• Бугунги сана: Payshanba, Oktabr 19, 2017

Онамнинг юрагимдаги сурати

Ривоят қилишларича, бир юртнинг подшоҳи ўлими олдидан ўз тахтига ворис этиб фарзандларидан бирини эмас, балки кенжа хотинини қолдирган экан. Сабаби кенжа хотин нафақат ҳуснда, балки ақлу заковатда ҳам тенги йўқ экан. Алқисса, ўша аёл куни билан юрт сўраркану, кечалари эса ёлғиз ўғлига ўз қўли билан нон ёпиб бераркан. Чунки барибир она экан-да. Дарҳақиқат, дунёда фарзанд учун онадек азиз зот, она меҳри каби эзгу ва лазиз туйғу йўқ.

* * *

Ўрта мактабда ўқирдим. Мурғак қалбларимиз дунёни эндигина англаётган, ҳали болаликнинг беғубор соддаликлари, ўйинқароқликлари бизни тарк этиб улгурмаган. Онгу шууримизда Ватан, Она юрт каби муқаддас тушунчалар энди-энди шаклланаётган пайт.

Ўқитувчимиз доим ўзига оро бериб юрарди. Ҳатто дарс пайтида ҳам бежиримгина чарм сумкачасидан кичкина қутичани олиб юз-кўзларига турли упа-эликларни суртиб, дам-бадам ойначасига қараб оларди. Кунора янги либос кийиб келадиган, баъзан бизга топшириқни бериб қўйиб, синф хонасига кириб келган тарих муаллимаси билан палонча дўконга янги материал келганлиги, пистонча опанинг ўтган куни писмадончанинг «вечери»га кийиб борган кўйлаги ҳақида суҳбатлашиб ўтирадиган муаллимамизни эсласам ёдимга мана бу воқеа тушади.

Баҳорнинг илк кунлари эди. Ўқитувчимиз ўзига хос тавозе билан синфга кириб келди-да, эртага 8 март — халқаро хотин-қизлар байрами эканлиги, шунинг учун бугун «Менинг онам» мавзусида иншо ёзишимизни тайинлади. Ҳаммамиз ишга киришиб кетдик. Бироздан сўнг ўқитувчимиз биз ёзган иншоларни териб олди. Шунда улардан бирини қўлга олди-да, кўз югуртириб чиқди. Бир оз ўқигач, олдинги парталардан бирида ўтирган синфдошимизга қараб: «Шу гапларни сен ёздингми? Перашка сотувчи онангни жа мақтаб юборибсан-ку», — деди. Кейин секин: «Тузукроқ кийинишни ҳам билмайди-ю», — дея лабини буриштирди.

Шунда ғалати воқеа содир бўлди. Синфдошимиз кўзи жиққа ёшга тўлганча ўқитувчимизга шундай тикилиб қарадики, бу қарашларга ҳатто унинг бўёқлар чапланган кўзлари ҳам бардош беролмай ўзини олиб қочди. «Ўзинг… ўзинг ёмон малимсан». Бошқа гапиролмади. Ўқдай отилиб синфдан чиқиб кетди.

Синфдошимизнинг онасини яхши танирдим. Ростдан ҳам у ҳар куни туш пайтида мактабимиз ҳовлисига «перашка» сотгани келарди. У келиши билан атрофини бир тўда болалар қуршаб олиб «менга иккита», «менга тўртта» деганча қўлларини чўзишарди. Албатта, «перашка»ни пули борлар олишарди. Пули бўлмаган ўқувчилар уларга ҳавас қилганча, оғзининг суви оқиб термулиб турарди. Синфдошимнинг онаси эса пул чўзган қўлларга қарамай, улар атрофида турган «пулсизлар»га қараб, «Қани, келинглар сизларам. Ҳозир пулларинг бўлмаса, кейин берарсизлар» деганча қайноқ «перашка»лардан улашиб чиқарди. Аммо эртаси куни ўша болакайлардан пул сўрамасди. Қайтага «Қани, кел, катта бўлиб пул топар бўлсанг, берарсан» дея қўлига «перашка» тутарди.

Ўша воқеанинг эртаси куни синфдошим мактабга келмади. Аммо учинчи куни синф хонамизга аввал унинг онаси, кетидан тумшайганча истар-истамас синфдошимиз кириб келди. Рости, ҳозир роса жанжал бўлади деб ўйлагандик. Йўқ, ундай бўлмади. Синфдошимизнинг онаси ўқитувчимиз билан саломлашиб, худди айб иш қилиб қўйгандек, ялингансимон:

— Буни қаранг, эгачи. Уч кундан бери мактабга келмас эмиш. Ҳар куни папкасини қўлига олиб чиқиб кетарди. Бугун билибман. Шу болаларни отасиз катта қилаяпман. Шулар зориқмасин деб «перашка» қилиб сотаман. Буларнинг қилиб юрган ишини қаранг. Энди бирор айб иш қилиб қўйган бўлса керак-да… Кечириб қўяқолинг. Бошқа бундай қилмайди.

Кейин ўғлига қараб:

— Қани, устозингдан кечирим сўра-чи,— деди.

Синфдошимиз бир оз жим турди-да, жуда паст овозда бўғилиб «Кечирасиз» деди.

Ҳаммамизнинг кўзимиз ўқитувчимизда эди. Кўзлари бақрайганча бир аёлга, бир ўғлига қараб:

— Йўғ-э, ўғлингиз… ўзи яхши бола, — дея олди холос.

