• Бугунги сана: Chorshanba, Avgust 16, 2017

Везувий вулқони ва Помпейнинг ҳалокати

Неапол университети олимлари таклифига кўра назарий физика мавзуларида маъруза қилиш учун Италияга борган эдим. Мезбонлар мени машҳур Везувий (италянча “Везувио”) вулқони ёнгинасидаги қасрга жойлаштиришди.

Бу кўҳна вулқоннинг илгари бир неча бор “жонланиб”, атрофига даҳшатли олов ва кул сели ёғдиргани ҳақида китобларда ўқиган эдим. Атоқли мўйқалам устаси Карл Бирюлловнинг “Помпейнинг охирги куни” номли суратини кўриб, гапнинг рости, фожиага дучор бўлган шаҳар аҳолисига ачинганман ҳам.

Денгиз сатҳидан 1277 метр баландликдаги, олов қайнаб чиққан ҳовузи (кратери)нинг диаметри 750 метр бўлган вулқон бир вақтлар қадимий Римдаги гуллаб-яшнаган Помпей ва Геркулан шаҳарларини вайронага айлантириб, ер билан яксон қилган. Минглаб одамлар ва бошқа жонзотларни тириклайин қайноқ олов селига кўмган.

Вулқон нима сабабдан яқинида жойлашган Неапол шаҳрини эмас, балки анча узоқдаги Помпей ва Геркулан шаҳарларини вайронага айлантирган? Бу саволга жавобни Неапол шаҳридаги дунёга машҳур музей билан танишганда ва қазишмалар чоғида топилган Помпей харобаларини кўрганда топиш мумкин. Фалокат ҳақидаги маълумотларни Қуръони карим оятлари билан муқояса қилиб кўрилганида эса ҳамма нарса ойдинлашади.

Қуръони каримда бундай марҳамат қилинган: “Биз маишати ҳаддан ошган қанча қишлоқ-шаҳарларни ҳалок қилдик. Бас, ўшаларнинг масканлари улардан кейин камдан-кам маскан қилинди. (Уларнинг барчалари ҳалок бўлдилар) ва (уларнинг диёрларига) Биз Ўзимиз ворис бўлиб қолдик… Биз қишлоқ-шаҳарларни фақат уларнинг аҳолиси золим бўлган ҳолдагина ҳалок қилгувчи бўлдик” (“Қасос» сураси, 58-59-оятлар).

Аллоҳ таоло айтади: “Одамларнинг қилмишлари сабабли қуруқликда ҳам, денгизда ҳам (турли) офат-балолар юз берди. (Бу бало ва офатлар одамлар қилаётган гуноҳ-маъсиятларидан) қайтишлари учун, уларга қилган айрим гуноҳларининг (жазосини) торттириб қўйиш учундир” (“Рум”, 41-оят); “(Эй инсонлар) сизларга не бир мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз билан қилган нарса-гуноҳ сабабли (етур)” (“Шўро”, 30-оят).

Помпей Италия жанубида, денгиз соҳилида жойлашган қадимий ва обод шаҳарлардан эди. У милодий биринчи асрда Рим аслзодаларининг энг севимли дам олиш ўлкаси бўлган. Шаҳарда маишатбозликлар, бузуқчиликлар авж олган, туну кун давом этар эди. Ҳатто қазишмалар чоғида топилган буюмлар, пештоқлардаги тасвирлар, сарой деворларига ишланган расмлар ҳам шаҳарда фоҳишабозлик, бесоқолбозлик, ичкиликбозлик каби бузуқликлар одатий ҳол бўлиб қолганини, шаҳар аҳолиси ҳаддан ошиб, инсоний ахлоқ чегараларидан бутунлай чиқиб кетганини, шаҳвоний бузуқликка кўникиб кетганини яққол исботлаб турибди.

Шаҳар харобаларидан топилган ва олов сели ичра қотиб қолган одамлар жасадини кўриб, бунга тўла ишонч ҳосил қиласиз. Бундан салкам икки минг йил аввал кул қатламлари остида қолиб, тош қотган юзлаб кишиларнинг жасадлари, шаҳар харобалари 1860 йилдаги археологик қазишмалар натижасида очилди.

Фаҳш ва бузуқликка тўлиб-тошган Помпейни ҳалокат кўп куттирмади. Милодий биринчи асрнинг 79 йили августида шаҳар устига Везувий вулқонининг даҳшатли олов сели қўққисдан ёпирилиб келди. Шаҳардаги ҳалол, диёнатли кишилар вулқон отила бошлаганини кўрибоқ, кемаларга ўтиришди ва қутулиб қолишди. Аммо ахлоқсиз, бузуқ кимсалар эса, буни кўриб туришса ҳам, “бизларга таъсир этмайди” деб ишратларини давом эттиришди ва шундай ҳолларида даҳшатли ўлим топишди.

Бало шунчалик тез ва туйқус келган эдики, жасадлар юз-кўзида қўрқув, даҳшат аломатлари мутлақо сезилмас, фақат хотиржамлик, мамнунликкина ҳукмрон эди. Шуниси қизиқарлики, Везувий вулқони Неапол шаҳри яқинида бўлишига қарамай, бу шаҳарга мутлақо зиён етказмаган. Чунки Неапол аҳолиси помпейликлар каби бузуқ ишларга мубтало бўлмаган эди.

Помпей шаҳрининг даҳшатли ҳалокати, ер юзидан йўқ қилиб юборилиши мисолида инсонлар учун катта ибрат, тафаккур эгалари учун сабоқ бор. Ҳаддидан ошган, белгилаб қўйилган ҳад-чегараларни писанд қилмай, ахлоқсизлик ва бузуқликка юз бурган қавмлар устига Аллоҳ таоло вақти-вақти билан турли бало-офатларни юбориб, огоҳлантириб туради.

Рустам Ибодов,

физика-математика фанлари доктори, профессор

(Ҳидоят” журналининг 2008 йил, 7-сонидан олинди)

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>