ички ишлар бўлимидагилар Авлоний кўчасида содир бўлган жиноятни очишга унчалик шошилишмагани факт. Агар улар шошилишганда ўзининг иш жойи ва лавозимини айтиб қўнғироқ қилган журналистга ишонган ва тезлик билан редакция биносига, менинг олдимга келган бўларди”.

Муродилланинг сўзларини тинглаб туриб, шу ерга келганда бирдан сесканиб кетасан, киши. Нега бунчалик бепарвомиз? Кимдир ҳаётини хавф остига қўйиб бизга ёрдам бермоқчи бўлса-ю ундан фойдаланмасак. Бепарволик, ўзибўларчилик бундан ортиқ бўладими? Ишончимиз комилки, ўша куни Фрунзе райони ички ишлар бўлимидаги ўртоқлар салгина ҳушёрроқ, салгина масъулиятлироқ бўлганда бу гуруҳ тезда қўлга олинган, кейин қилинган уч-тўрт жиноят содир этилмаган бўларди.

Ҳақиқатан ҳам М.Тожиев журналистга ва ИИБга келиб хабар берганида жиноятчи гуруҳда бор-йўғи 5 киши бўлиб, улар уч жойда жиноят содир этишганди, холос. Ана ўшандан кейин ҳам бешта жиноий иш амалга оширилган ва гуруҳдаги безориларнинг сони 11 тага бориб етган.

“Танишим менга Фрунзе район ички ишлар бўлимига боришим лозимлигини айтди, — дейди гапида давом этар экан Муродилла. — Кейин қандай бориш йўлларини тушунтирди. Ташқарига чиқсам шеригим кутиб турибди. Уни бир ўртоғимникига кириб чиқаман деб алдадим. У кутиб турди. Мен милицияга бордим. Айтилган кишини топмай ортимга қайтдим. Кейин Шуҳратни эргаштириб ётоққа олиб келдим. Уни бу йўлдан қайтармоқчи бўлдим. Уриб, қирқма милтиғини тортиб олдим. Аммо у менинг гапимга кирмай ётоқдан қочиб кетди.

Фожианинг асосий қисми ўшандан кейин бошланди. Бир маҳал ётоққа уч-тўрт киши кириб келди. Менинг қўл-оёғимни боғлаб роса калтаклашди. Сўнг машинага ортишди-да кўзимни боғлаб қўйишди. Кўзимни очганимда ўзимни ертўлада кўрдим. Тўлқин Авлаёров шериклари билан ҳар куни келиб урар, жиноят қилишга ундар эди.

Бир куни калтак жонимдан ўтиб кетган маҳалда “сенлар бирибир ушланасан, кирдикорларингни бир журналистга айтганман” деворибман. Шундан сўнг яна ҳам баджаҳл бўлиб қолдилар. Энди улар қайси журналист танишим эканлиги билан қизиқа бошлашди. Мен ҳеч кимни сотмадим, биргалашиб жиноят қилиш таклифига ҳам кўнмадим. Лекин бир куни иродамни синдирадиган воқеа бўлди. Зах ертўлада ётар эканман, кимдир бошимга келди-да бир расм кўрсатди. У Тўлқин эди. Қўлида севган қизимнинг сурати. Бир зум қотиб қолдим. Эй, худо, бу яна не кўргулик? Яна қандай мусибатлар кутаяпти мени? Пешонамга яна қанча азоблар ёзилган?

Ҳаётда ота-она меҳрига тўймаганман. Бошимни силайдиган меҳрибон қўлга зор бўлганман ёшлигимда. Бу қиз дунёдаги энг буюк зот эди мен учун. Мен у учун жонимни фидо қилишга тайёр эдим. Чидолмадим. Қани энди қўлларим бўш бўлса-ю, Тўлқинни бўғиб ташласам. Кейин мени нима қилса қилаверишсин.

— Нима истайсан мендан? — дедим бақириб.

— Бизга хизмат қиласан. Бизни сотган журналистингга ишларим яхши, жиноий гуруҳ қўлга олинди, деб айтасан.

Рози бўлдим. Бошқа иложим йўқ эди. Айтганларини қилдим. Бир-икки жиноятда уларга ёрдам бердим.

