• Бугунги сана: Wednesday, January 25, 2017

Даъво аризаси қандай ёзилади?

davo_arizasi_qanday_yoziladi

Судга иши тушган одам борки, энг аввало, даъво аризасини қандай ёзиш, унда нималарни ифодалаш, шунингдек, яна қандай ҳужжатларни тақдим этиш кераклиги ҳақида маълумотга эга бўлиши талаб этилади.

Фуқаролик процессининг тарафлари

Фуқаролик процессуал кодекси(ФПК)нинг 39-моддасига мувофиқ ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат этган ёинки манфаатини кўзлаб иш қўзғатилган шахс даъвогар, суд томонидан даъвогарнинг бузилган ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари юзасидан жавоб бериш учун жалб қилинган шахс жавобгар деб юритилади. Улар биргаликда фуқаролик процессининг тарафларидир.

Даъво қўзғатиш ёки шикоят қилиш билан фуқаро ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишни талаб қилади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, фуқаролик суд ишларини юритиш тарафларнинг тортишуви асосида амалга оширилади. Бундан ташқари, тарафлар процессуал ҳуқуқлардан тенг фойдаланишади ва тенг мажбуриятларга эга бўлишади.

Тарафлар суд мажлисига пухта тайёргарлик кўриб келишлари жоиз. Иш юзасидан улар зарур далилларни тўплаши ва ҳақиқат тарафларнинг суд мажлиси жараёнидаги тортишувида аниқланиши керак. Суд тақдим этилган материаллар ва тушунтиришлар билан чекланмасдан ишнинг ҳақиқий ҳолатини, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тўлиқ ва холисона ўрганиш учун бошқа қонуний чораларни ҳам кўриш ҳуқуқига эга.

Даъвогар ўз арзида баён қилинган талабларнинг асосини ёки предметини ўзгартиришга, даъво талабларининг миқдорини оширишга ёки камайтиришга, улардан бутунлай ёки қисман воз кечишга, жавобгар даъвогарнинг талабини тўлиқ ёки қисман тан олишга ҳақли. Тарафлар процесснинг исталган босқичида келишув битими тузиш орқали ишни якунлаш ҳуқуқига эга.

Агар даъвогарнинг даъводан воз кечиши, жавобгарнинг даъвони тан олиши ва тарафларнинг келишув битими қонунга хилоф бўлса, шунингдек, бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузса, суд даъводан воз кечишни, даъвони тан олишни қабул қилмайди ҳамда келишув битимини тасдиқламайди.

Даъвогар ёки жавобгарлар кўп бўлса…

ФПКнинг 41-моддасига кўра судга бир неча даъвогар (шерик даъвогарлар) томонидан биргаликда ёки бир неча жавобгарга (шерик жавобгарларга) нисбатан талаб қўйилган ариза берилиши мумкин. Даъвогарлар ва жавобгарлардан ҳар бири бошқа тарафга нисбатан процессда мустақил равишда иштирок этади. Учинчи шахслар ҳам процессда биргаликда иштирок этишлари мумкин.

Процессда биргаликда иштирок этишга даъво ишларида, давлат органлари ва бошқа органлар, шунингдек мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоят ҳамда аризалар бўйича ишларда ва алоҳида тартибда кўриладиган ишларда йўл қўйилади. Биргаликда иштирок этувчилар ишни олиб боришни шерик иштирокчилардан бирига топширишлари мумкин (масалан, бир гуруҳ шахслар хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига нисбатан даъво қўзғатган бўлса, даъвогарлардан бирига барча даъвогарлар номидан судда иш юритиш топширилиши мумкин).

Нималарни билиш керак?

ФПКнинг 1-моддасига кўра ҳар қандай манфаатдор шахс бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилиш учун қонунда белгиланган тартибда судга мурожаат қилиши мумкин. Судга мурожаат қилиш ва иш қўзғатиш учун даъвонгизни ариза шаклида тақдим этишингиз шарт. Бунинг учун эса даъво аризаси қандай ҳужжат экани, қай тартибда ёзилиши ҳақида тушунчага эга бўлишингиз лозим.

Шахснинг ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга берган аризаси даъво аризаси ҳисобланади.

Фараз қилайлик, судга мурожаат қилиш ҳақида қатъий қарорга келдингиз. Қонун бўйича бундай ҳуқуқдан маҳрум этилмагансиз. Ишингиз фуқаролик процессига оид ва уни судда вакилсиз, шахсан ўзингиз юритмоқчисиз. Бундай вазиятда қиладиган ишингиз даъво аризасини ёзиб судга топширишдан иборат. Бунинг учун эса доимий яшаш жойингиздаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) суди девонхонасидан қуйидагиларни билиб олишингиз зарур:

— судьянинг қабул куни ва соати;

— даъво аризаларининг намуналари;

— тўланадиган давлат божининг миқдори, тўлов ўтказиладиган ҳисобрақамлар, бу борада имтиёзга эга шахслар ва ҳ.

Даъво аризаси судга ёзма шаклда топширилади (ай­ни пайтда фуқаролик ишлари бўйича судларда электрон ҳужжат алмашинувини йўлга қўйиш, хусусан, судга ариза ва бошқа ҳужжатларни электрон шаклда ҳам тақдим этиш тартибини жорий қилиш чоралари кўрилмоқда).

Ариза қандай ёзилади?

