• Бугунги сана: Wednesday, January 25, 2017

Судда фуқаролик ишини қўзғатиш тартиби

sud_26

Фараз қилайлик, бошингизга бир иш тушди. Муаммо фақатгина суд тартибида ҳал қилиниши мумкин. Дейлик, ишингиз фуқаролик процессига оид. Бундай вазиятда фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судига мурожаат қилиш ва иш қўзғатиш йўл-йўриғини билишингиз керак бўлади.

Иш қандай қўзғатилади?

Судга мурожаат қилиш ва иш қўзғатиш учун даъвонгизни ариза шаклида тақдим этишингиз шарт. Фуқаролик процессуал кодекси(ФПК)нинг 148-моддасига мувофиқ судда фуқаролик ишлари ёзма шаклда, шу жумладан, ахборот тизими орқали электрон шаклда ариза бериш йўли билан қўзғатилади.

Судда иш қўзғаш учун асос ҳисобланадиган даъво аризасини ёзиш тартиби, унинг мазмун-моҳияти ҳақида журналимизнинг жорий йилдаги 5-сонида чоп этилган “Даъво аризаси қандай ёзилади?” номли мақолада батафсил тушунтириш берилган. Шу сабабли уларни яна бир бор такрорламасдан мавзуга оид янги маълумотларни тақдим этишни лозим топдик.

ФПКнинг 150-моддасида белгиланишича, даъво аризаси жавобгарларнинг сонига мутаносиб миқдордаги нусхалари билан бирга судга берилади (ахборот тизими орқали электрон шаклда юбориладиган ариза бундан мустасно). Судья ишнинг мураккаблиги ва хусусиятига қараб, даъвогарни аризага илова қилинган ҳужжатларнинг нусхаларини ҳам жавобгарларнинг сонига мутаносиб миқдорда тақдим этишга мажбур қилиши мумкин.

Аризалар судларда суднинг раиси, унинг ўринбосари ёки судья томонидан қабул қилинади. Фуқаролик иши қўзғатиш масаласини судья ҳал қилади ва бу ҳақда ажрим чиқаради.

ФПКнинг 1-моддасида белгиланишича, ҳар қандай манфаатдор шахс бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилиш учун қонунда белгиланган тартибда судга мурожаат қилишга ҳақли. Олий суд пленумининг 2003 йил 19 декабрдаги “Фуқаролик процессуал қонун ҳужжатлари айрим нормаларининг судлар томонидан қўлланилиши ҳақида”ги қарорига кўра судья фақат қонунда назарда тутилган асослар бўйича аризани қабул қилишни рад этишга ҳақли. Келтирилган талабларнинг исботланмагани, даъво муддати ўтказиб юборилгани ва бошқа, қонунда назарда тутилмаган асослар бўйича аризани қабул қилиш ва фуқаролик ишини қўзғатиш рад этилишига йўл қўйилмайди.

ФПКнинг 149-моддасига мувофиқ аризада нафақат даъвогарнинг талаби, балки даъвогар ўз талабларига асос қилиб кўрсатаётган ҳолатлар ва бу ҳолатларни тасдиқлайдиган далиллар ҳам кўрсатилиши лозим. Даъво аризаси ФПКнинг 149- ва 150-моддалари талабларига жавоб бермаса ёки давлат божи тўланмаган бўлса, судья ФПКнинг 154-моддасига асосан аризани ҳаракатсиз қолдириш тўғрисида ажрим чиқаради ва камчиликларни тузатиш учун муҳлат беради. Бериладиган муҳлат аризадаги камчиликлар хусусияти ва уларни бартараф этишнинг реал имкониятларини инобатга олган ҳолда белгиланади.

Фуқаролик ишини қўзғатиш, аризани ҳаракатсиз қолдириш ёки аризани қабул қилишни рад этиш масаласи судья томонидан ажрим чиқариш йўли билан ҳал этилади. Аризани қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим ариза судга келиб тушган кундан эътиборан ўн кун ичида чиқарилиши лозим.

