• Бугунги сана: Dushanba, Noyabr 20, 2017

​Биздан Бухорийлар қачон чиқади?

Иймон, эътиқод масаласи шундай нозик нарсаки, унинг йўлига ҳар қанча тўсиқ қўйган билан, ундан одамларни ҳар қанча чалғитган билан мақсадга эришиш мушкул. Советларнинг таниқли мафкурачиларидан Луначарский “Дин худди қозиққа ўхшайди, қанча урсанг, шунча ичкарига киради” деб бежизга айтмаган. Бунга яқин тарихимиздан мисол: шўро тузумининг одамлар эътиқодига қарши олиб борган бемисл, кенг кўламдаги курашининг охири тузум қулаши биланоқ одамларнинг яна диннинг покиза сарчашмаларига оммавий қайтиши билан якунланди.

Чунки иймон-эътиқод илоҳий инъомдир, у ҳали инсон туғилмасидан унинг фитратига жойлаб қўйилган бўлади. Шунинг учун ҳар қандай фожир, фосиқ кимса ҳам гуноҳлар денгизида қанчалар қулоч отиб сузмасин, бир куни келиб қалби руҳият, диёнат излаб қолади. Даҳрийлик замонида динсизлиги билан мақтанганларнинг охири масжидларнинг энг тўридан жой эгаллаб олгани ҳам бунга мисол. Уччига чиққан безори ва жиноятчининг Худодан, диндан, имондан гапирсангиз, бир сесканиб олиши, бирдан ҳушёр тортиб қолиши ҳам шундан.

Мусулмонлар мамлакатимизда мутлақ кўпчиликни ташкил этса-да, ҳозиргача жамиятнинг энг кўп қийналган, азият чеккан, эрку ҳақлари чекланган, кўп қурбон берган, хорланган қатлами бўлиб келди. Узоқ йиллик даҳрийлик замонининг ҳали оғриқлари кетмай туриб, мусулмонлар мустақилликнинг илк йилларидаёқ янги мустамлакачиларнинг навбатдаги фитнаси қурбони бўлишди. Мамлакатимиз мусулмонлари орасига тафриқа солиш “ўйинлари” бошланиб кетди ва бунинг яраси ҳалигача битгани йўқ. “Юртга бало келса, ҳўлу қуруқ баробар ёнади” деганларидай, ўз юртини гуллаб-яшнатишга қодир қанчалаб ёшлар ана шу “ўйинлар”нинг қурбони бўлди: бир қанчаси умрининг энг  азиз дамларини қамоқларда ўтказди, соғлигини йўқотиб, бир умрга ногирон бўлди. Бир қанчаси яқинлари дийдорига тўймай ҳаётдан эрта кетди. Яна бир қанча ёшлар турли ёт оқимларнинг таъсирига тушиб, ватанидан узоқдаги дарбадарларча ҳаётни танлади.

Аслида улар ўз-ўзидан адашмаган, хато йўлга кириб кетмаган. Уларнинг бу фожиаларида сиз билан бизларнинг ҳам катта айбимиз бор. Сабаби, уларни эшитгимиз келмади, диний муаммоларни бошқа тадбирларимиз каби ҳайбаракаллачилик, “буйруқбозлик”, ўзибўларчилик йўли билан ечмоқчи бўлдик. Аҳли бўлмаган кишиларнинг бу ишларга аралашуви чеклаб қўйилмади, мусулмоннинг муаммосини ҳал этиш диндан йироқ одамларга топшириб қўйилди.

Хайриятки, бугунга келиб юртда тоза бир ҳаво, эътиқодий эркинлик насими эса бошлади. Давлат раҳбарининг ўзи халқнинг, шу жумладан аҳолининг асосий қисми бўлган мусулмонларнинг дарду ҳасратини эшита бошлади, муаммоларни ҳал қилиш ҳақида бош қотира бошлади. Президентнинг халққа илк хитоби китоб ўқишга даъват қилиш билан бошланганининг ўзиёқ ҳамма нарсани аниқ айтиб турибди. Бу улуғ ишларнинг илк мевалари ҳам кўрина бошлади. Жамиятда барча табақаларнинг манфаатларига бирдай қараладиган бўлиб боряпти. Бундан мусулмонлар ҳам жуда хурсанд ҳолда ҳар куни юрт раҳбарини дуо қилиб, бошлаган ислоҳотларининг бардавом бўлишини Аллоҳдан тилашяпти. Аммо…

