• Бугунги сана: Chorshanba, Avgust 16, 2017

“Гастарбайтер”лар

Яқинда 5-6 нафар “гастарбайтер”ни Жанубий Корея ва Россияга кузатишга тўғри келди. Ҳамқишлоқлар бизнинг уйни “Тошкентдаги қўниб ўтиш базаси” сифатида танлашган бўлса керак.

Болаликдаги дилтортар ошналар бўлсак-да, негадир суҳбат қовушмади. Дунёқарашларда тафовут бўлгани учунми, уларнинг суҳбати-ю, мақсадларига унчалик қойил қолмадим. Негаки ошналарнинг дарди битта — қандай қилиб бўлмасин, пул, пул ва яна пул топишдан иборат! Албатта, уларни қоралаш ёки танқид қилишга асло ҳаққим йўқ. Ҳар ким тирикчилик аравасини ўзи билганича тортади-да. Бунинг устига ҳозир ҳаётни пулсиз тасаввур қилиб бўлмайди-ку, барибир…

Ака-укалар Жанубий Кореяга ишга отланишган. Суҳбат устида йигитлар қишлоқдаги шароитдан гап-сўз қилишди. Жуда содда, кўзлари жовдираб турибди. Эрта баҳор бўлишига қарамасдан юзлари қорайиб кетган 20-30 ёшларнинг ўртасидаги йигитлар ўз ёшидан анча катта кўринади. Хуллас, ҳали навқирон ёшданоқ турмуш “из”и юзларида акс этиб турибди.

Шунга қарамасдан менимча, уларнинг сийратида инсоний моҳиятдан кўра нафсоний сифатлар устунлик қилади. Яъни бутун куч-қуввати, диққат-эътибори фақат биргина мақсадга — қорин ғамига қаратилгандай. Ваҳоланки, камтаргина бўлса-да, тирикчилиги ўтиб турибди, томорқаси, мол-ҳоллар ҳам бор. Бир муддат Россияда ишлаб келишибди.

Уларнинг айтишларича, Россияда ойига топадиган 250-300 минг сўм кам экан. Кореяда бундан кўра икки-уч баравар кўпроқ ишласа бўлармиш. Мана асл мақсад-муддао… ихтиёрий мардикорлик! Бу йўлда мол-ҳолини сотиш, катта-катта қарз кўтаришга ҳам тайёр (шундай қилишган ҳам).

Ҳозир улар жуда хурсанд: “Ҳужжатларни тўғирлашга уч минг “кўки”дан кетди, — дейди акаси қониқиш билан. — Ҳозир одамлар уч минг бериб, яна навбатда ҳам туришибди”. У ўз билими, маънавий савиясини ошириш ҳақида эса ҳатто ўйлашни ҳам истамайди. Дейлик, китоб ёки газета ўқиш улар учун жуда оғир иш ёки жини суймайдиган машғулот ҳисобланади.

Мен йигитларни ўзимча синаб кўрмоқчи бўлдим: газетада уларнинг қишлоғи ҳақида мақола чиққанлигини айтиб, қизиқтириш учун мақоланинг баъзи жойларини сўзлаб бердим. Жуда ҳайратланиб тинглашди (ёки ўзларини шундай тутишди). Сўнг газетани узатдим. “Ие, шу газетада чиққанми?” деб сўради кичиги. Лекин негадир ўзи ўқимай, акасисига узатди: “Манг, ўқиб кўринг-чи”. Акасининг гапи ундан ҳам ўтиб тушди. Газета ўқисам кўзим жимирлайди, ўзинг ўқийвер”. Бу гап кекса одамнинг эмас, қишлоқ тўйларида кураш тушиб юрадиган полвоннинг гапи. Узоқ Кореяга ишга отланиб турган забардаст йигитнинг гапи! (Йигитлар ҳозир махсус тиббий кўрикдан ўтишаяпти. Кореяда ишлаш учун салкам космонавтларникидек соғлиқ бўлиши керак эмиш).

Тўғри, тирикчиликнинг айби йўқ. Ҳар ким қўлидан келган ишни килади. Ҳамманинг яхши яшагиси келади. Бунинг учун чет элда ишлаб келиш имконияти бор экан, ба ҳам яхши. Европада ишлаб, малака орттирган минглаб турк ишчилари ўз юртларига янги технологиялар келтирганликларини ва бунинг мамлакат учун ижобий натижалар берганлигини ўқиганмиз. Биз эса деҳқон ёки ишчидан юқори савия ёхуд газетхонликни талаб қилишимиз балки ноўриндир. Улардан меҳнатни, ишни сўранг!