Даъво аризасини қабул қилишни рад этиш ёки аризани кўрмасдан қолдириш, қўзғатилган фуқаролик иши юзасидан иш юритишни тўхтатиб туриш ёки тугатиш борасида ФПКнинг 152-, 97-, 93-, 100-моддаларида назарда тутилган асослар тугал ҳисобланади. Ушбу моддаларда белгиланган қоидалар фақатгина даъво аризаларига нисбатан эмас, балки алоҳида тартибда иш юритиш, давлат органлари ва бошқа органлар, шунингдек, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоят ва аризаларга нисбатан ҳам қўлланади.

Суд томонидан ариза ҳаракатсиз қолдирилиши ҳам мумкин. Бу ҳақдаги норма ФПКнинг 154-моддасида ўз аксини топган. Судья даъво аризаси ФПКда баён этилган талабларга риоя қилинмай берилганини ёки давлат божи тўланмаганини аниқласа, аризани ҳаракатсиз қолдириш тўғрисида ажрим чиқариб, бундан даъвогарни хабардор қилади ва камчиликларни тузатиш учун унга муҳлат беради. Ажрим имзо қўйдириб топширилади ёки почта орқали ёхуд ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилади.

Даъво аризаси бўлмаса-чи?

Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судида ўзининг ҳуқуқи ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилишни сўраб мурожаат қилган шахснинг аризаси бўлмаган тақдирда ҳам иш қўзғатилиши мумкин. ФПКнинг 5-моддасига кўра суд прокурорнинг аризаси, шунингдек, агар давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва айрим фуқаролар қонунга мувофиқ бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат этишга ҳақли бўлсалар, уларнинг аризалари бўйича ҳам фуқаролик ишини қўзғатади.

“Прокуратура тўғрисида”ги қонуннинг 26-моддасида белгиланишича, фуқаронинг суд тартибида ҳимоя қилинадиган ҳуқуқ ва эркинликлари бузилса, лекин фуқаро соғлиғига, ёши ёки бошқа сабабларга кўра судда ўз ҳуқуқ ва эркинликларини шахсан ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлмаса, даъвони прокурор тақдим этади ва судда қувватлайди.

ФПКнинг 48-моддасига мувофиқ давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва айрим фуқаролар қонунда назарда тутилган ҳолларда бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга ариза билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга. Масалан, “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасига кўра касаба уюшмалари меҳнаткашларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, даъво ариза билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир. Шу мақсадда касаба уюшмалари ҳуқуқий ёрдам хизматлари ва бошқа зарур идораларга эга бўлиши мумкин. Бундан ташқари, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 24-моддасига асосан ходимларнинг соғлиғига меҳнатда майиб бўлиш оқибатида ёки ўз вазифаларини бажаришлари билан боғлиқ ҳолда бошқача тарзда етказилган зарар қопланиши учун ҳамда уларнинг соғлиғи ва меҳнати муҳофаза қилинишига доир ҳуқуқлари камситилган бошқа ҳолларда касаба уюшмалари ўз ташаббуси билан ёки ходимларнинг аризаларига биноан уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, даъво аризалари билан судга мурожаат этишлари мумкин.

“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуннинг 25-моддасида қайд этилишича, уй-жой мулкдорлари ва уй-жойдан фойдаланувчилар коммунал хизматлар тўлови ва мажбурий бадалларни тўлашга доир талабларни қўпол равишда бузган ҳолларда туманларнинг, шаҳарларнинг (шаҳарлар таркибига кирувчи туманларнинг) ҳокимлари коммунал хизматлар ҳақи ва мажбурий бадалларни ундириш тўғрисида коммунал хизмат кўрсатувчилар ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг тақдимномасига мувофиқ даъволар билан судга мурожаат қилади.

Шу билан бирга, “Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддаси биринчи қисмининг 11-бандига биноан давлат солиқ хизмати органлари солиқ тўловчиларнинг ғайриқонуний даромадларини давлат ҳисобига ундириш ҳақида уларга нисбатан, “Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасига асосан нодавлат нотижорат ташкилот ўз аъзолари ва қатнашчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш мақсадида судда даъво қўзғатиш, “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига мувофиқ Савдо-саноат палатаси давлат божи тўламасдан судга палата аъзолари манфаатларини кўзлаб даъво тақдим этиш, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг қарорлари, мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят бериш ҳуқуқига эга.