Агар ана шу “аммо” бўлмаганида бу қораламаларни қоғозга тушириб, ўқувчимизнинг қимматли вақтини олмаган бўлардик. Эркинлик насими ҳали кўксига тегиб улгурмаган мусулмонлар яна бошларини чангаллаб қолишяпти. Сабаби, раҳбарнинг бир имоси билан масаланинг моҳияти ҳақида унча бош қотириб ўтирмай, чуқур ўйлаб ҳам кўрмай, ҳаммасини “есть қилиб” ташлайдиган шотирлар бу борада ҳам “отни қамчилаб” қолишяпти.  “Бунча одам билан суҳбат уюштирдик, бунча кишига насиҳат қилдик” қабилидаги баландпарвоз рапортларни ёзишга ҳам улгуришяпти. Улар нима қилиб бўлса-да, муаммони “елкаларидан ошириб ташлаб”, яна ўша хотиржам ҳаётларини бошлаб юборишса, оромларини ҳеч ким, ҳеч нарса бузмаса!

Муаммолар эса узоқ йиллар мобайнида ҳаддан ташқари кўп тўпланиб қолган. Агар булар чуқур ўйланган ҳолда, шу соҳанинг етук мутахассислари иштирокида ҳал қилинмаса, мусулмонлар иши уларга қарши бўлган тоифаларга эмас, хайрихоҳ кишиларга топширилмаса, бу борадаги барча уринишлар яна чиппакка чиқади, уларнинг асло самараси бўлмайди. Яна қанчадан-қанча ёшларимизни хориждаги дин душманлари пулига очилган ёт сайтлар, йўлдан адаштирувчи фирқалар, улар ўйлаб топган бузуқ мафкуралар қучоғига отган бўламиз. Яна “нега бу ёшлар бизга эргашмай, аллақаёқдаги ёт оқимларга қўшилиб кетяпти” қабилидаги афсус-надоматлар қайнаб-тошаверади. Замонамизнинг атоқли уламоларидан шайх Муҳаммад Ғаззолий айтганидай, “Душманингга хизмат қилишинг учун сотқин бўлишинг шарт эмас, аҳмоқ бўлишингнинг ўзи кифоя”.

Кўпинча “Биздан Бухорий, Термизий, Мотуридий, Насафий, Марғиноний каби улуғ дин олимлари етишиб чиққани” билан оғиз тўлдириб мақтанамизу, аммо нега шундай олимларнинг ҳозирда чиқмаётгани ҳақида унчалик бош қотирмаймиз.  Биздан яна Бухорийлар чиқишини орзу қилиб тамшанамизу, аммо бу мақсадга олиб борадиган ҳамма йўлларни таққа-тақ беркитиб ташлаганмиз. Биз ана шундай улуғ аждодларнинг вориси эканимиздан фахрга тўлиб-тошамизу аммо уларнинг илм эгаллаш соҳасидаги тажрибаларини қолоқ санаб, мутлақо назарга илмаймиз. Бухорийнинг шуҳрати ва салоҳиятини кўкларга кўтариб мақтаймизу, аммо бунга қандай йўл билан эришилгани бизларни унча қизиқтирмайди. “Диний мавзуга ўтиб кетмайлик” деган хавотирда ўтмишдаги олимларимизнинг эътиқоди, иймони ҳақида сўз юритишдан чўчиймиз.