Қилмиш-қидирмиш деганларидек, босқинчиларнинг “тараллабедодлари” узоққа чўзилмади. Тошкентда, жиноят устида қўлга олиндик. Бир йилга яқин қамоқхонада сақлашди. Суд етти ой давом этди. Аммо мени бир нарса ҳамон қийнайди. Тергов пайтида милиционерлар мени роса қийнашди. Сен милицияга борганингни ҳам, кимни жиноят ҳақида огоҳлантирганингни ҳам айтмайсан, дейишди.

Лекин мен судда ниманики кўрган бўлсам, ниманики билсам барчасини айтиб бердим. Балки шунинг учун суд менга енгиллик бергандир”.

Муродилла ҳикоясининг шу ерига келганда бироз жимиб қолади. Биз эса кейин нима бўлгани, суд ҳукми билан қизиқамиз.

— Мана, суд ҳукми, — дейди у чўнтагидан бир неча варақдан иборат қоғоз чиқариб. Кўз югуртирамиз.

Ҳукм

Муқаддас Азизова (26 ёшда, Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида туғилган. Тошкент кооператив техникумини тугатган. Ҳеч қаерда ишламайди. Яшаш жойининг ҳам тайини йўқ эди.) — 10 йил;

Тўлқин Авлаёров (27 ёшда, Қашқадарё вилоятидан. Бирон ерда ишламаган ва ўқимаган. 1982 йил Пенза вилоятининг халқ суди томонидан 2 йилу 6 ой муддатга қамоқ жазоси белгиланиб, ўтириб чиққан.) — 15 йил;

Козимбек Хўжаев (Хоразм вилоятининг Хонқа туманида туғилган. Аввал ҳам судланган. Аммо жазо муддатини ўташга улгурмаганди.) — 6 йил;

Ботир Бердиев (Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидан, 24 ёшда) — 9 йил;

Бекназар Жуллиев (31 ёшда. Яккабоғ туманидан. Аввал ҳам судланган.) — 12 йил;

Тўлқин Норов (25 ёшда. Қашқадарёдан) — 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилсин.

Гуруҳга алдов ва қўрқитиш, мажбурлаш орқали  қўшилиб қолишган Абдурашид Тоштемиров, Шуҳрат Яҳёев, Комил Мустафоев 3 йилдан қамоқ жазосига маҳкум этилган. Уларга жиноят кодексининг 42-моддасига асосан енгиллик берилиб, жазонинг икки йили меҳнатга мажбуран жалб этиш билан алмаштирилган.

Комил Пардаев уч йилга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган, лекин ЖКнинг 44-моддаси қўлланилиб ижроси 2 йил муддатга кечиктирилган.

Биринчи судда Муродилланинг иши қайта терговга ўтказилади. Кейин эса суд уни озод қилади. Хўш, суднинг қарори тўғрими? Бизнинг назаримизда тўғри. Бундай ўйлаб кўрилса, Муродилла Тожиев жиноят қилган. Жиноятчилар билан тил бириктириб, уларнинг буйруқларини бажарган. Аммо қандай шароитда? Судга раислик қилган Юсуф Иброҳимов жиноятнинг келиб чиқишини пухта ўрганган. М.Тожиевнинг ноилож жиноят қилганини тўғри тушуна билган. Афсуски, бизда Юсуф Иброҳимов сингари қонун ва инсон ҳимоячилари жуда кам. Ишончимиз комилки, агар суд сал эътиборсизлик қилиб Муродиллани шу гурҳга қўшиб жиноий жавобгарликка тортиб юборганда жамият учун хавфли бир жиноятчи пайдо бўлган бўларди.

“Нопок кимсалар томонидан оёқ ости бўлган қадр-қимматимни, одамларга бўлган меҳр-муҳаббатимни, адолат ва қонунга бўлган ишончимни қайта тиклаган Юсуф Иброҳимовга ўз миннатдорчилигимни қандай изҳор қилишни  билмайман. У одам олдида бутун умрим давомида ўзимни қарздор деб биламан”, — дейди Муродилла.

“Ҳайрият, даҳшатли кунлар ортда қолди. Мени ўзим ота-она меҳрига бир умр ташна бўлиб келаётган тирик етимман. Етимлар ҳаёти мен учун янгилик эмас. Ҳар қадамда етишмовчилик, бировнинг қош-қовоғига қараб иш қилиш, овқат еганда ҳам қошиқ тишларимга тегиб “тақирлаб” кетмасин дея юрак ҳовучлаб туришлар…

Йўқ, мен фарзандимни ундай кунларга қолишини истамайман. Унга бахт керак эмасми? Қайси ота фарзандини бахтдан бебаҳра бўлишини истайди?