Бундан ташқари, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги қонуннинг 12—14-моддаларига кўра туман, шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимлари ўз ваколатлари доирасида ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган болаларнинг ўз иш ҳақи, стипендияси ёки бошқа даромадларини мустақил равишда тасарруф этиш ҳуқуқини чеклаш ёки уни бу ҳуқуқдан маҳрум этиш тўғрисида судга зарур ҳолларда ариза билан мурожаат қилади (бола қонунда белгиланган тартибда тўла муомала лаёқатига эга бўлган ҳоллар бундан мустасно); туман, шаҳар тиббиёт бирлашмалари ўз ваколатлари доирасида васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан белгиланган тартибда ариза билан судга мурожаат қилади, мазкур масалалар юзасидан ишларни суд мажлисларида кўриб чиқишда иштирок этади; туман, шаҳар бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари ўз ваколатлари доирасида ҳомийликдаги шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан белгиланган тартибда ариза билан судга мурожаат қилади, мазкур масалалар юзасидан ишларни суд мажлисларида кўриб чиқишда иштирок этади.

Кези келганда шуни ҳам қайд этиб ўтиш керакки, ФПКнинг 48-моддасида давлат бошқаруви органлари ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш, фуқаролар ва давлатнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида иш юзасидан хулоса бериш учун суд томонидан процессда иштирок этишга жалб қилиниши ёки ўз ташаббуси билан процессга киришиши мумкинлиги мустаҳкамлаб қўйилган.

Маълумот учун

ФПКнинг 149-моддасига кўра бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида прокурор, давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ёки айрим фуқаролар томонидан бериладиган аризаларда, шу моддада санаб ўтилган маълумотлардан ташқари, ариза кимнинг манфаатини кўзлаб берилган бўлса, ўша шахснинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми) ва манзили кўрсатилиши лозим.

*       *       *

Аризада даъвогарнинг ёки унинг вакилининг, шунингдек, бошқа тарафнинг телефон ва факс рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин. Аризада электрон манзил кўрсатилгани аризачининг суд чақирув қоғозларини ва бошқа хабарномаларни, суд ҳал қилув қарорларининг ва ажримларининг нусхаларини ахборот тизими орқали электрон шаклда олишга розилигини билдиради.

*       *       *

ФПКнинг 155-моддасига мувофиқ даъвогар бир аризада ўзаро боғлиқ бўлган бир неча талабни бирлаштиришга ҳақли.

*       *       *

Судья шу судда айнан бир тарафлар иштирок этаётган бир турдаги бир неча иш юритилаётганини ёхуд бир шахснинг турли жавобгарларга ёки бир неча даъвогарнинг айнан битта жавобгарга нисбатан аризалари бўйича бир неча иш юритилаётганини аниқласа, агар бу ишларни бирлаштириш ишнинг ўз вақтида ва тўғри ҳал қилинишига ёрдам берса, уларни биргаликда кўриш учун битта ишга бирлаштиришга ҳақли.

*       *       *

Фуқаролик иши ФПКнинг 131-моддасида белгиланган муддатлардан кечиктирилмай судда кўришга тайёрланиши ва кўриб чиқилиши лозим, шу жумладан, муқаддам қабул қилинган ҳал қилув қарори бекор қилиниши муносабати билан иш янгидан кўришга юборилганида ҳам бу қоида амал қилади.

Агар аризачи томонидан битта аризада ёки суд томонидан битта иш юритувида бир қанча талаблар бирлаштирилган ҳамда судда кўришга тайёрлаш ва кўриш юзасидан баъзилари бўйича умумий, баъзилари бўйича эса қисқартирилган муддатлар белгиланган бўлса, фуқаролик иши судда кўришга тайёрлаб бўлинган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирилмай кўрилиши лозим.

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>