Буларнинг ҳаммасига жамиятда дин ва замонавийлик ўртасига жуда мустаҳкам, унча-мунчага қулатиб бўлмайдиган “буюк хитой девори” қуриб олганимиз асосий сабабдир. Аслида бу девор собиқ шўролар даврида қурилган эса-да, истиқлолга эришиб ҳам ундан сакраб ўтишнинг иложи ва имкони бўлмаётир. Чунки даҳрийлик нонини еб катта бўлган авлоднинг абжир вакиллари ҳали мансабдан тушишгани йўқ, ҳатто бир амаллаб диний сиёсат юрғизишнинг дарғалари бўлиб олишган. Оқибатда жамият кўзга кўринмас парда билан иккига ажратиб қўйилди. Бир томонда Ислом динини фақат мусулмонларнинг шахсий иши деб санаб, “дунёвийлик”, “мўътадиллик” ёрлиқлари билан уларнинг хонадонларидан ташқарига чиқмайдиган бир мафкурага айлантириш иштиёқмандлари турибди. Иккинчи томонда эса, узоқ йиллик худосизлик замонидан ва орзу қилинган истиқлолдан кейинги жамиятдаги “диний уйғониш”нинг шафқатсизларча жиловланишидан зада бўлган, диний эътиқодига эркин йўл берилишидан бошқа нарсани сўрамай қўйган мусулмон ёшларнинг армонли орзу-умидлари ётибди.

Ана шу ёшларга аслида нима керак? Дунёнинг барча мусулмон мамлакатларида бўлгани каби улар ибодатларини эмин-эркин адо этишни, ўз ҳуқуқларининг давлат миқёсида ҳимоя қилинишини, диний эътиқодлари учун таъқиб қилинмаслигини, оммавий ахборот воситалари орқали диний тарғибот олиб борилишини, эрта тонгда бутхона қўнғироқлари эмас, азон янграши уйқудан уйғотишини, диний адабиётлар сони қайсидир акахоннинг чекловисиз, етарли миқдорда чоп этилишини, расмий равишда диний билимларни ўрганишни исташган эди. Аммо бунинг ўрнига ўша акахонлар ўйлаб топган “янги дин”га рўбарў бўлишди: “Дунёвий давлатда диний таълим олиш мумкин эмас, қариганингда ўқийсан (гўё қаригунча яшаш кафолатлаб қўйилгандай); аёлларнинг кўчага ўраниб чиқиши мумкин эмас, бу манзарани бузади (аммо калта юбка, кўкси очиқ, ярим яланғоч кийинишлар манзарага тўғри келаверади); азонни карнай орқали айтиш мумкин эмас, одамлар тинчини бузади (негадир тўйлардаги ярим тунгача бўладиган “гумбур-гумбур”лар, пойтахтдаги черковларнинг дангир-дунгури, айнан тун пайти авж оладиган автошоввозларнинг машиналари ғилдиракларини чийиллатиб пойга уюштиришлари ҳеч кимнинг тинчини бузмайди); масжидга ёшларнинг кириши мумкин эмас (ўша акахонлар намоз ўн-ўн икки ёшдан фарз қилинганини билишармикин)” ва ҳоказо ва ҳоказо.

Ажнабий тилларда “парадокс” деган бир атама бор, бу “кўпчилик томонидан қабул қилинган фикрларга, илмий қоидаларга мос келмайдиган, соғлом ақлга зид фикр” дегани. Жамиятда диний мафкура борасида олиб борилаётган ишлар айнан ана шундай “парадокс” кабидир. Кейинги пайтларда дунёга машҳур уламолар нега чиқмаяпти, деб ўксинамизу аммо ана  шундай буюкларнинг чиқишига омил бўлувчи диний билимлар таълимини таг-томири билан йўқ қилишга уринамиз. Бу ҳақда ширин орзулар қиламизу, диний таълим берадиган маъҳад ва мадрасаларда ўқитиладиган диний фанларни ҳар йили дунёвий фанлар ҳисобига қисқартириб борилаётганини оддий ҳол деб ҳисоблаймиз. Жаннатмакон юртимизнинг бугун ҳам алломалар ватани бўлишини чин дилдан истаймизу, аммо ўттиз миллионга яқин мусулмонга биттагина журнал, биттагина газета кифоя деб ҳисоблаймиз, диний адабиётларнинг ададини чеклашга уринамиз.

Энг асосий таъсир воситаси ҳисобланган телевидение ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ҳафтада бир бериладиган бир-иккита “илиқ-милиқ” кўрсатувни ҳисобга олмаса, бу даргоҳнинг эшиклари мусулмонлар учун таққа-тақ беркитиб қўйилган. Энг афсусланарлиси, бундай кўрсатувларнинг “динийлашиб кетмаслиги” учун илм ва тақвода танилган, кўпни кўрган уламолар кам жалб қилиниб, кўпроқ динга алоқаси бўлмаган, эътиқоди ҳатто шубҳа туғдирадиган кишиларга минбар берилмоқда. Ахлоқсизлиги билан машҳур бўлиб кетган, ўзи тарбияга муҳтож бир қўшиқчининг, яланг бош, кўкси очиқ кийимда инсоф-диёнатга чақираётган “фаола” опа чиқишлари кутилган натижани берармикин, ёшларнинг чанқоқ қалбига етиб борармикин?