Шундайку-я, бу йигитлар қаерда ва кимнинг қўлида ишлашига бефарқ, меҳнатдан бошқасини билмай юришлари яхши аломатга ўхшамайди-ку. Улар фақат бўйсунишга, итоатга, ўзларига буюрилган ҳар қандай ишни бажариш ва “хожа”сининг қўлига умидвор тикилишга мойил йигитлар-да. Булан на тил, на муомала, на йўл-йўриқни билади. Шунинг учун ҳам бирорта олғир “ишга олиб бораман”, деса эргашиб кетаверади.

Мана шундай не-не забардаст, аммо кўзи итоат билан мўлтираган тўда-тўда йигитларни ҳаттоки шаддод ўзбек хотинлар Россияга олиб бориб, қул сифатида сотиб келаётган ҳолатлар бир-иккитагина бўлгандаям майли эди! Қишлоғи ҳақида республика газетасида чиққан мақола ҳам жиндай қизиқтирмаса, нимага қизиқади булар ўзи? Булар тезроқ Кореяга етиб олиб, бирорта корчалонга ёлланса, ҳар қандай ишни бажариб бўлса-да, уйига доллар жўнатса! Мана уларни қизиқтирадиган асосий масала.

Корейс қўшниларим бор. Ўзига тўқ, ошиғи олчи. Уларникига ҳар хил турдаги хорижий машиналар тез-тез келади. Буни қарангки, Кореяга отланган ака-ука билан суҳбатимиз давомида корейс қўшнилар пастда қандайдир байрамни нишонлашарди (балки шунчаки тўпланиб, дам олишаётгандир, бунинг аҳамияти йўқ). Кабобларнинг дуди очиқ деразалардан киряпти.

Кореяга ишга отланаётган “бахтли” ака-укага қараб, каминада шундай ўйлар кечди: булар “қишлоқдаги оғир шароит ва турмуш кечиришнинг мушкуллашгани”дан шикоят қилиб бегона юртга ишга жўнашяпти. Шу ака-укалар бизнинг корейс қўшниларга ўхшаб, у ёқларда кабобхўрлик қилади, деб ўйлайсизми? Қаёқда! Буларнинг тақдири у ёқдаги иш берувчининг ҳиммати, мурувватига боғлиқ. Улар эса бир “цент”ни ҳам осонликча бермаслиги тайин…

Корейс қўшниларим эса бир замонлар тақдир тақозоси билан бизнинг юртга келиб қолишган. Аммо нега бу корейслар “Ўзбекистонда яшаш қийинлашди”, деб ота юртлари Кореяга жўнамаяпти? Нега жўнаши керак, ахир бу ерда ҳам фаровон ҳаёт кечиришаяпти-ку! Демак, манави ака-уканинг “яшаш қийинлашганлиги” ҳақидаги дийдиёларига менинг корейс қўшниларим қўшилмайдилар! Жанубий Кореяда нима бор? Ахир ер юзининг жаннати — Ўзбекистон-ку? (бу — корейс қўшниларимнинг гапи). Улар юртимизда ҳақиқатдан ҳам худди жаннатдагидек яшаш мумкинлигини исботлаяптилар!

Тунов куни Россияда ишлагич биттаси келиб эди. “Тушимда ўғлим ўлиб қолганмиш, — дейди. — Кўнглим хижил бўлиб келсам, ўғлимни Тошкентдаги суяк сили шифохонасига ётқизишган экан. Уйдагилар мени тинчлантиришди. Аҳволи яхши, дейишди. Бориб кўришга вақт бўлмади. Энди “срочний” қайтишим керак. Ўрнимни эгаллаб қўйишлари мумкин. Ишим зўр. Ўтган ойда “кўки”дан минг ишладим. Ҳаммаси шу болаларим учун-да”.

Бунга нима дейиш мумкин? Ичимда “нафсингга ўт тушсин”, дедим. Бундайлар ҳаётни фақат еб-ичишда ва болани худди жонивордек боқишда, деб билади! Мана шу кас фарзандини тарбиялаш, ўқитиш, бирорта ҳунар ўргатиш…ни ўйлайдими? Унинг фикрича, энг асосийси — пул топиш, ҳамма ишни пул билан бажариш мумкин!

Тўғри, бояқиш дўстим оиласи ва фарзандларини деб олис, қаҳратон жойларда юрибди. Бир келганида топган пулига уйи томини шиферлатди, томорқасини девор билан ўради. Иккинчи келишида ўғилларининг қўлини ҳалоллади. Тўйида ароқ дарё бўлиб оқди-да, ўзиям! “Болаларимнинг тўйида “вес” қишлоқни ароққа тўйдираман, деб ният қилгандим, — дейди у қониқиш билан. — Гапимнинг устидан чиқдим. Қовчинлик Эштемирдан қаерим кам менинг!”