Илтимос, менга ёрдам беринглар. Суд мени оқлагани билан қишлоқдошларим, оиламдагиларнинг фикри бошқача. Фарзандимни 9 ойдан буён кўрмадим. Уни жуда ҳам соғиндим. Газета орқали бошимдан кечирган балоларни ёритсанглар, зора мен ҳам оилам даврасига қайтиб, рўзғор ташвишларида севган ёримга елкадош бўлсам, фарзандимни бағримга босиб яшай бошласам”.

Ҳа, дарҳақиқат, Муродилла Тожиев ўзи ёш бўлишига қарамай, ҳаётнинг аччиғини ҳам, чучугини ҳам тотиб улгурган. Унинг учун ҳаётнинг аччиғи анча кўпроқ — етимхонада ўсганидан то шу кунгача бошидан кечирган қора кунлар.

Жиноий иш ҳужжатларини варақлаб кўрсангиз, кўргазмаларда милиция ходимлари ўз формаларини бир-икки кунга сотганлиги, жиноятчилар шу пайтда жиноят қилганлиги ҳақидаги фактларга дуч келасиз. Лекин бу фактлар ўз тасдиғини топмаган. Топмайди ҳам. Муродилла Тожиев судда айрим ички ишлар ходимларининг лоқайдлигини, масъулиятсизлигини, шафқатсизлигини очиб ташлайди. Лекин биронта милиция ходими жазоланмади.

Бизда жиноятчилик кўпайиб кетишининг сабабларидан бири шу лоқайдлик, шу масъулиятсизлик эмасми? Шу иллатлар туфайли Муродилла ва кўплаб муродиллалар жафо чекмаяптимикан?

Улар ўн бир йигит ва бир қиз эди. Бу ёшлар жиноятчи бўлиб туғилмаганлар. Ҳар бирининг ўз дунёқараши, орзулари, мақсад, интилишлари бор эди. Кўпчилиги Тошкентга билим олгани, одам бўлгани келган эдилар. Лекин жиноятчига айландилар. Босқинчилик, талончилик, қотиллик билан шуғулландилар. Нега? Улар қандай қилиб бу йўлга кириб қолишди? Нега улар ҳаёт сўқмоқларида адашиб қолдилар?

Бу саволларга жавоб топиш қийин ва оғир. Бола аввало оилада тарбияланади. Демак, уларнинг бу йўлга киришида қандайдир маънода ота-она ҳам айбдор. Ўғлини ўқишга жўнатган одам ундан хабар олиши, унинг туриш турмуши билан қизиқиб бориши керак. Афсуски, бизда ундай эмас. Айрим ота-оналар турмуш, тирикчилик ташвишларидан ортиб боласидан хабар олишга вақт топа олмайди. Топганда эса фарзандининг тақдирига эътиборсиз қарайди. Иложи борича ўзи емаса ҳам боласини моддий жиҳатдан яхши таъмин этишга интилади. Бу билан унинг аҳлоқини бузаётганини ўзи ҳам сезмайди.

… Улар ўн бир йигит ва бир қиз эди. Кўпчилиги ҳали олий ўқув юртларида таълим олаётганди. Ишончимиз комилки, бу ердагилар ҳам талабаларнинг нима қилаётгани билан қизиқмаган. Балки уларнинг қайси бири ночорликдан шу йўлга киргандир. Лекин олийгоҳдагилар талабанинг моддий аҳволи ҳақида умуман қайғурмаганлар. Ҳафталаб, ойлаб дарсга қатнашмаган студентнинг қаерда эканлиги билан ҳеч ким қизиқмаган. Ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг кўпайиб кетишининг сабабларидан бири шу бўлса керак.

Тан олиш керакки, узоқ йиллар жамиятда ёшлар тарбияси ўлда-жўлда қолиб келди. Ёшлар ташкилотлари номигагина ишлади. Улар асосан шиорбозлик билан шуғулландилар ва минг афсуски, бугун ҳм улар ёшлар тарбияси учун етарли ишлар қилаётгани йўқ.

Бозор иқтисоди маънавий инқирозимиз қанчалар чуқур эканлигини кўрсатди. Ўн йиллаб яшириб келинган иллатлар мана энди тўла кўзга ташлана бошлади. Одамлар ўзларини-ўзлари қўлга олмасалар, охири вой бўлади.

Эгам Бек,

Мирза Раҳим

_________________________________

“ЎзАС” газетаси, 20 (3176)-сон

1992 йил, 15 май


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>