Бир вақтлар одамларни диёнат, инсоф, имон ва гўзал ахлоққа чорловчи ибратомуз араб, турк фильмлари бот-бот намойиш қилиб туриларди. Айниқса, рамазон ойларидаги саҳарлик ва ифторлик пайтларида кўрсатилган “Муҳаммадур Расулуллоҳ”, туркларнинг ирфоний фильмларини томошабинлар ҳанузгача ажиб бир ширин қўмсаш билан эслашади. Кейинги пайтларда турли бўлар-бўлмас баҳоналар билан бундай асарлар экранларга яқинлаштирмай қўйилди. Булар ўрнини очиқ-ойдин ширкка тарғиб қилувчи, мазмун-тутуриғи йўқ “Маҳобҳарот” қабилидаги “тарбиявий” сериаллар,   насронийлик ғояларига ва бузуқликка чорловчи ғарбнинг бадиий фильмлари ва мультфилмлари тўла эгаллаб олди. Миллатимиз, менталитетимиз, динимиз  ва ахлоқимизга мутлақо ёт бўлган бу фильмларнинг бетўхтов берилишини, уларни она тилимизга дубляж қилишга миллионлаб пул сарфланишини кўрган мусулмон ёшларнинг миясида ғалати шубҳалар ғимирлаб қолади: “Мамлакат қонунларида ўзга динга тарғибот қилиш тақиқлаб қўйилганига қарамай, нега бу “тескари ташвиқот”га катта йўл очиб қўйилганийкин?”

Фарзандларимизнинг адашган оқимларга қўшилиб кетишидан хавотир оламизу, аммо уларнинг биз олиб бораётган диний тарғиботдан таскин топмаётган қалблари хорижий сайтларга нега тез-тез “талпинаётгани”нинг асл сабабларини ахтариб ҳам кўрмаймиз. Ваҳоланки, уларга диний билим олиш имкониятлари тўсиб қўйилар экан, руҳлари талаб қилаётган, қалбга етиб борувчи ваъз-иршод, насиҳатлар етишмас экан, уларнинг кўзлари мафкуравий, эътиқодий бузуқ сайтларга мўралайверади. Чунки ташна одам сувнинг тозалиги, поклиги ва сифати ҳақида бош қотириб ўтирмайди, нима қилиб бўлсаям, чанқоғини қондирса бўлди! Интернетни тақиқлаш, унга кирганларга жазо қўллаш чоралари эса ғирт самарасиздир. “Тақиқланган мева ширин туюлади” дегандай, бунга қанча ғов қўйилса, унга талпиниш шунча кучаяверади.

Ҳеч қаерда руҳий ташналигини қондира олмай хуноби ошган мусулмонлар қўл телефонига ёзиб олган Қуръон қироати, ҳадислар шарҳи, юртимиз уламоларининг масжидлардаги ваъзларидан ҳам бехавотир фойдалана олишмайди. Чунки “дўппсини олиб кел” деса, каллани ҳам қўшиб келтирадиган, диний илмларнинг яқинига ҳам келмаган, оят билан ҳадиснию хориждаги дин душманларининг даъватини ажрата олмайдиган шоввоз миршабларни қўл телефонидан “чиқиб қолган” ёзувларнинг мазмуни мутлақо қизиқтирмайди. Диний бўлса кифоя, текшир-текширлар энди идораларга кўчади. Бир латифада айтилганидай, “ўзининг бўри эмаслигини исбот қилгунича тулкининг териси дўконга чиқиб кетади”.