Аризада қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

— ариза берилаётган суднинг номи;

— даъвогарнинг (ариза вакил томонидан берилаётган бўлса, вакилнинг) фамилияси, исми ва отасининг исми, яшаш жойи (агар даъвогар ташкилот бўлса, унинг номи ва юридик адреси);

— жавобгарнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, яшаш жойи;

— даъвогарнинг талаби;

— агар даъвони баҳолаш лозим бўлса, унинг баҳоси;

— даъвогар ўзининг талабларига асос қилиб кўрсатаётган ҳолатлар ва бу ҳолатларни тасдиқловчи далиллар;

— аризага илова қилинган ҳужжатларнинг рўйхати.

Ким тақдим этаётганидан келиб чиқиб, ариза даъвогар ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Агар ариза вакил томонидан берилган бўлса, аризага ишончнома ёки вакилнинг ваколатини тасдиқловчи бошқа ҳужжат илова қилиниши шарт.

Айрим ҳолларда даъво аризаси билан бирга даъвони таъминлаш тўғрисида ариза ҳам берилиши керак. Масалан, мол-мулкни бўлиш ёки пул маблағларини ундиришда даъвогарда жавобгарнинг низоли мол-мулкни тасарруф этиши борасида шубҳа бўлса ва даъвогарнинг манфаатига путур етказилиши аниқ бўлган ҳолларда шундай қилинади.

Кези келганда мавзунинг фуқаролар томонидан тез-тез сўраладиган айрим жиҳатларига тўхталиб ўтсам. Масалан, кўпчилик даъво аризасида ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганини баён қилишда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан иқтибос келтириш ёки уларга ҳавола қилишга зарурат бор-йўқлигини сўрайди. Аслида амалдаги тартиб-қоидалар бўйича бундай талаб йўқ. Бироқ шуни унутмаслик керакки, даъво аризаси ҳар жиҳатдан мукаммал, асосли ва саводли ёзилган бўлса, унда даъвогар бузилган ҳуқуқлар айнан қайси қонун нормаларининг бузилиши билан боғлиқлигини, шунингдек, у қайси қонун талаблари асосида судга мурожаат қилаётганини аниқ кўрсатса, суд процесси даъвогарнинг фойдасига ҳал бўлиши имконияти ҳам ошади. Шу боис даъво аризасини ёзаётганда малакали ҳуқуқшунос ва адвокатлардан маслаҳат олиш фойдадан холи бўлмайди.

Қандай ҳужжатлар илова қилинади?

Даъво аризасига унда баён этилган талабларни тасдиқловчи, даъвонгиз асослилигини исботловчи ҳужжатлар илова қилинади. Қўшимча ҳужжатларнинг сони ва тақдим этиш зарурати ҳар бир ишнинг хусусияти ҳамда даъво талабидан келиб чиқиб белгиланади. Масалан, болалар парвариши учун ота-онадан маблағ ундириш хусусидаги ишда — болаларнинг туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси, болалар даъвогарнинг парваришида экани ҳақида яшаш жойидан маълумотнома, жавобгарнинг ойлик иш ҳақи тўғрисида унинг иш жойидан маълумотнома ва ҳ.

Аризага зарур ҳужжатларнинг нусхалари илова қилинади. Дейлик, уй-жойни бўлиш тўғрисидаги даъво икки нафар жавобгарга нисбатан қўзғатилаётган бўлса, даъво аризангиздан яна 2 нусха қўшиб топширасиз. Ёки аризангизга кўра жавобгарларнинг сони 5 кишини ташкил этса, аризаларни ҳам 5 нусхада топширасиз. Суд бу нусхаларни жавобгарларга беради.

Баъзи ҳолларда судья ишнинг мураккаблиги ва хусусиятига қараб даъвогардан аризага илова қилинган ҳужжатларнинг нусхаларини ҳам жавобгарларнинг сонига мутаносиб миқдорда тақдим этишни талаб қилиши мумкин.

Ўрнатилган тартибга кўра даъво аризасига давлат божини тўлаганингиз ҳақидаги тўлов қоғози (квитанция)ни ҳам илова қилишингиз талаб этилади. Алимент ундириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бошқа айрим даъволар бўйича давлат божи олинмайди. Бундай ҳолларда, табиийки, тўлов қоғози илова қилинмайди.

Маълумот учун:

Даъво шахснинг ўз талабини суд орқали амалга ошириш ҳуқуқидир.

*       *       *

Даъвогар — ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат этган ё манфаатини кўзлаб иш қўзғатилган шахс.

Жавобгар — суд томонидан даъвогарнинг бузилган ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари юзасидан жавоб бериш учун жалб қилинган шахс.

Улар биргаликда фуқаролик процессининг тарафларидир.

Фуқаролик процессуал кодексининг 39-моддаси

*       *       *

Даъво аризаси судьянинг шахсий қабулида топширилиши, шунингдек, почта орқали юборилиши мумкин.

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Абдугаппор Жавоб бериш
    1 year олдин

    Ассаломуалейкум мени саволим бор, бир қариндошимга Вадаканал идораси тамонидан 1990-йилда бир рус кампирни яъни бу кампир шу идора ишчиси бўлиб пенсяга чиқиб қарилик касал булган шу сабаб Вадаканал ташкилоти шу кампирни боқсангиз шу кампир яшаётган 1хона квартира 12кв.м. уй-жой сизга бўлади деб оғзаки ваъада берган, бу квартира ўша вақтда вадканал балансида бўлган у даврда оғзаки гап билан хам одамлар ишончи бўлган,шу сабаб шу қариндошим у кампирга қўшни бўлган ва тиригини боқиб 1993йил ўлганда ўлигини кўмган шу орада бу оилада хам оила бошлиги инсул бўлиб ётиб қолган шу билан хужжат қилинмай қолган хозир хужжат қилишга жуда муаммо бўляпти 187-модда боракан шу моддага шу иш тушадими имкон булса шу масалада маслахат беринг.

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>