Мана, унинг ўта жайдари ва… бемаъни фалсафаси. Боласини ўқитиш ўз йўлига, лекин у Эштемирдан афзаллигини исботлаши муҳим! Тўйдан сўнг йўл пулига ошна-оғайниларидан қарз кўтариб, яна Россияга жўнади. Вақти келиб, фарзанди ҳам улғайса, ота изидан боради: Россияга ёки Кореяга жўнайди! Афсуски, мана шундайлар сафи кам эмас. “Ака, Россиянинг исталган шаҳрига билет бор”, дейди Шимолий вокзал рўпарасида кечаю-кундуз турувчи билетфурурш. — Кассадан оламан деб овора бўлманг, топилмайди. Бизда эса “гарантия”. Тирикчилигимиз шундан, ака, алдаш йўқ”.

Россияда ишловчиларнинг топган пуллари ва сотиб олган буюмларини маълум ҳақ эвазига чегара-ю божхоналардан олиб ўтиб, уй-уйига тарқатувчи “махсус хизмат” — ҳожатбарорлар пайдо бўлибди. Уларнинг умри асосан йўлда ўтаркан. Қишлоқда шов-шув гап: бурун колхозда кассирлик қилган Абдуғафур бир неча йилдан бери Москвада бинойидек фаррошлик қиляпти эмиш. Яқинда ўғли ва жиянини ҳам чақириб олибди. Ўша ёқдаги ахлатхоналардан йиғиб олган пойабзаллардан нақ саккиз сумкасини жўнатибди. Хотини арзон нархда сотган экан, қишлоқда талаш бўп кетибди. “Жуда пишиқ ботинка экан, — дейди Эсон тоға харидидан мамнун бўлиб. —Бир пойининг патаги йўқлигини айтмаса, яп-янги буюм”.

Албатта, тараққиёт бизни-да четлаб ўтаётгани йўқ. Масалан, Россия ва Кореяда ишловчилар топган пулларини “Вестерн юнион” орқали юборишни ўрганишяпти. Ҳатто оддий телефон сими тортилмаган чекка Қовчинда радиотелефон пайдо бўлди. Ҳозирча Бекмирзанинг оиласидаги бу мўъжизадан бутун қишлоқ аҳли баҳраманд бўляпти. Тунов куни пул юборган экан, банкдагилар “ҳали келиб тушмади”, дейишибди. Келин паспорти ичига беш минг сўм солиб, узатса, “ия, мана энди келибди”, деб тўғрилаб берган эмиш. “Ана, кўрдингизми, чет элларда ишлаганимиз тузук-да”, дея ўзини оқлашга уринди дўстим.

Ўйлаб кўринг, шуям гапми ахир?! “Четда ишлаганимиз тузук”, деб кетаверилса, бу ердаги иллатлар ўз-ўзидан бартараф бўлиб қолмайди-ку! Ундан кўра, қонуларни ўргансанг, ўз ҳуқуқларингни билсанг, бошқалардан ҳам талаб қилсанг, шуниси маъқул эмасми? Тадбиркорлик ва фермерлик учун кенг йўллар очиляпти-ку. Ўз Ватанингга нисбатан шунчалик лоқайд бўласанми, биродар?

Россияга ишга кетувчиларнинг “бизда тирикчилик қийин бўлиб кетди”, деган гапига сира қўшилиб бўлмайди. Масалан, Чеченистонда неча йиллардан бери ўқтин-ўқтин нотинчлик бўлиб турибди. Аммо чечен йигитларининг тўда-тўда бўлиб Россия ёки бошқа ўлкага кетганини ҳеч ким эшитмаган. Бизда эса ихтиёрий мардикорлик қилинаётгани ташвишланарли ҳолдир. Ихтиёрий мардикорликдан қайтишга пул тополмасдан, вокзалларда забун ҳолда юрган йигитларимиз, албатта, юртга обрў келтирмайди.

Қай бир йили Чорсудаги мардикор бозори ёнидан ўтаётиб эшитган гапларим сира эсдан чиқмайди. Ўрта ёшлардаги мардикор ўзидан ёшроқ йигитларга баланд овозда насиҳат қиларди:

— Ҳой, билиб қўйларинг, бундай юриб ҳеч қачон биринг икки бўлмайди! Топганингда барака бўлмайди! Кунига ўн мингдан топсанг ҳам. Одам бўламан десанг, бирорта ҳунар ўрган, ука!

Тунов куни Кореяга ишга кетган ҳалиги йигитлардан бири телефон қилди: ишлари “беш” эмиш! Бошлиғи ундан жуда хурсанд эмиш. “Ўзингдек меҳнаткаш ўртоқларинг яна бўлса чақир, уларни ҳам ишга оламан”, деганмиш…

Бахтиёр Ҳайдаров,

журналист

_____________________________

Ҳуррият” газетаси, 15 (477)-сон,

2006 йил 19 апрел

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>