Бу борадаги ишларимизнинг ғирт парадокслигини яна шундан ҳам билса бўладики, ҳаммамиз ёшларнинг ёт оқимларга, дин бузувчи фирқаларга қўшилиб қолишига асосий сабаб сифатида уларнинг билимсизлиги, жоҳиллигини кўрсатамиз. Аммо уларнинг диний билим олишларини ҳамма томондан тўсиб ташлаганмиз, бундаги салгина имкониятни ҳам йўққа чиқарамиз. Уйида ёки бир устоздан Қуръон ўрганаётган йигитни дарров жавобгар қилишга  шошамизу, аммо юртда шунча қорининг қаердан пайдо бўлаётгани ҳақида озгина бош қотириб ҳам кўрмаймиз. Қуръон ва ҳадис ўрганишдан тўсадиган бўлсак, қалби имонга, ҳидоятга интилган ёшларнинг ўз-ўзидан интернетдаги бузуқ ғояларга ўзини уриши ҳақида ўйламаймиз. “Шунча маъҳад, мадраса бор, диний таълимни ўша ерда оласан” деб чекловлар қўямизу, жами мингтагина талаба ўқитадиган бу расмий ўқув юртлари миллионлаб йшларнинг талаб-эҳтиёжини мутлақо қондиролмаслигини билмаганга оламиз. Масжидлар бутун дунёда диний таълим бериш маскани ҳам ҳисобланади, улардаги дарс ҳалқаларида минглаб ёшларга дин асослари ўргатилади. Аммо биз масжидларга “диндорлар кўпайиб кетади” деган хавотирда ёшларни киритмасликка уринамиз. Бухорийлар, Ибн Синолар, Навоийлар, Нақшбандийларнинг ўзлари болаликданоқ Қуръонни тўла ёдлаганларини, ҳадисларни пухта ўрганганларини, араб, форс, турк тилларини мукаммал билганларини ҳатто эслаб қўйгимиз ҳам келмайди.

Ана шу даҳоларни етиштирган халқ ҳозир ҳам бундай буюк алломаларни, илм дарғаларини беришга қодир. Бунинг учун халққа бу ишда сал имконият берилса, йўлига тўғаноқ қўйилмаса, ҳамма томондан тергаб-чўқиланавермаса, халқимиз ўз фарзандлари таълимини йўлга қўя олишга ҳам, бунга куч ва маблағ ҳам, ўғил-қизларини ёт таъсирлардан муҳофаза қила олишга имконият ҳам топади. Фақат диний таълим ишларини шўролар даврининг даҳрийлик пойгасида от чоптирган, бугунги кунда ҳам бу жабҳада сўзини ўтказишга уринаётган шоввозларга эмас, мазкур соҳанинг асл фидойиларига, дин ва миллат ташвишларини нафс ва мансаб васвасаларидан устун қўядиган инсофли ва ихлосли илм кишиларига топширилса, кифоя.

Ушбу ёзувларимиздан бирор тоифа ўзига душманлик кайфиятини излаб,  овора бўлиб ўтирмасин. Бировнинг томорқасини тепкилаш ниятимиз ҳам йўқ. Бу қораламалар қарийб чорак асрдан буён диний мавзуда қалам тебратиб, халқни маърифатли қилишга ҳиссасини қўшишдан бошқа мақсади бўлмаган бир адибнинг шахсий мулоҳазаларидир. Қолаверса, булар давлат раҳбарининг шу соҳа вакилларидан маслаҳат сўраб қилган мурожаатига шахсий жавобимиз ҳамдир. Аллоҳнинг фарзини бажариб, яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтардик. Бу ҳақда фикр юритиш ва хулоса чиқариш эса, имони ва виждони бўлган ҳар бир инсоннинг инсофига ҳавола!

Аҳмад МУҲАММАД      

Манба: sof.uz 

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Dilshoda Жавоб бериш
    5 oy олдин

    Ofarin! Barchamizning qalbimizda yashab kelgan, lekin aytishga hammamizning ham jur’atimiz yetmagan gaplar yozilibdi. Muallifni uzoooq duo qildim! Ilohim, yurtimizda bu borada ijobiy islohotlar amalga oshirilsin. Ishonchim komilki, agar yuqorida aytilgan takliflarga ruxsat berilsa, jamiyatimizdagi barcha muammolar o’z-o’zidan barham topadi. Davlatimizni, odamlarimizni yuksaltirishning eng oson va to’g’ri yo’li shu! Boshqa har qanday yo’l to’la yaxshilikka olib borolmaydi.

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>