• Бугунги сана: Dushanba, Sentabr 25, 2017

Мактуб

Кўзимнинг нурига.

Болажоним, она қалбидаги чексиз муҳаббатни Раббимнинг ўзи ояти карималарда аён этмиш. Оналик не эканини англаган онимдан мавжудлигинг қувончи билан бахтиёр бўлдим. Ҳаяжоним шу даражага етдики, фарзанд неъматига эга бўлмоқ севинчини кўтара оламанми, дея хаёл қилардим. Аслида, борлигинг хушхабари етган ва сени илк бор кўрган дамлар шукри адо бўлмайдиган фурсатлардир. Кейинроқ… қийинчиликлар туғилди – гўзал хаёлларимга бутунлай тескари. Қилган шикоятимга жавоблар бир хил: “Ҳали катта бўлсин, бу машаққатлар эсингдан чиқиб кетади!” Шундай бўлса-да, сенинг нигоҳларингдаги маъсумлик, беғуборлик, меҳр қаршисида қийинчиликларни, дунёда бор жамики ёмонликларни зумда унутаман. Иншааллоҳ, улғайиб соф кўнгилли инсон бўлгайсан.

Сенга Марям деб исм қўйдим. Биламан, исм жаннатга кириш учун восита бўлмайди. Фарзандга муносиб ном қўйиш билан она гарданидаги вазифалар битмайди. Бироқ… исмингни шунчаки қўймадим, сенга аталган борлиқ эзгу тилакларим бор унинг замирида. Исминг Яратганга дуоимдир. Тиладимки, Марям онамиз каби Аллоҳ буюрган йўлнинг йўлчиси бўласан. Худди бу исмнинг асл эгаси – эндигина дунёга келган чақалоқ ҳолида онаси Ҳақ йўлига атаган қутлуғ аёл сингари Аллоҳ таоло муҳофазасидаги покиза хилқат бўлмоғингни, кўзларинг, қулоқларинг ҳаромдан узоқ, тоза ҳолда улғайишингни истадим. Даврнинг бўғувчи ҳавоси зариф, нозик руҳингни заҳарлашидан қўрқаман. У ҳолда сени покиза фитрат билан менга омонат топширган Раббимга жавобим не бўлар?.. Умидим – исмингга муносиб умр кечиргайсан.

Қоракўзим, жажжигинам, уйимизнинг беғубор фариштаси… Сен сабаб уйимизга кўплаб фаришталар, малаклар киришини ҳис қилиб, қувонаман. Ҳатто имкони йўқлигини билсам ҳам баъзан катта бўлмаслигингни хоҳлаб қоламан. Худо хоҳласа, хонадонимизнинг ва ўзинг келажакда борадиган даргоҳнинг фариштаси бўлгайсан. Буни шундай истайманки… Сенинг қора кўзларингни кўрганлар “кўз тегмасин, бу гўзаллик улғайганда ҳам бирга бўлсин”, дея тилак қиладилар. Нақадар гўзал тилак… Яратган ато этган ҳусну чирой ҳам албатта неъматдир. Бироқ яхши англагинки, хулқ хунук бўлса, чиройли юзу кўздан ҳеч фойда йўқ, қизим! Ташқи чирой қалб гўзаллиги билан бирлашгандагина ҳақиқий ҳусндир, бундай чеҳрага кўз қараб тўймайди. Жанобимиз (с.а.в.) истаганларини истамоқ жоиз. Яъни, сурат ва сийрат гўзаллигини. Бу улуғ бир неъматга эга бўлмоқ деганидир. Умидворман, кўзгуга эмас, Қуръонга кўп боққанлардан бўлгайсан, гўзал қизим…

Ҳаёт остонасига эндигина кирган гўдаккинам, бу мактуб бир куни албатта қўлингга етиб боргай. Умидворман, ўша паллада мени – онангни, оналик не эканлигини англаб етгайсан. Мактубни ўқиб: “Меҳнатларингиз зое кетмади, онажоним”, дегайсан. Билгинки, у сўзларинг вазифамни уддалаганимга далолат, оналигимни шарафлантиргувчи сўзлардир.

Болажоним, сени Аллоҳга омонат топширдим. Кўнглидаги энг гўзал саломларини йўллаб, кўзларингдан ўпиб қолувчи:

 

Онанг

(“Ирфон” тақвими”дан олинди)

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>