Бу воқеа менга жуда таъсир қилганди. Синфдошим онасини мақтагани учун кечирим сўраганди. Назаримда унинг онаси бўлиб ўтган воқеадан хабардор эди. Бироқ негадир у ҳақда бир оғиз ҳам гап очмади. Аммо у шунинг ўзи билан ҳам ўқитувчимизни жазолаб бўлганди. Онанинг юрагида тоғдек ғазаб ҳам бир зумда меҳрга айланиши мумкин эканлигига ана ўшанда илк бор гувоҳ бўлганман.

* * *

Назаримда, оналарни нималаргадир қиёс қилганда, барибир кўнгил тўлмайди. Улар аёллиги, оналиги учун қандай бўлса, шундай гўзал, ардоқли.
Танамизга зирапча кирса, киприклари билан суғуриб оладиган, ўз фарзандига тикан дардини ҳам раво кўрмайдиган зотларни қандай қилиб тоифага бўлиб оламиз.

Унинг оқ сути, алласи билан бирга миттигина жуссага меҳр-оқибат, садоқат, саховат, эзгулик каби улуғ неъматлар жойлашади. Аслида ватан ҳам онадан бошланмайдими? Оналарнинг қайноқ қучоқлари жаннат боғлари каби ифорли, Ватан сарҳадлари каби кенг, осмон қадар беғубор.

* * *

Мен оиламизда якка ўғилман. Мендан кейин тўртта қиз бор. Шу боисми, онам кўпроқ менинг кўнглимга қарайди. Ҳеч қачон қаттиқ уришмаган. Мен ҳам шу муҳитга, муносабатга кўникиб қолган эдим. Аммо бир куни…

Мактабда 5- ё 6-синфда ўқирдим. Синфдошим билан муштлашиб қолдик. Оқибатда унинг бурни қонади. Менинг эса кўйлагимнинг енги йиртилди, холос. Аммо мен бунга парво қилмасдим. Синфдошларимга мақтангансимон кўкрагимни кериб, папкамни олдим-да уйга жўнадим.
Уйимизга яқинлашсам, бояги мен бурнини қонатган синфдошим онаси билан бизникидан чиқиб келаяпти. «Ҳа, номард, дарров бошлаб келибди-да» дедим ичимда. Ўзимни панага олиб, улар кўздан узоқлашгач, секин уйга кириб келдим. Онам мени кўрди-да, бошдан оёқ разм солиб чиқиб, кўзимга тик қаради. Мен бу қарашга чидолмадим. Ерга қарадим. Ҳозир уришса керак деб ўйлагандим. Йўқ, онам ҳеч нарса демади. Чуқур бир хўрсинди-да, ошхона томонга кетди. «Ҳар қалай, урушмадилар-ку» дедим ўзимча ва хонамга кириб кетдим.

Эрта тонгда бирдан уйғониб кетдим. Қарасам, мактабга кетар пайтим бўлиб қолибди. Ҳайрон бўлдим. Ҳар куни «Мактабга кеч қоласан» дея уйғотадиган онам негадир мени уйғотмабди. Уст-бошимни кийиб, ювиндим-да, ошхонага ўтдим. Онам кичкина синглимни овқатлантириб ўтирарди. Секин салом бердим. Онам эса алик олмади. Пиёлага чой қўйиб олдимга суриб қўйди. Англадимки, онам мендан қаттиқ ранжиган. Чойимни ичдим-да, бир ҳолда мактабга жўнадим.

Мактабдан келганимдан кейин ҳам онам менга бир оғиз сўз айтмади.
«Кел, ўғлим. Очиққандирсан, овқатланиб ол» дейдиган онам, қўшниникига чиқиб кетди. Бу ҳол бир ҳафтагача такрорланди. Мен гўё бир нарсасини йўқотиб қўйган телбага ўхшардим. Футболга чақириб келган ўртоқларимни жеркиб ҳайдардим. Хонамдан чиқмасдим. Ҳеч кимни кўргим келмасди. Ҳатто баъзида ўпкам тўлиб, йиғлаб олардим. Очиғи мен онам билан бир уйда туриб, онамни соғиниб яшардим. Унинг мени эркалаб бағрига босишларини, мен билан суҳбатлашишини жудаям хоҳлардим. Бироқ онамдан садо чиқмасди. Якшанба куни эди. Ошхонага кирсам, хонтахтамизнинг бир оёғи қийшайиб қолибди. Хаёлимга келган фикрдан яйраб кетдим. «Ҳозир бунинг оёғини тўғрилаб қўяман. Онам кўриб мени кечиради».

Болға, мих олиб келдим. Хонтахтанинг оёғини тўғрилаб, болға билан мих қоқа бошладим. Шунда тўсатдан болға билан қўлимни уриб олдим. Кўзимдан ўт чақнаб кетди. «Ай» деганча қўлимни оғзимга тиқдим. Шунда елкам ортида қандайдир нигоҳнинг тикилиб турганини ҳис этиб ортимга қарадим. Онам юзи бир ҳолда қараб турарди. Иккимиз ҳам бир-биримизга тикилгунча қанча турдик билмайман. Қарасам, онамнинг кўзларидан ёш томаяпти. Ўзимни тутолмадим, унинг қучоғига отилдим. Иккаламиз ҳам худди юз йил кўришмагандек бир-биримизни қаттиқ қучоқлаганча тинмай йиғлар эдик.

Мен нега йиғлаётганимни билмасдим. Қўлимдаги оғриқданми ёки онам мени кечирганидан қувонганимданми? Билмадим, ҳали-ҳануз билмайман…

Жаҳонгир Шарофбоев

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>